Самарқанд ҳунармандлари миллий қадриятларни асраб, жаҳон бозорига чиқмоқда
Ҳунармандчилик халқимизнинг асрлар давомида шаклланган маданий мероси, миллий қадриятлари ва иқтисодий тараққиётининг муҳим таркибий қисми ҳисобланади.
Бугунги кунда ҳунармандчилик соҳасини қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари яратиш, ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш ҳамда миллий маҳсулотларни халқаро бозорларга олиб чиқиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада “Ҳунарманд” уюшмасининг Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан салмоқли натижаларга эришилмоқда.
- 2026 йил ҳолатига кўра, вилоятимизда мавжуд 32 та ҳунармандчилик йўналишининг барчаси бўйича жами 2116 нафар ҳунарманд расман рўйхатдан ўтган ва бугунда самарали фаолият юритмоқда, - дейди “Ҳунарманд” уюшмаси вилоят бошқармаси бошлиғи Умид Ҳакимов журналистлар билан бўлган мулоқотда. - Бу кўрсаткич ҳудудда ҳунармандчилик соҳаси изчил ривожланаётганини ва аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этаётганини кўрсатади.
Жорий йилнинг дастлабки 5 ойи давомида уюшмамиз сафига 273 нафар янги аъзо қабул қилиниб, улар билан бир қаторда 1132 нафар шогирд ҳам ҳунармандчилик фаолиятига жалб этилди. Бу эса миллий ҳунарларнинг авлоддан-авлодга ўтиши ва соҳада малакали кадрлар захирасининг шаклланишига хизмат қилмоқда.

Вилоятимизда ҳунармандчиликни ривожлантириш ва ҳунармандларга амалий кўмак бериш мақсадида 5 та махсус марказ фаолият юритмоқда. Улар қаторига “Самарқанд ҳунармандлар маркази”, “Руҳобод ҳунармандчиликка кўмаклашиш маркази”, “Конигил мерос ҳунармандчилик маркази”, Тойлоқ туманидаги “Ҳунармандчиликка кўмаклашиш маркази” ҳамда Паст Дарғом туманидаги “Ҳунармандлар маркази” киради. Ушбу марказларда ҳозирги кунда 75 нафар ҳунарманд ва 95 нафар шогирд ўз фаолиятини олиб бормоқда.
Ҳунармандчилик соҳасида “Уста-шогирд” анъанасини сақлаш ва ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунда вилоят бўйича 770 та “Уста-шогирд” мактаби ташкил этилган бўлиб, уларда 3885 нафар ёшларга турли ҳунар турларининг сир-асрорлари ўргатилмоқда. Бу эса ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг касбий кўникмаларини ошириш ҳамда миллий анъаналарни давом эттиришда муҳим аҳамият касб этади.
Ҳунармандларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида қатор имтиёзлар ҳам яратилган. Жумладан, ҳунармандлар ўз фаолиятидан олинадиган даромадлар бўйича даромад солиғидан озод қилинган. Шунингдек, улар бир йилда бир марта жамғариб бориладиган пенсия жамғармасига энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида тўлов амалга оширади.
Умид Ҳакимовнинг таъкидлашича, самарқандлик ҳунармандлар ўз маҳсулотларини халқаро бозорларга чиқариш борасида ҳам юқори натижаларни қайд этмоқда. Жорий йилда 25 нафар ҳунарманд 5 та халқаро кўргазма ва фестивалда иштирок этиб, умумий қиймати 48 минг АҚШ долларига тенг бўлган маҳсулотларни сотишга муваффақ бўлди. Бу натижа миллий ҳунармандчилик маҳсулотларига халқаро миқёсда талаб юқори эканини кўрсатади.
Айрим ҳунармандларнинг экспорт соҳасидаги ютуқлари алоҳида эътирофга лойиқ. Хусусан, Елена Ладик томонидан миллий либослар Россия Федерациясига экспорт қилинган бўлса, Гулчеҳра Ҳамитова зардўзлик буюмларини Хитой Халқ Республикасига етказиб берди. Шунингдек, Мансур Нуриллаев миниатюра рангтасвир ва сирли безак маҳсулотларини Тожикистон Республикасига, Лола Ғаниева эса батик, гул босилган газламалар ҳамда чокли буюмларни Тожикистон Республикаси бозорига чиқарди.
Ҳунармандчилик соҳасида аҳоли бандлигини янада ошириш мақсадида 2026 йилда жами 4550 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган. Ушбу кўрсаткичнинг 550 таси янги ташкил этиладиган ҳунармандлар ҳисобига, 4 мингтаси эса шогирдларни жалб қилиш орқали таъминланиши кўзда тутилган.
Хулоса қилиб айтганда, Самарқанд вилоятида ҳунармандчилик соҳаси нафақат миллий меросни асраб-авайлаш, балки аҳоли бандлигини таъминлаш, ёшларни касбга ўргатиш ва экспорт салоҳиятини оширишда ҳам муҳим ўрин тутади. “Ҳунарманд” уюшмаси томонидан амалга оширилаётган ишлар келгусида соҳанинг янада тараққий этиши ва ҳунармандларнинг иқтисодий фаоллигини оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.