"Мардин Биенналеси-2026": Қадимий шаҳар жаҳон замонавий санъати марказига айланди
Айни кунларда Туркиянинг Мардин шаҳрида 7-Мардин биенналеси бўлиб ўтмоқда.
Дунёнинг қарийб 20 мамлакатидан 40 дан ортиқ ижодкорни бир майдонга жамлаган мазкур тадбир иштирокчиларга Мардин шаҳрининг ўзига хос тарихий-маданий муҳити, бетакрор меъморчилиги ва бой қадимий меросини танитмоқда.
Мардин биенналеси дастлаб 2010 йилда Жануби-шарқий Онадўлининг бебаҳо дурдонаси саналган Мардинни замонавий санъатнинг муҳим марказларидан бирига айлантириш мақсадида ташкил этилган. Лойиҳа санъат тили орқали минтақага янги қарашлар, ижодий ёндашувлар ва маданий тафаккур олиб киришни кўзда тутади.

Ушбу биеннале бу йил “GÖKzemin” (“Осмон-замин”) мавзуси остида ўтказилмоқда. Биеннале осмон ва замин, шахс ва жамият, ўтмиш ва келажак каби бир-бирига қарама-қарши кўринадиган тушунчалар ўртасидаги боғлиқликни бадиий талқин этади. Дастурдан турли санъат асарлари намойиши билан бир қаторда рассомлар иштирокидаги маҳорат дарслари, мутолаа ва муҳокама тадбирлари, ижодий учрашувлар ҳамда мусиқий чиқишлар ўрин олган.
Бу йилги биеннале аввалги йиллардан фарқли равишда ўз доирасини кенгайтириб, Эски Мардин билан чекланиб қолмай, бутун минтақа бўйлаб турли тарихий ва маданий масканларни қамраб олади. Тадбирлар қадимий Дара шаҳри, Дейрулзафарон монастири, Атеш бейлар ҳаммоми, Эски Мардиндаги Сакип Сабанжи музейи ҳамда қатор жамоат майдонларида ўтказилмоқда.

Таъкидлаш ўринлики, “очиқ осмон остидаги музей” дея таърифланадиган шаҳар минг йиллар давомида шаклланган Юқори Месопотамиянинг кўп қатламли маданий меросини ўзида мужассам этган. Шаҳарнинг меъморий қиёфасида турли халқлар ва маданиятларнинг изларини кўриш мумкин.
Мардиннинг энг машҳур тарихий обидалари қаторига Мардин Улужоме масжиди, Дейрулзафарон монастири, Мор Беҳнам черкови, Зинжирие ва Қосимия мадрасаси киради. Бундан ташқари, Мидят туманидаги Мор Габриел монастири ҳамда кўпинча “Месопотамиянинг Эфеси” деб аталадиган Дара қадимий шаҳри минтақанинг бой тарихий ва маданий мероси саналади.
Зилола тайёрлади.