Байроқ сўзи қандай пайдо бўлган?
*18 ноябрь — Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи қабул қилинган кун
Тилшуносларнинг таъкидлашича, байроқ қадимги туркчада базирақ, бадироқ, батироқ тарзида ҳам қўлланган. Байроқ бирор эл-улус, қавмнинг эркинлик белгиси бўлиб, у баланд жойларга, ҳукмдор чодирига ўрнатилиб, санчиб қўйилган. Уни туғ, ялов, санчоқ (санжоқ) номлари билан ҳам атаганлар.
Паст Дарғом туманида Бақироқ ва Санчиқул маҳаллалари мавжуд. Бу жой номларининг халқ томонидан аталиши байроқ номи билан боғлиқ. Бақироқ аслида қадимий туркий тилда базироқ, бадироқ, батироқ, ботирмоқ, байроқ сўзларининг талаффузда ўзгариш ҳолатидир. Санчиқул эса санжоқ, яъни байроқни ҳукмдор қароргоҳига, баланд тепаликка санчиб қўйиш маъносидан олинган. Милоддан аввалги IV-V асрларда Кичик Осиё шаҳарларида яшаб ўтган юнонлар юртимиз аҳолиси, вилоятлари ҳақида маълумотларга эга бўлишган. Ёзма манбаларда Ўзбекистоннинг айрим вилоятлари "минг шаҳар ўлкаси", "баланд байроқли гўзал давлат", "қуёш ўлкаси" каби номлар билан машҳур. Римлик тарихчи Помпей Трог бақтрияликлар мисрликлар билан баҳслаша оладилар, деб хабар қилади.
Юртимиздаги қадимги Бақтрия, Хоразм, Сўғдиёна каби давлатлар, сак, массагет, ўғуз, қарлуқ, қипчоқ, қавчин, барлос, орлот, жалойир, сарой, қўнғирот, минг қабилаларининг мустақил рамзи - байроғи бўлган. Қўшин сафида байроқ кўтариб борадиган шахс байроқдор дейилган. Давлат байроғи муқаддас саналади. Чунки у халқнинг ўтмиши, бугуни, келажагини ўзида мужассам этган Ватаннинг ёрқин тимсолидир. Давлат байроғи мамлакат суверенитетининг рамзи ҳисобланиб, у ер юзининг шу сарҳадларида мустақил Ўзбекистон давлати борлигини англатади.
Шарифжон САХАТОВ,
Паст Дарғом туманидаги 8-умумий ўрта таълим мактаби тарих фани ўқитувчиси.