Фабио Каннаваро терма жамоамизнинг "ЖЧ-2026" олдидан кайфиятини баҳолади

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро футбол бўйича жаҳон чемпионатига тайёргарлик жараёни ва жамоанинг руҳий ҳолати ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Мутахассиснинг таъкидлашича, жамоа мамлакат тарихидаги илк жаҳон чемпионати иштирокини чуқур ҳис қилмоқда ва ушбу нуфузли мусобақага муносиб тайёргарлик кўриш учун барча кучини сафарбар этган.
- Бу биз учун жуда катта воқеа. Илк Жаҳон чемпионатимиз тобора яқинлашмоқда ва биз ҳар бир машғулот ҳамда ҳар бир учрашувда янада яхшироқ бўлиш учун меҳнат қиляпмиз. Канадага қарши ўртоқлик баҳсида мағлуб бўлган бўлсак-да, жамоа майдонда муносиб ўйин намойиш этди. Биз бир қатор хавфли вазиятлар яратдик, аммо улардан тўлиқ фойдалана олмадик. Шу билан бирга, ушбу баҳс бизга ўз имкониятларимизни баҳолаш ва қайси жиҳатларда ўсишимиз кераклигини англаш имконини берди.

Энди олдимизда янада жиддий синов турибди. Душанба куни Нидерландия терма жамоасига қарши майдонга тушамиз. Бу баҳс орқали энг юқори савиядаги футболчиларга қарши ўз кучимизни текшириб кўрамиз. Катта мақсадларга эришиш осон эмас - улар изчил меҳнат ва қадамба-қадам ҳаракат орқали рўёбга чиқади, - деди Каннаваро.