Суд — ҳукм чиқаради, адвокат — ҳимоя қилади
- 02.05.2026 15:20
- 27
- Самарқанд
Самарқанд шаҳрида вилоятда фаолият юритаётган судьялар ва адвокатлар иштирокида очиқ мулоқот ташкил этилди.
Учрашув суд-ҳуқуқ тизимидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, амалиётда юзага келаётган муаммоларни биргаликда ҳал этиш ва фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
Тадбирда вилоят суди раиси Дилшод Ражабов, Адвокатлар палатаси вилоят ҳудудий бўлими раҳбари Тоҳир Қодиров, судлов ҳайъати раислари, судьялар, шунингдек, вилоятда фаолият юритаётган кўплаб адвокатлар иштирок этди.
Учрашув аввалида Дилшод Ражабов бундай очиқ мулоқотлар суд ва адвокатура ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда одил судлов самарадорлигини оширишда муҳим ўрин тутишини таъкидлади. Шунингдек, Тоҳир Қодиров ҳамда вилоят маъмурий суди раиси Тоҳир Файзиев иштирокчиларни мулоқотда фаол иштирок этишга, мавжуд муаммоларни очиқ баён қилишга ва уларни бартараф этиш бўйича амалий таклифлар киритишга чақирди.
Мулоқот интерфаол шаклда, очиқ ва самимий муҳитда ўтди. Адвокатлар навбати билан сўзга чиқиб, ўзларини қийнаётган масалалар, суд амалиётида учраётган айрим муаммолар, процессуал масалалардаги тушунмовчиликлар ҳақида фикр билдирдилар. Айниқса, фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жараёнида учраётган тўсиқлар, суд қарорларининг ижросини таъминлаш, процессуал муддатлар ва суд-адвокат ҳамкорлигига оид долзарб масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Учрашув давомида билдирилган ҳар бир фикр ва таклиф эътибор билан тингланиб, уларга аниқ ва асосли муносабат билдирилди. Судлов ҳайъати раислари ўз йўналишлари бўйича тушунтиришлар бериб, амалиётдаги айрим масалаларга ҳуқуқий изоҳлар тақдим этди. Кўплаб муаммолар юзасидан жойида ечимлар ишлаб чиқилди, айрим масалалар эса қўшимча ўрганиш ва таҳлил қилиш учун назоратга олинди.
Сўнгги янгиликлар
Суд — ҳукм чиқаради, адвокат — ҳимоя қилади
- 2 соат аввал
- Самарқанд
Қўй таниган чўпонлар
- Кеча, 21:03
- Мутолаа