Туркиянинг Орду университетида “Ўзбек тили ва маданияти” маркази очилди

17–22 ноябрь кунлари Самарқанд давлат педагогика институти делегацияси Туркиянинг Орду ва Гиресун университетларига хизмат сафари билан борди.

Дастлаб Орду университети ректори, профессор Орҳан Баш билан учрашув ўтказилди. Музокараларда таълим, илм-фан ва маданият йўналишларида ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича амалий масалалар муҳокама этилди.

Шу куни ушбу университетда “Ўзбек тили ва маданияти маркази” очилди. Мазкур марказ талабаларга, профессор-ўқитувчиларга ва тадқиқотчиларга ўзбек тили, тарихи ҳамда миллий-маданий меросни ўрганиш учун қўшимча имкониятлар яратади. Марказ фаолияти икки давлат ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Марказ очилишига бағишлаб “Ўзбек маданияти ва миллий либослари” мавзусида конференция ташкил этилди. Унда Орҳан Баш ҳамда Самарқанд давлат педагогика институти ректори, профессор Шаҳзода Негматова сўзга чиқиб, ўзаро ҳамкорликнинг долзарблиги ва истиқболлари ҳақида маълумот берди.

Конференция доирасида ўзбек маданияти ва миллий либосларига бағишланган кўргазма намойиш этилди. Институт профессор-ўқитувчилари томонидан ижодий чиқишлар тақдим қилинди.

Хизмат сафарининг навбатдаги манзили Гиресун университети бўлди. Университет ректори, профессор Йилмаз Cан билан ўтказилган учрашувда таълим ва илмий тадқиқот йўналишларидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, Гиресун вилояти ҳокими Меҳмет Фатиҳ Серденгести билан учрашув ўтказилиб, ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилди. Мулоқот давомида Самарқанд давлат педагогика институти талабалари учун Гиресун университетида таҳсил олиш квоталари оширилиши маълум қилинди. Бундан ташқари, ЭРАСМУС+ дастури доирасида профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви бўйича бир қатор келишувларга эришилди.

Мазкур хизмат сафари давомида Туркиянинг етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорликнинг янги босқичи шаклланди.