Президент қўллаган ғоя амалда ўз самарасини беряпти

2025 йилда тадбиркорлар билан ўтказилган очиқ мулоқот давомида Давлатимиз раҳбарига Япония билан ҳамкорликда сервис соҳаси учун замонавий “Gastro Expert” ўқув лойиҳасини амалга ошириш ташаббусини билдирган эдим.

Ушбу лойиҳа орқали юртимиз ёшларини халқаро стандартлар асосида касбга ўқитиш, уларда замонавий сервис технологиялари ва амалий кўникмаларни шакллантириш ҳамда ўқув маркази фаолиятини янада кенгайтириш бўйича таклифларимни баён қилдим.

Президентимиз ушбу ташаббусни тўлиқ қўллаб-қувватлаб, уни ҳаётга татбиқ этиш юзасидан тегишли кўрсатма ва тавсиялар бердилар. Бу эса биз учун катта ишонч ва масъулият бўлди. Чунки бугунги кунда рақобатбардош иқтисодиётни замонавий технологиялар ва юқори малакали кадрларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Айниқса, сервис соҳасида халқаро тажрибани жорий этиш ва ёшларни замонавий касбларга тайёрлаш долзарб вазифага айланмоқда.

Президентимиз томонидан билдирилган ишонч ва яратилган имкониятлар самарасида бугунги кунга қадар “Gastro Expert” ўқув марказида 400 нафардан ортиқ ўғил-қиз сервис соҳасида халқаро талаблар асосида таълим олиб, касбий сертификатларга эга бўлди. Энг муҳими, уларнинг аксарияти доимий иш ўринларига эга бўлиб, меҳнат бозорида ўз ўрнини топмоқда. Бу эса мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий натижасидир.

Аҳмад Салоев,
Самарқанд шаҳридаги “SHASHLIK UZ” МЧЖ раҳбари.