Мингтепа ёдгорлигидан VIII асрга оид деворий суратлар топилди
Жомбой тумани Қорамўйин маҳалласининг шимоли-ғарбида жойлашган Мингтепа ёдгорлиги VII-VIII асрларда Суғднинг йирик шаҳарларидан бўлган.
Ёдгорлик арк, шаҳристон ва работ қисмларидан иборат бўлиб, шарқдан келган карвонлар Мингтепа шаҳрида тўхтаб, кейин Самарқандга кирган. Объект маркази юмалоқ шаклда бўлиб, ўлчами 125х125 метр, баландлиги 20 метр бўлган ҳукмдор қароргоҳи жойлашган. Унга кириш шарқ томондан бўлиб, иккала ёнида иккита қўриқчи миноралари орқали кўтарма (пандус) ёрдамида кирилган.
Шаҳристон қисми ҳукмдор қароргоҳининг шимоли-шарқида жойлашган бўлиб, тўғри тўртбурчак шаклда, томонлари 400х200 метр, баландлиги 8 метрга тенг бўлган мудофаа деворлари билан ўралган. Жанубий мудофаа девори ҳукмдор қароргоҳининг ғарбий қисмида жойлашган работ қисмига улашиб кетган. Ушбу девор қолдиқлари шаҳар мудофаасининг муҳим ажралмас элементи ҳисобланади.
Мингтепа шаҳри 40 гектарга яқин бўлиб, дастлаб 1983 йилда археолог Х.Охунбобоев ёдгорликнинг юза қисмидан териб олинган кулоллик идиш намуналари асосида V-XII асрлар билан даврлаган, - дейди Самарқанд археология институти илмий ходими Ҳусниддин Раҳмонов. - Сўнгги йилларда Самарқанд археология институти, Япония-Киёто санъат университети ва Берлин-Бранденбург фанлар академияси илмий ходимлари билан ҳамкорликда мунтазам археологик қазишма ишлари натижасида ёдгорликнинг дастлабки бошланиш санасини милодий III асрда пайдо бўлганлигини кўрсатмоқда. Ёдгорликни ўрганишнинг дастлабки жараёнида милоднинг VII-VIII асрларига оид пахса ва хом ғиштдан қурилган маҳобатли уйларнинг ўрни ва бир қанча ашёлар аниқланган эди.
Яқинда Ўзбекистон-Япония қўшма экспедицияси билан биргаликда ёдгорликнинг шаҳристон қисмида олиб борган биринчи қазув ишларимиз давомида VIII асрга оид деворий сурат намуналари топилди. Иккинчи қазишмада эса алтар ўрни аниқланган бўлиб, унинг хона деворларида қизғиш, кўк, ҳаворанг деворий суръат намуналарини кўриш мумкин. Ҳозирги кунда институтимиз олимлари томонидан реставрация ишлари давом эттиряпмиз.