Кадастр хизмати: Самарқанд биринчи бор тўлиқ 3D форматда моделлаштирилади

“Ҳудудларни барқарор ривожлантириш учун фазовий маълумотлар инфратузилмаси” лойиҳаси доирасида амалий ишлар бошланди.

Жаҳон банкининг Моҳамед Нада раҳбарлигидаги экспертлар делегацияси лойиҳа бўйича илк миссиясига киришди. Ушбу ташаббус Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони асосида Кадастр агентлиги ва Жаҳон банки ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.

Лойиҳанинг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

- геофазовий объектлар ҳақидаги маълумотларни рақамлаштириш ва стандартлаштириш;

- ягона рақамли картографик маълумотлар базасини яратиш;

- геоахборот ва веб-технологияларга асосланган мониторинг тизимини жорий этиш.

Дастур доирасида қуйидаги амалий натижаларга эришиш режалаштирилган:

- Самарқанд шаҳрининг 3D модели яратиш;

- инфратузилма, демография, таълим ва соғлиқни сақлашга доир фазовий маълумотларни шакллантириш;

- сунъий интеллект ёрдамида фазовий таҳлиллар ўтказиш.

Дарвоқе, шу йил 11 ноябрь куни Кадастр агентлигида Жаҳон банки экспертлари ва агентлик раҳбарияти иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Музокараларда 2025 йил 20 ноябрь куни ўтказилиши режалаштирилган йирик Форумни ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.