Марказий Осиё динимизга ёт оқимларга макон бўлмаган
Бугун ижтимоий тармоқларда динни нотўғри талқин қилиш ҳолатлари авж оляпти. Бундай вазиятда кишилар ўзларида аниқ маълумотга муҳтожлик сезади. Динини соф сақлайман деган инсон тўғрини нотўғридан ажратиб олиши учун етарлича салоҳиятга эга бўлиши ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Динни нотўғри талқин этиб, одамларни ўз ғояларига ундаётган оқимлардан бири салафийлик бўлиб, у Марказий Осиё мамлакатларига ўзининг салбий таъсирини кўрсатмоқда.
“Салафийлик” араб тилидаги “салаф” сўзидан олинган бўлиб, “аждодлар”, “аввал яшаб ўтганлар” маъносини беради. Ҳадисларга кўра, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейинги икки даврда яшаган мусулмонлар тушунилади. Яъни, саҳоба, тобеин ва табаа тобеинлар салафи солиҳлар ҳисобланади. Улардан кейин яшаганларга нисбатан “салаф” атамаси ишлатилмаган.
Кейинги йилларда “салафи солиҳларга эргашиш” шиори остида сохта салафийлар жамоаси пайдо бўлди. Уларнинг ақидавий асоси Ибн Таймия (163-1328)га бориб тақалади. У фиқҳий-ақидавий масалалдарда ихтилоф қилгани сабабли аҳли сунна уламолари томонидан танқид ва кескин раддияларга учраган. Шундай бўлса-да, унинг ғоялари кейинчалик турли мутаассиб тоифаларга хизмат қилган.
Салафийлик фаолиятига эътибор берилса, улар аҳли суннанинг ашъарий ва мотуридийлик ақидавий таълимотлари, тўрт фиқҳий мазҳабларни ва тасаввуфни инкор этади. Фиқҳий мазҳаблар ўртасидаги жузъий ихтилофли масалаларни танқид қилиб, уларни айблайди ва мазҳабсизликка ундайди. Улар фиқҳий-ақидавий ихтилофлар келтириб чиқариб қолмай, ижтимоий-сиёсий ҳолатларни танқид остига олиб, ўз ғояларини сингдиришга уринади. Уларнинг тарғиботи замирида жиҳод ва халифалик ғоялари ётади.
Ҳозирда салафийлик ғоялари кенг тус олмоқда. Буни мамлакатимиз мисолида кўрадиган бўлсак, хорижда туриб, ўзларини шайх, ҳақ даъватчи ва исломнинг асл моҳиятини тўғри очиб берувчи ҳисоблаётган баъзи салафий даъватчилар мазҳабларни ихтилофда айблаб, Қуръон ва суннатга эргашиш даъвоси билан салафийликка, мазҳабсизликка даъват қилмоқда. Ижтимоий-сиёсий ҳолатларни танқид қилиб, таъсирларини оширишга уринмоқда.
Салафий даъватчилар ижтимоий тармоқлардаги чиқишларида фиқҳий-ақидавий мазҳабларни тугатиш ва тасаввуфни инкор қилишга қаттиқ урғу бермоқда. Қилаётган даъволари эса жимжимадор. Гўёки, улар Қуръон ва суннатга эргашаяпти-ю, мазҳаблар ихтилоф келтириб чиқаргандай.
Тарихдан маълумки, барча даврларда ўз мақсади йўлида Исломни нотўғри талқин қилиб, одамларни ҳақдан оздиришга ҳаракат қилиб келган, адашган тоифалар чиқиб турган. Салафийлар ҳам худди шундай тоифалардан бири. Агар таҳқиқ қилинадиган бўлса, уларнинг ғоялари тарихдаги мўътазила, мушаббиҳа, мужассима, карромия каби ботил тоифаларнинг қарашларига ўхшаши яққол кўринади. Қуйида улардан баъзиларини кўриб ўтамиз.
Масалан, улар ақида борасида “Раҳмон Аршга истиво қилди” (Тоҳа, 5-оят), “Ёки сизлар “осмондаги” зот (Аллоҳ)дан хотиржаммисиз?!” (Мулк, 16-оят), “Балки Аллоҳ таоло у (Исо алайҳиссалом)ни Ўзига кўтариб олди” (Нисо, 158-оят) каби баъзи муташобиҳ оятларни зоҳирига қараб, Аллоҳ таолога макон нисбат беради ва У Зотни осмонда, деб даъво қилади.
Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, Аллоҳ таоло макондан олий ва беҳожат Зотдир. Аҳли сунна уламолари ақидавий масалаларда, айниқса, Аллоҳ таоло борасида, У Зотни нуқсон ва камчиликлардан поклашда ўта эҳтиёткордир. Энг нозик нуқталарни ҳам эътибордан четда қолдирмай, масаланинг асл моҳиятини очиб беришга бор куч-қувватини сарфлаган. Аллоҳ таолога макон нисбат бериш У Зотни махлуқотларга ўхшатишдир. У Зот азза ва жалла Қуръони каримда: “Албатта, Аллоҳ барча оламлардан беҳожатдир” (Анкабут, 6-оят), деган. Яъни, Арш, ер ва осмон кабилар Аллоҳ яратган махлуқотлар бўлиб, олам жумласига киради. Олам эса азалий эмас, Аллоҳ таоло азалийдир. Азалда эса Аллоҳдан ўзга бирор нарса мавжуд бўлмаган. У Зот азалда макон ва замондан холи бўлган ва доим шундай бўлади. Демак, Аллоҳ таоло оламлардан беҳожат, яъни уларга ҳожати тушмайдиган Зотдир. Бошқа бир оятда У Зот: “Унга ўхшаш бирор нарса йўқ” (Шуро, 11-оят), дейди. Яъни, Аллоҳ таоло бирор нарсага ўхшамайди ва Ўзи яратган нарсаларга ўхшаб бирор маконга муҳтож эмас.
Бундан ташқари, салафийларнинг тавҳид, қабрларни зиёрат қилиш, мавлидни нишонлаш, намоздан кейин жамоат бўлиб дуо қилиш ва яна кўплаб ақидавий масаларда ихтилофлари мавжуд. Лекин уларнинг барча даъволарига аҳли сунна олимлари кучли далиллар асосида жавоб берган ва бериб келмоқда.
Ҳозирда баъзи салафийлар Аллоҳ таолонинг “Аллоҳнинг арқонини маҳкам тутинг” (Оли Имрон, 103-оят), оятини келтириб: “Аллоҳни арқонини бирга ушлаш ва ихтилофлашмаслик керак. Ихтилофлашса, қалблар ихтилофлашади. Балки ўзларича: “Биз исломга одамларни тарбиялаяпмиз. Ўзини мазҳабига амал қилса, нимаси ёмон”, деяпмиз” деб ўйлаши мумкин. Лекин бу ҳеч қачон одамларни бирликка олиб келмайди. Балки ихтилофга, бўлинишга олиб келади” деб мазҳабга эргашиш ихтилофга сабаб эканини даъво қилмоқда. Бу даъволари билан мазҳабларни Исломдан бошқадек тасаввур қилдиришга уринмоқда. Ваҳоланки, Ислом дини шу тўрт мазҳаб асосида асрлар оша яшаб келмоқда. Миллионлаб одамлар шу мазҳаблар асосида динга амал қиляпти. Яъни, ақидада Мотуридия ва Ашъария таълимотига, фиқҳда Ҳанафий, Моликий, Шофеий ва Ҳанбалий мазҳабларига амал қилмоқда. Худди Пайғамбаримиз айтганларидек, саводул аъзам – улкан жамоатни лозим тутмоқда.
срлар давомида ушбу тўрт мазҳабнинг мужтаҳид олимлари Исломнинг асл моҳиятини Қуръон ва суннат асосида мусулмонларга баён қилиб келган. Салафийлар эса, тарихда ҳам, ҳозирда ҳам уммат ичида ихтилоф ва тафриқага, диний ва ижтимоий-сиёсий нотинчликка сабаб бўляпти, холос.
Салафийларнинг қизиқ бир жиҳати шундаки, ўзларини ҳақ йўлидалигини айтиб, даъватларида ўзига эргашишни тарғиб қилади. Ваҳоланки, мусулмонлар шундоқ ҳам улардан кўра олимроқ, Қуръон ва суннатни улардан кўра чуқур билувчи, Пайғамбаримизга улардан кўра яқинроқ даврда яшаган мазҳаб мужтаҳидларига эргашади. Чунки мазҳаб мужтаҳидлари улардан кўра эргашишга лойиқроқ зотлардир. Шундай экан, динини соф сақлайман деган ҳар бир мусулмон кеча пайдо бўлган тоифага эмас, аҳли сунна вал жамоа мазҳабига эргашиши лозим.
Салафийликнинг тарихий илдизларига эътибор берилса, Марказий Осиё минтақаси бу каби оқимларга макон бўлмаган. Аммо доимий тарзда бу ўлкаларга ўзларининг ботил ғояларини сингдиришга уринишлар бўлган ва давом этмоқда. Лекин ҳар даврда уларнинг ғояларига қарши аҳли сунна вал жамоа уламолари ўзларининг фиқҳий-ақидавий мазҳабларини маҳкам тутган ҳолда қаттиқ кураш олиб борган.
Тарихан мамлакатимиз ақидавий жиҳатдан мотуридийлик, фиқҳий жиҳатдан ҳанафийлик мазҳабини асрлар оша маҳкам тутиб келган. Халқнинг урф одати-ю, миллий онггида ушбу фиқҳий-ақидавий мазҳаблар асосий рол ўйнайди. Яқинда чиқиб, “ҳақиқий тўғри йўл”ни кўрсатмоқчи бўлаётганлар асрлар оша динга амал қилиб келган ушбу халқни ва қанчадан-қанча олимларни тарбиялаган ушбу диёр одамларини Исломга нотўғри амал қилиб келганини даъво қилмоқда. Ўзларини Қуръон ва суннатга амал қилаётганини иддао қилиб, мазҳабларни инкор этмоқда. Мазҳабларни Расулуллоҳ ва саҳобалар даврида бўлмаганини даъво қилмоқда. Бу жуда ҳам нотўғри даъво. Уларнинг даъволари нотўғри ва сохта экани кундек равшан. Бунга ҳужжат-далиллар етарли даражада кўп. Тарихда ҳам, ҳозирда ҳам аҳли сунна олимлари уларнинг йўли нотўғри эканини исботлаб берган.
Салафийлик фаолиятнинг мамлакатимиз ҳаётига салбий таъсири бор. Чунки биз аҳли суннанинг фиқҳий-ақидавий мазҳабларини маҳкам тутган ва ҳаёт тарзига тасаввуф ғоялари сингган халқмиз. Салафийлик эса айнан мазҳаблар ва тасаввуфни қоралайди. Шу сабабли салафийлик ғояларининг кириб келиши халқ орасида ихтилоф ва бўлинишларга олиб келади.
Мустақиллик йилларида мамлакатимиз ҳаётида юз берган ваҳҳобийлик ҳаракатининг хуружлари бунга ёрқин мисол. Салафийлик ҳам диний, ҳам сиёсий беқарорликка сабаб бўлади. Чунки уларнинг асл мақсади замирида ҳижрат ва халифаликни тиклаш каби ғоялари ётади. Ваҳоланки, мусулмонларнинг ягона халифалик остида яшаши ҳақида буйруқ ёки кўрсатма мавжуд эмас. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам халифалик ҳақида: “Мендан сўнг халифалик ўттиз йилдир. Ундан кейин подшоҳликлар бўлади”, деганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрат борасида эса: “Фатҳдан кейин ҳижрат йўқ”, деганлар. Уламолар: “Бу ҳадис умумий бўлиб, ўзидан олдин келган ҳижратга далолат қилувчиларни насх қилувчидир”, деган. Шу билан бирга, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон бўлган арабларни ўзлари томон ҳижрат қилишга амр қилмаган ва ўз юртида туришларини инкор ҳам этмаганлар.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, салафийлик фаолияти жамият ичида диний-сиёсий қарама-қаршиликлар ва низоларнинг юзага келиш эҳтимолини оширади.
Ҳозирда дунё жамоатчилигининг тинчлигига салбий таъсир кўрсатаётган бу тоифалар мамлакатимизга таъсир ўтказишга уринмоқда. Айниқса, ижтимоий тармоқларда ўзбектилли баъзи салафий даъватчилар ўз ғояларини ёйишга ҳаракат қилмоқда. Дунёнинг турли давлатларида бўлгани каби мамлакатимизда ҳам уларнинг ботил ақидаларига эргашиб қолиш ҳолатлари мавжуд. Бу ҳолат, айниқса, интернет ва ижтимоий тармоқлардан фаол фойдаланадиган ёшлар орасида кўп учрайди. Динга қизиққан ёшлар орасида билиб-билмай уларнинг таъсир доирасига тушиб қолиш ҳолатлари бўляпти.
Салафий даъватчиларнинг ижтимоий тармоқлар ва бошқа платформалардаги фаолияти анча ривожланган. Уларни кузатиб борувчилар сони кўпайишда давом этмоқда. Бунга Яқин Шарқдаги, айниқса, Сурия ва Фаластин ерларидаги беқарорлик катта ҳисса қўшмоқда. Чунки улар ўзларини мусулмонлар учун қайғураётган жонкуяр инсонлар қилиб кўрсатишида ана шу қуролли низоларнинг таъсири бор. Ўзлари демократик мамлакатлар ҳудудидан бошпана топганига қарамай, ёшларни Ўзбекистондаги демократик тузумни куфр тузуми, деб таъриф бериши, ҳукуматга қарши чиқиш лозимлиги ҳақидаги чақириқлари мантиқсизликдан бошқа нарса эмас.
Қолаверса, улар нуфузли илмий ташкилотлар ёки эътиборли уламолар тарафидан эътироф этилган ҳам эмас. Шундай бўлса-да, улар ўз чиқишларида ҳар қандай юртда учраши мумкин бўлган айрим ижтимоий муаммоларни қўшиб ўтиши уларнинг аудиторияси кўпайишига сабаб бўлаётир. Бундай кимсаларнинг баъзан ҳақиқатни гапириб, ортидан ноҳақликни ирода қилаётгани, буни эса дин борасида етук билимга эга бўлмаган ёшлар англаб етмаётгани уларга асқотмоқда.
Бунинг олдини олиш учун аввало, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш лозим. Қолаверса, адашган тоифалар даъволарининг нотўғри эканлигини исботловчи раддия шаклидаги видеомурожаатларни кўпайтириш ва уни халқимизга етказиш фойдадан холи бўлмайди.
Равшан ЭЛМУРОДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими.