Самарқанднинг «Динамо» ҳамда Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Жаҳонгир Ўрозов Россия клубига ўтди
2026 йилги жаҳон чемпионатида иштирок этган футболчи Жаҳонгир Ўрозов Қозоннинг «Рубин» жамоаси билан шартнома имзолади.
«Рубин» 22 ёшли футболчини 100 минг евро эвазига ижарага олди ва шартномада уни 700 минг еврога тўлиқ сотиб олиш ҳам кўзда тутилган.
Жаҳонгир Ўрозов «Динамо» таркибида уч мавсум давомида 55 та ўйин ўтказиб, бир бор рақиб дарвозасини ишғол этган.
Нуфузли Transfermarkt интернет-манбаси ҳимоячининг бозор қийматини 1,2 миллион евро атрофида баҳолаган.

Жаҳонгир «Рубин»да бир мавсум учун 450 минг евро иш ҳақи олиши кутилмоқда. «Динамо» эса унинг йиллик маоши 96 минг доллар атрофида эди. Бу ҳимоячининг даромади аввалги маошига нисбатан тўрт баравардан кўпроқ дегани.
Жаҳонгир Ўрозов футбол сирларини Тошкентнинг «Бунёдкор» клуби тизимида ўзлаштирган. Асосий жамоа сафида дебютини 2022 йилда ўтказган. 2023 йилда у Туркиянинг «Эюпспор» клубига йўл олди, шундан сўнг Самарқанднинг «Динамо» клуби томонидан ижарага олинган. 2025 йил февраль ойида «Динамо» унинг тўлиқ трансферига эга чиққанди.
Ёшлар даражасида Ўрозов 2023 йилда U-20 Осиё кубоги ғолиби бўлган Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси таркибида майдонга тушган. Ўша йили у ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ҳам иштирок этиб, турнирда тўртта ўйин ўтказган.
2026 йил баҳорида ҳимоячи катталар ўртасидаги Ўзбекистон терма жамоасида дебют қилди. Илк учрашувидаёқ, яъни Габонга қарши беллашувда гол уриб, жамоага 3:1 ҳисобидаги ғалабани қўлга киритишда ёрдам берди.
Ёзда Ўрозов Ўзбекистон тарихидаги илк жаҳон чемпионати учун терма жамоанинг якуний рўйхатига киритилди. У гуруҳ босқичидаги икки учрашувда майдонга тушиб, жами 93 дақиқа ўйнади: Колумбияга қарши баҳсда захирадан майдонга тушди, Конго билан ўйинда эса асосий таркибда ҳаракат қилди.
Жорий мавсумда Россия Премьер-лигасида икки тур ўтказган «Рубин» ҳозирча уч очко тўплаб, турнир жадвалида саккизинчи ўринни эгаллаб турибди.
Қозонликлар ички чемпионатнинг 3-турида ўз майдонида «Оренбург» жамоасини қабул қилади. Учрашув 9 август куни бўлиб ўтади.
Жаҳонгир ушбу баҳсда дебют қилиши кутилмоқда.