Ватанимиз байроғи ҳақида нималарни биласиз? Унинг жаҳонда тутган ўрни ҳақида-чи?
*18 ноябрь - Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун
Байроқ эски туркийга атама бўлиб, бундан минг йиллар аввал ҳам айнан шу маънода қўлланган. Маълумотларга кўра, бу ном қадимги туркчада базирақ, бадироқ, батироқ тарзида ҳам қўлланилган.
Яъни, байроқ бирор эл-улус, қавмнинг эркинлик белгиси бўлиб, у баланд жойларга, ҳукмдорлар чодирига ўрнатиб, санчиб (ботириб) қўйилган. Уни туғ, ялов, санчоқ (санжоқ) номлари билан ҳам атаганлар.
Тарихимизда ҳукм сурган турли сулолалар, давлатлар ҳам ўз байроқларига эга бўлган. Масалан, қадимги Кўктурк ҳоқонлиги, Амир Темур давлати байроғи мовий, қадимги аждодларимиз бўлган хунларнинг байроғи оқ, Ғазнавийлар давлати, Қўқон хонлиги байроқлари яшил, Туркистон мухторияти байроғи кўк ва қизил рангларда эди. Бинобарин, байроғимизни қабул қилишда, унда муайян рангларни белгилашда тарихий анъаналаримизга урғу берилган.
Давлатимиз байроғи - халқаро майдонда
1991 йил 18 ноябрда «Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тўғрисида»ги қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг навбатдан ташқари ўтказилган VII сессиясида қабул қилинган ва шу кундан эътиборан Ўзбекистон ҳудудида Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи мустақиллик, ҳурлик, барқарорлик тимсоли сифатида баланд кўтарилган.
Ўзбекистон Республикаси 1992 йил 2 март куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо бўлди. Айни шу санадан бошлаб Ўзбекистон байроғи БМТнинг Нью-Йоркдаги қароргоҳи олдида, нуфузли халқаро ташкилотлар, хориждаги дипломатик ваколатхоналар ва давлатларнинг байроқлари қаторида баланд кўтарилган ва доим ҳилпирамоқда.

Байроғимиз тасвири туширилган миллий ҳаво кемаси илк бор мамлакатдан ташқарида қаерга учган?
1992 йилда Биринчи Президент Ислом Каримов фармони билан «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси ташкил этилди. Илк парвозлар мамлакат ичида амалга оширилган бўлса, кейинроқ «Тошкент-Лондон» йўналиши бўйича биринчи рейс йўлга қўйилди. Ушбу парвозларни амалга оширган миллий ҳаво кемаларимизда Ўзбекистон байроғи тасвири туширилган.
Ватинимиз байроғи дунёнинг энг баланд чўққи ва минораларида
Дунёнинг 372-космонавти, Россиянинг саксон саккизинчи ва биринчи ўзбек космонавти Солижон Шарипов 1998 йилнинг 23 январидан 31 январигача космосга илк парвози давомида Ўзбекистон Давлат байроғини Шимолий қутбга ўрнатади. У Ўзбекистон Республикасининг «Буюк хизматлари учун» ордени билан тақдирланган.
2019 йилда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Араб Амирликларига ташрифи, шунингдек, 2020 йил 1 сентябрда Ўзбекистон Мустақиллиги куни муносабати билан дунёдаги энг баланд бино — Бурж Халифа Ўзбекистон байроғи ранглари билан ёритилди.
Ўзбекистонлик альпинист Сергей Денисенко 2021 йил 1 июнь куни Эверест (Жомалунгма) чўққисига (8848 метр баландликка) чиққанда, Ўзбекистон байроғи ва Президент Шавкат Мирзиёев суратини кўтарди. Бу Непал томонидан ўзбекистонлик альпинистнинг биринчи марта Эверест чўққисига чиқиши эди. Кейинроқ Президент Шавкат Мирзиёев Эверестни забт этган альпинистни “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони ва автомобиль билан мукофотлаган.

1 сентябрь – Ўзбекистон Мустақиллиги куни Ҳиндистоннинг машҳур меъморий ёдгорликларидан бири, яъни тарихда илк бор ғиштдан қурилган дунёдаги энг баланд минора Деҳлидаги Қутб Минор мамлакатимиз байроғи ранглари билан ёритилди. Бу ҳинд халқининг ўзбек халқига бўлган ҳурмат ва дўстлиги рамзи, шунингдек, Ўзбекистон мустақиллигининг 34 йиллигиг ўзига хос байрам туҳфаси бўлди.
ЮНEСКО — БМТнинг таълим, маданият ва фан масалалари билан шуғулланувчи ташкилоти. Ўзбекистон ЮНEСКОга 1993 йил 26 октябрда мустақил давлат сифатида аъзо бўлган ва бу ташкилотнинг ҳар бир соҳадаги ишларида фаол иштирок этиб келмоқда. Шу санадан бошлаб ташкилотнинг Парижда, Фонтенуа майдонида жойлашган штаб-квартираси олдида Ўзбекистон байроғи сарбаланд турибди. Яқинда Самарқандда ўтказилган ЮНЕСКО Бош конферециясининг 43-сессияси доирасида ўтказилган тадбирларда 200 га яқин давлат вакиллари қаршисида давлатимиз байроғи яна баланд кўтарилди.

Қашқадарёда Ўзбекистондаги энг баланд чўққи — «Ҳазрати Султон»га юртимиз байроғи ўрнатилган. «Ҳазрати Султон» чўққисининг баландлиги 4643 метрни ташкил этади.
2021 йилнинг 13 январь куни Фарғона шаҳрида Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 30 йиллиги муносабати билан байрам тадбири ўтказилган. Унда рекорд даражадаги - 1 минг 100 квадрат метр бўлган байроқ ҳарбий аскарлар кўмагида кенг ёйилган.
34 йилдирки, давлатимиз байроғи турли байрам тантаналарида, халқаро миқёсдаги сиёсий, маданий-маърифий тадбирлар ҳамда нуфузли спорт мусобақаларида Ватанимизнинг куч-қудрати, шаъни ва мустақиллигининг ифодаси сифатида ҳилпирамоқда. Дунё мамлакатларидаги элчихоналаримиз биноларида, халқаро ташкилотлар қароргоҳларида ҳам байроғимиз давлатимизнинг рамзи сифатида сарбаланд турибди.

Чет элларда ҳилпираб турган байроғимизга кўзимиз тушганда, юрагимизда чексиз фахр туйғуси уйғонади, руҳимиз кўтарилади. Зеро, байроғимиз тимсолида дунёнинг қайси нуқтаси бўлмасин, Ўзбекистон деган муқаддас Ватанимиз, бизнинг ҳимоячимиз ва суянчиғимиз борлигини ҳис қиламиз.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ тайёрлади.