Эҳтиёт бўлинг, манипулятор!
Меҳрибонлик ниқоби ортида яширинган хусусиятлар ҳақида ҳақиқатлар
Энг хавфли одамлар камдан-кам таҳдид билан келишади - улар табассум қилади, ёрдам қўлини чўзади ва ҳар доим тўғри сўзларни топиб айтишга ҳаракат қилишади, - дейди профайлер (асосий мақсади ҳақиқат ёки ёлғонни аниқлаш, инсоннинг ҳаракатларини башорат қилиш ва унинг ниятларини баҳолаб берадиган) мутахассислар. Қизиқ, бошқа бировнинг қўлида қулай қўғирчоққа айлантириб қўядиган манипуляция ва ҳақиқий меҳрибонлик ўртасида қандай тафовут бор экан?
Душман ҳар доим ҳам эшигингизни оёғи билан очиб келмайди. Кўпинча у табассум, юмшоқ овоз ва ёрдам таклифи билан киради. Яхшиликка ниқобланган ёвузлик жуда хавфли - у ҳеч қандай қаршиликсиз, бажонидил қабул қилинади.
Бугун қалб учун тузоқ бўлиб чиқадиган бундай “олижаноб” амаллар таҳлилини қилиб кўрамиз. Уларнинг охиргиси энг даҳшатли - бу тузоққа ўзи билмаган ҳолда душманлар эмас, балки “ўйинчи”нинг энг яқин кишилари тушиб қолишади.
Биринчи тузоқ: шакар бўрони
Янги танишингиз биринчи кунданоқ сизни мақтов ва эътибор билан ёғдириб – “Сиз бетакрорсиз”, “Сиз айнан мен излаган одамсиз”, - деса юрагингиз эриб кетади. Албатта, ҳар бир инсон ниҳоят қадрланганига ишонишни хоҳлайди-да.
Аммо бунинг ортида одатда эътироф ёки тан олиниш эмас, балки қайтариб берилиши лозим бўлган “аванс” ётади. Сиз мақтов оқимига ўрганиб қолишингиз учун ширинликлар билан сийланасиз, шунда гиёҳванд моддаларга бўлгани каби қарамлик табиий кечади: аввал пайдо бўлган илиқлик кейин йўқолади ва одам хавфсизлик туйғусини тиклаш ва “халоскор” ишончини қозониш учун зўр бериб ҳаракатга тушади. Ҳақоратлар кечирилади, одам тиришиб ишлайди ва у ҳатто ўзига нисбатан қилинган ҳурматсизликка чидайди.
Иккинчи тузоқ: Олдиндан сўралган кечирим
Бу тузоқ очиқ тажовуздан ҳам қўрқинчлироқ. Қичқириққа жавоб бериш, айбловларга далил келтириш мумкин. Бу ерда эса ҳамма нарса бошқача: момиқ пахта ҳар қандай важларни ютиб юборади. Манипулятор виждон билан ўйнаша бошлайди, ҳар доимги “энг яхши ниятли” муқаддас шаҳид дўстингиз оҳистагина кўкрагингизга “айбдор” тақмасини илиб қўяди.
Ноқулайлик ва ношукурлик туйғуси пайдо бўлади. Инсон оёқлари учида юриб, ўз чегараларини ҳимоя қилишни тўхтатиб қўяди, “дўсти”нинг истакларини олдиндан кўра олишга ҳаракат қилиб, унинг ризолигини олади ва унинг кўринмас гуноҳларни ювади. Манипулятор айнан шу нарсани хоҳлайди: ўзини айбдор ҳис қилган одам бошқариладиган, жим ва итоаткор бўлади.
Учинчи тузоқ: «Сиздан яқини йўқ-ку, ахир»
Ёлғизлик қўрқуви сизни «биз бир оиладек» деган сўзларга ишонишга мажбур қилади. Бундай сўзлардан юрагингиз эрийди, ҳимояга эҳтиёж қолмайди. Ҳақиқий оила - бу беғараз, манфаатлар кўзланмаган, таъма сўралмаган фидокорона севги бўлган жойда бўлади. Иш, бизнес ва лойиҳалар - бу вақт ва истеъдодни пулга алмаштириш эмасми аслида? Модомики, «оила» сўзи «жамоа» сўзи ўрнини босмоқчи бўлар экан, “қариндош” ўз мақсадларига фидокорона ҳисса қўшишингизни билган ҳолда иш тутади.
Тўртинчи тузоқ: «Мен фақат сизга ишонаман»
Танланганлар ёки ягона бўлиш истаги кучли эҳтиёждир. Манипуляторлар «фақат сиз буни уддасидан чиқасиз» деган иборани кўп ишлатишади. Ҳеч ким унинг ўрнини тўлдира олмайдиган одам бўлиш иллюзияси одамни бошқа биров урушининг бепул қаҳрамонига айлантиради. Ҳақиқатан ҳам, “самимий” дўстингиз сизнинг вақтингиз, кучингиз ва обрўйингизни қадрламасдан, сизга энг оғир, энг ифлос ишни ишониб топширади.
Бешинчи тузоқ: оммавий мақтов
Улар ҳамкасблар, қариндошлар, дўстлар одамлар тўпланган вақтни кутишади. Ана шу пайтда шоу бошланади: «Мана бу ажойиб сахийлик намунасига қаранг. Мана бу киши умумий манфаатлар учун ҳатто дам олиш кунларини қурбон қилишга тайёр ягона одам», дея мақтаб кетади сизни у.
Ана шу дамда сиз гўё дунёнинг тепасида тургандек юксаклик туйғусини ҳис қиласиз. Аслида эса айнан шу вақтда сизнинг бўйнингизга сиртмоқ ўрнатилиб қўйилган бўлади. Чунки мақтов ортидан қаҳрамон қила оладиган (ёки қилиши мажбур бўлган) илтимос келиб чиқади: сизга қийин “лойиҳа”ни амалга ошириш ёки сизга берилган қарзни узиш вазифаси орттирилади.
Рад этиш мумкин эмас, чунки бу янги яратилган идеал образни йўқ қилиб юбориб, қаҳрамонни ношукур иккиюзламачига айлантиради. Ахир яна бир ҳаракат орқали бир лаҳза олдин унга қойил бўлган оломоннинг ҳафсаласи пир бўлиб қолиши мумкин-да. Манипулятор обрўдан гаров сифатида фойдаланади. Унга берилган ҳуқуқлардан маҳрум қилинган одам қимирлаши мумкин бўлмайдиган ёдгорликка айланади-қолади.
***
Биз кўпинча аксарият одамлар кўнглидаги оғриқ туфайли киядиган ниқоблар ортида яшашини билмай туриб ҳам уларни юзаки баҳолаймиз. Ўз “халоскори” қўлида ўйинчоқ бўлмаслик учун шунчаки четга чекиниб, унинг қилиқларини зимдан кузатиш орқали огоҳ бўлиш мумкиндир балки. Сиз нима деган бўлардингиз?
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.