Қоғозда «саноат», аслида «чорвачилик»: ортиқча ҳисобланган 630 миллион сўм солиқ бекор қилинди
Самарқандда фаолият юритувчи “А.С.” МЧЖ ҳудудидаги ортиқча ҳисобланган ер солиғини бекор қилишда амалий ёрдам сўраб Бизнес-омбудсманга мурожаат қилди.
Аниқланишича, жамият томонидан фойдаланиб келинаётган 10 гектар ер майдони қишлоқ хўжалиги тоифасига мансуб бўлса-да, ер солиғи 2025 йил учун 125 миллион сўм, 2026 йил учун эса 575 миллион сўм миқдорида, яъни саноат ерлари тоифасидан келиб чиқиб ҳисоблаб келинган.
Вакил девони ходимларининг аралашуви натижасида жамиятга тегишли ер участкасидан фойдаланиш тури «ишлаб чиқариш»дан «чорвачилик»ка ўзгартирилиб, “UZKAD” ахборот тизимига тегишли тузатишлар киритилди.
Натижада солиқ органларига аниқлаштирилган маълумотлар тақдим этилиши таъминланиб, тадбиркорга ортиқча ҳисобланган 630 миллион сўмлик ер солиғи бекор қилинди ва унинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.