Республика ялпи ички маҳсулотида Самарқанднинг улуши қанча?
Ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) мамлакатнинг иқтисодий ҳудудида резидент-бирликлар томонидан ишлаб чиқариш фаолиятининг якуний натижасини ифодаловчи ва ушбу бирликлар томонидан якуний фойдаланиш учун ишлаб чиқарилган барча товарлар ва хизматлар қийматини ифодалайди.
Ялпи ҳудудий маҳсулот (ЯҲМ) эса ҳудуднинг ривожланишини умумлаштирувчи кўрсаткич.
ЯҲМ иқтисодий моҳиятига кўра ЯИМга тенг кўрсаткич ҳисобланади. Яъни, у ушбу ҳудуднинг резидентлари бўлган иқтисодий бирликлар томонидан якуний фойдаланиш учун ишлаб чиқарилган товарлар ва хизматлар қийматини ифодаловчи миллий ҳисоблар тизимининг асосий кўрсаткичларидан ҳисобланади.
Самарқанд шаҳридаги "Ипак йўли" туризм ва маданий мерос халқаро университетида “Самарқанд вилоятининг ялпи ҳудудий маҳсулоти, рақамлар ортидаги ўсиш нуқталари ва бошқарув хулосалари” мавзусида ўтказилган семинарда шу каби ҳолатларга ойдинлик киритилди.
Туман ва шаҳарлар ҳокимлари, уларнинг молия-иқтисодиёт масалалари бўйича биринчи ўринбосарлари, вилоятдаги соҳада дахлдор бошқарма, ташкилотларнинг раҳбарлари иштирок этган семинарни вилоят ҳокими А.Бобоев очиб берди ва бу каби маълумотлардан тўғри фойдаланиш иқтисодий ўсиш нуқталарини аниқ белгилашда ёрдам беришини таъкидлади. Шундан сўнг Миллий статистика қўмитаси кадрлар малакасини ошириш ва статистик тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи Шерзод Абраев статистик ҳисоботларни юритиш, иқтисодий ўсишни аниқлашда эътибор қаратиш керак бўлган жиҳатларга тўхталди.
- Мисол учун, жорий йилнинг биринчи чорагида Самарқанд вилоятида ялпи қўшилган қиймат 27 триллион сўмга, маҳсулотларга соф солиқлар 521,5 миллиард сўмга, ЯҲМ жами 27,5 миллиард сўмга етиб, реал ўсиш 9,6 фоизни ташкил этган, - дейди Ш.Абраев. – Статистик маълумотларга қарайдиган бўлсак, 2021 йилда республикамиз ялпи ички маҳсулоти 861,1 миллиард сўмни ташкил этган бўлса, 2025 йилда 1 триллион 849,6 миллиард сўмга етган. Шу даврда вилоятимизнинг ялпи ҳудудий маҳсулоти қарийб 61,6 миллиард сўмни ва республикадаги улуши 7,15 фоизни ташкил этган бўлса, ўтган йилда бу кўрсаткич 121,4 миллиард сўмни ва республикадаги улуши 6,57 фоизни ташкил этди. Яъни, вилоятнинг ялпи ҳудудий маҳсулоти ҳажми 59,8 миллиард сўмга ошган бўлса-да, умумий улуш 0,58 пунктга пасайган.
Тадбир иштирокчилари корхона бошқа ҳудудда фаолият юритади, лекин бошқа жойдан рўйхатдан ўтганлиги туфайли ҳисоботлар ҳудуднинг ўзида қайд этилмаётгани, шу сабабли тайёрланган маҳсулотни ялпи ҳудудий маҳсулот ҳисоботига киритиш имконияти йўқлиги, бошқа жойда рўйхатдан ўтган корхонада ишловчиларни бандлик давражасини тўлиқ юритиш қийинчилик туғдираётганлиги тўғрисида мурожаатлар қилишди.
Бу масалалар алоҳида ўрганиш ва ҳуқуқий ечим топиш учун тегишли идораларга етказиладиган бўлди.
Ўктам Худойбердиев.