Хитойнинг “Тсу-Чу”си, инглизларнинг “Футбол”идан “Пахтакор”гача
Спортнинг кўплаб турлари орасида футбол ўзининг оммавийлиги, томошабоплиги ва ижтимоий аҳамияти билан алоҳида ўрин тутади. Бугун футбол нафақат спорт тури, балки миллионлаб инсонларни бирлаштирувчи муҳим ижтимоий-маданий ҳодиса сифатида эътироф этилмоқда. Замонавий футбол дунёнинг деярли барча мамлакатларида ривожланган бўлиб, халқаро спорт ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, ёшларни соғлом турмуш тарзига жалб этиш ҳамда мамлакатларнинг халқаро нуфузини оширишда муҳим воситага айланди.
Футбол қадим замонларда пайдо бўлган. Қадимги юнонлар тўп ўйинини шунчалик қадрлаганларки, уни ҳатто махсус мактабларнинг жисмоний машқлар дастурига киритган. Милоддан аввалги III асрда чарм тўп билан кичик майдонларда ўйналган ўйинлар бўлгани ҳақида тарихий далиллар мавжуд. Футболга ўхшаш Cужу (хитойча Тсу-Чу, маъноси "тўпни тепиш") ўйини ҳақидаги энг қадимги ёзма манбалар Хитойнинг Хан сулоласи даврига мансуб. Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) 2004 йилда айнан Cужу ўйинини ҳужжатли далилларга эга бўлган дунёдаги энг қадимги футбол шакли деб расман тан олди.
“Футбол” инглизча сўздан олинган бўлиб, «оёқ тўпи» деган маънони билдиради. Ҳозирги замон футболининг «аждоди» бундан икки минг йил аввал қадимги Шарқ халқлари ва антик дунё давлатлари Юнонистон ва Римда маълум бўлган «Ҳарпастон» (ўз даврида футбол шундай аталган) ўйинини ўйнаган қадимги Юнонистон ўсмирлари майдон ўртасидан туриб тўпни рақиблар томонига ўтказган. Юлий Сезарнинг римлик легионерлари тўпни ҳар қандай усул ва “приём”ларни қўллаган ҳолда устунлар орасига киргизишга ҳаракат қилганлар.
Ўрта асрларда бу ўйин кенг тус олди. Бунда кўча ва қишлоқлар майдон ўрнида хизмат қиларди. Мусобақалар кун ўртасида бошланган ва қоронғи тушгунча давом этган. Тўпни бутун шаҳар бўйлаб маълум бир жойгача суриб келишга эришган «жамоа» ғолиб ҳисобланган.
Инглизларнинг таъкидлашича, оёқ билан тўп ўйнаш Британия оролларида IХ асрдаёқ жуда машҳур бўлган. Кейинчалик турли давлатларда буганги футбол қоидалари шакллана бошлади. Масалан, 1863 йил 26 октябрда Лондонда Англия футбол уюшмаси ташкил этилди ва ўйин учун 13 та қоидадан иборат илк расмий низом тасдиқланди. Кейинчалик бу қоидалар бошқа барча миллий уюшмалар учун футбол ўйинининг асосига айланди.
Мамлакатимизда футболнинг ривожланиши ва оммалашиши тарихи ҳайратланарли. Мустамлакачилик даврида рус аскарлари бўш вақтларида Қўқондаги Ваҳм-чорсу маҳалласидан бир оз узоқликда жойлашган ҳарбий гарнизон далаларида "футбол" деб номланган ўйин ўйнашган. Баъзан ҳар бир бўлим бошлиқлари бу ўйинларга қўшилиб туришган. Бу ҳақдаги миш-мишлар аста-секин маҳалла ёшлари орасида тарқалди. Дастлаб, маҳалладаги ўзбек ёшлари бу ўйинни ўйнашмайди. Сабаби, маҳаллий диндорлар бунга қарши бўлишади. Катта чекловлар ва тақиқларга қарамай, ўйин атрофдагиларни ўзига жалб қила бошлайди. Кейинчалик футбол шаҳар бўйлаб оммалашади. Ёшлар ўйин учун бўш жойларни топиб, дарвозалар ўрнига устунларни ерга ўрнатишади ёки дарвоза узунлигича ўлчаб тош қўйишади. Аммо ўша даврда ҳозиргидек тўплар йўқ эди. У дўконларда ҳам сотилмасди. Футбол ўйнашга иштиёқманд ёшлар латта-путталардан тўп ясаб ўйнашган. Бироқ бундай тўплар билан футбол ўйнаш жуда қийин эди. Чунки уларни ҳаракатлантириш қийин, узоққа тепиб бўлмаган. Маҳаллий халқ орасида футбол оммалаша боргач, иккита эски шар орасига шиширилган резина камера қўйииб “копток” тайёрлашади. Шиширилган шар аввалгисидан кучлироқ, ҳатто оддий ҳаракатга учиб кетаверган. Вақт ўтиши билан ўзбек ёшлари рус аскарларидан ҳақиқий шарларни сотиб олишни бошлаган. Бу тўплар билан ўйин янада қизиқ бўлган.
Ўзбекистон ҳудудида замонавий футбол ХХ аср бошларида пайдо бўлиб, қисқа вақт ичида оммалаша бошлади. Дастлаб ушбу спорт тури Фарғона водийси, Тошкент, Андижон, Қўқон ва Самарқанд шаҳарларида ривожланди. Тарихий манбаларга кўра, Ўзбекистондаги илк футбол жамоаси 1911 йил охирида Фарғона (ўша даврдаги Скобелев) шаҳрида ташкил этилган. Мазкур воқеа мамлакатимизда футболнинг институционал ривожланишига асос бўлди. 1912 йилда Қўқонда маҳаллий ёшлар гуруҳлари пайдо бўлади. Кейинчалик Фарғона водийси, Самарқанд, Тошкент, Бухоро, Жиззах, Когон каби шаҳарларда футбол спорт турига қизиқиш ортади. 1912 йилда Фарғона шаҳри ва Андижон жамоалари ўзаро беллашади. Биринчи ўйин Фарғонада бўлиб ўтади ва мезбон жамоа 3:1 ҳисобида ғалаба қозонади. Жавоб ўйини Андижонда бўлиб ўтиб, фарғоналиклар 3:1 ҳисобида ғалаба қозонади. 1915 йилга келиб Туркистон ўлкаси чемпионати ўтказилади.
Бироз вақт ўтгач, Тошкентда ҳам футбол ўйнаш бошланади. Тошкентлик футбол ишқибозлари орасида энг машҳур жамоа ТСИЖ ‒ Тошкент спорт ишқибозлари жамияти эди. Бу жамият 1912 йилда ташкил этилган бўлиб, қисқа вақт ичида футбол ҳамда бошқа спорт турларининг ривожланишига катта ҳисса қўшган. Тошкентга ташриф буюрган илк футболчилар Самарқанд футболчилар тўгараги (СФТ) аъзолари бўлган. 1913 йил 29 августда Тошкент спорт ишқибозлари жамияти футболчилари иштирокида учрашув ўтказилади. Мазкур баҳсда пухта тайёргарлик кўрган Тошкент жамоаси 5:0 ҳисоби билан ғалаба қозонади.
1913 йил июн ойи Андижон шаҳрида “Андижон футболчилар клуби” ташкил этилди. Бу воқеа ҳудудда футболнинг шаклланиши ва ривожланишида муҳим аҳамият касб этди. 1914 йил 25 майда Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ҳудудидаги энг кучли икки жамоа ўртасида марказий учрашув бўлиб ўтди. Мусобақада Тошкент ва Фарғона жамоалари ўзаро беллашди. Натижада Тошкент жамоаси ўз майдонида 3:2 ҳисобида ғалабага эришди. 1920 йилдан бошлаб футбол республика ҳудудидаги чекка қишлоқ ва маҳаллаларга кириб борди. Ёшлар, талабалар, ишчилар ва деҳқонлар орасида футболга бўлган қизиқиш ортди. 1921 йилда Москва ва Тошкент футбол жамоалари ўртасида илк учрашувнинг ўтказилиши муҳим аҳамият касб этди. 1925 йилда мамлакат Жисмоний тарбия кенгаши томонидан оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг тақвими ишлаб чиқилди. Натижада Ўзбекистонда футболни ташкил этиш жараёни муайян даражада тартибга солинган тизим асосида ривожлана бошлади.
Жумладан, Тошкент биринчилиги уч тоифа бўйича ўтказилди ва унда 28 та жамоа иштирок этди. 1927 йилда ўзбек спортчиларини тайёрлаш жараёнида муҳим босқич ҳисобланган Умумўзбек спартакиадаси ўтказилди. Спартакиада финалида доимий рақибга айланган Тошкент ва Фарғона жамоалари куч синашди. Ҳар иккала жамоа таркибида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари майдонга тушишди. Учрашувнинг иккинчи бўлимида тошкентликлар ҳал қилувчи голни уриб, 2:1 ҳисобида ғалабага эришди.
Ўтган асрнинг 50-йилларида "Пахтакор" спорт жамияти ташкил этилди. Ҳозиргача Ўзбекистон чемпионатида ва расмий халқаро мусобақаларда муваффақиятли ўйинлар кўрсатиб келаётган республикамизнинг энг кучли жамоаси бўлган "Пахтакор"нинг тузилиши ҳам шу жамият билан боғлиқ. Кейинчалик "Пахтакор" спорт жамияти негизида республиканинг етакчи футбол жамоаси шаклланди. Жамоа нафақат мамлакат футболининг рамзига, балки собиқ иттифоқ миқёсида муносиб натижалар қайд этган жамоалардан бирига айланди. 1960 йилдан бошлаб "Пахтакор" собиқ иттифоқ чемпионатининг олий лигасида иштирок эта бошлади ва узоқ йиллар Ўзбекистон футболининг асосий вакили сифатида эътироф этилди. Кучли рақибларга қарши тўпланган тажриба футболчиларнинг маҳоратини ошириш, мураббийлик мактабининг шаклланиши ҳамда замонавий футбол бошқарув тизимининг ривожланишига ижобий таъсир кўрсатди. "Пахтакор" таркибида фаолият юритган кўплаб иқтидорли футболчилар кейинчалик Ўзбекистон футболининг ривожланишида муҳим ўрин эгаллади. Жамоа ёш истеъдодларни кашф этиш, уларни профессионал даражада тайёрлаш, юқори савиядаги мусобақаларда иштирок этиш учун муҳим мактаб вазифасини бажарди. Натижада мамлакатда футбол инфратузилмаси, болалар-ўсмирлар спорт мактаблари ҳамда мураббийлар тайёрлаш тизими босқичма-босқич такомиллашди.
Мустақиллик йилларида "Пахтакор" таркибида етишиб чиққан кўплаб футболчилар Ўзбекистон миллий терма жамоасининг асосий таркибини шакллантиришда муҳим рол ўйнади.
2026 йилги Ўзбекистон миллий терма жамоаси ушбу пойдевор устида шаклланган замонавий футбол тизимининг самарали натижасини намойиш этди. Жумладан, миллий терма жамоамиз таркибининг асосий қисмини мамлакат футбол академиялари ҳамда профессионал клублар, хорижий клублардаги Ўзбекистонлик ўйинчилар ташкил этди. Айниқса, Пахтакор, Нефтчи, Насаф, Навбаҳор, Динамо, Сурхон, ОКМК, Бухоро ва бошқа клублар тарбияланган футболчиларнинг салмои ошди. Бу эса мамлакатда узоқ йиллар давомида шакллантирилган футбол таълими тизимининг самарасини кўрсатди.
Жавоҳир БЕКНАЗАРОВ,
Самарқанд давлат тиббиёт университети ўқитувчиси.