Конго терма жамоаси Жаҳон чемпионатидан четлатилиши мумкин

11 июнь — 19 июль кунлари АҚШ, Мексика ҳамда Канада мезбонлигида ўтадиган футбол бўйича Жаҳон чемпионати яқинлашар экан, мусобақа ва унда иштирок этадиган миллий терма жамоалар атрофидаги муҳокамалар тобора қизғин тус олмоқда.

Маълумки, Ўзбекистон миллий терма жамоаси “К” гуруҳидан ўрин олган бўлиб, ушбу босқичда Португалия, Колумбия ва Конго Демократик Республикаси терма жамоаларига қарши майдонга тушади.

Мусобақа старт олишига оз вақт қолган бир пайтда Ўзбекистон билан бир гуруҳда жойлашган Конго Демократик Республикаси терма жамоаси жиддий муаммога дуч келди.

Хорижий ОАВ тарқатган маълумотларга кўра, Жаҳон чемпионатини АҚШда ташкил этиш бўйича Оқ уй ишчи гуруҳи ижрочи директори Эндрю Гиулиани Эбола вируси билан боғлиқ вазият сабаб Конго терма жамоаси мундиалдан четлатилиши мумкинлигини билдирган.

Унинг таъкидлашича, Конго терма жамоаси 11 июнь куни Хюстон шаҳрига етиб келишидан олдин 21 кунлик карантин талабларига риоя қилиши шарт. Бу ҳақда мамлакат ҳукумати ҳам расман огоҳлантирилган. Агар мазкур талаб бажарилмаса, жамоа аъзолари АҚШ ҳудудига киритилмаслиги мумкин.

Аввалроқ Конго ҳудудида Эбола вируси кенг тарқалгани ва касаллик оқибатида 177 нафар инсон вафот этgani ҳақида хабар берилган эди. Шу сабабли АҚШ томони футболчиларнинг белгиланган муддат давомида изоляцияда бўлишини талаб қилмоқда. Акс ҳолда, жамоа Жаҳон чемпионатида қатнашиш имкониятидан маҳрум бўлиши мумкин.

Маълумот учун, Конго Демократик Республикаси мундиалдаги илк учрашувини 17 июнь куни Португалияга қарши ўтказиши режалаштирилган. Ушбу жамоанинг Ўзбекистон миллий терма жамоасига қарши баҳси эса 28 июнь кунига белгиланган.