Туришимиз, турмушимиз шу... (Фельетон ўрнида)
Свет ўчганда бир соат олдин 400 сўм турган шам 2 минг сўм бўлиб қоладику, нима қиласиз ўшанда? Ичингизда қарғайсиз-у, аммо индамай, оласиз. Ошиб борса биронта мардроғи: “Ака, 400 сўм-ку шам нархи”, дейди... Дўкончи ҳам: “Униси тугади, бу янги "партия", шунинг учун нархи бошқача”, деб жавоб беради. Туриш-турмушимиз шу-да, нима дейсизлар...
Байрам олди, ҳатто муқаддас Ҳайит байрами олдидан ҳам вилоятлар ўртасидаги такси қатнови нархи бирданига икки-уч баравар ошиб кетади, ўша гап, хапа бўлмайсизлар: туришимиз, турмушимиз шу...
Кеча уй таъмирини тугатган дўстингдан, уйингни бироз тузатмоқчи эканингни айтиб, устанинг телефон рақамини сўрайсан. Дўстинг эса ўз навбатида устага қўнғироқ қилиб: “Сенга битта “жирний клиент” топдим, яқин дўстим бўлади, ҳозир қўнғироқ қилади, менинг "доля"мни қўйиб айт, дейди... (Таксида худди шундай суҳбат гувоҳи бўлганман, ҳайдовчига: “дўстингга шунақа қилган бўлсанг, одам эмас экансан”, деб тушиб кетганман). Нима қилайлик - туришимиз, турмушимиз шу.
Тошкентда бировга ишинг тушса устига қўйиб нарх айтиши ва буни ҳамма тўғри тушуниши оддий ҳолат бўлиб қолганлиги ҳақида мисол бор эди, эсга келмай турибди, лекин менимча кўплар тушунди нима демоқчи эканлигимни.
Туришимиз шу, турмушимиз шу-да...
Яқинда оғир аҳволга тушиб қолдим, ҳолатимни кўриб туриб ҳеч нарса қилмай вазиятимдан пул ишлаш илинжида бўлганларни кўрдим, озроқ кўнглим оғриди, кейин эсимга тушди: туришимиз, турмушимиз шу...
Космик кемаларимиз осмонларни забт этаётган бир даврда бизнинг хаёлимиз фақат пул ишлашда бўлиб қолди шекилли, қаерга қарама туришимиз, турмушимиз соққа босиш...
Ҳурматли оғайинлар, у ёққа олиб кетиш йўлини топган бўлсаларинг "Соққа марафон 2.0" мавзусида тренинг очинглар, бизлар хам ўрганайлик...
Ана шунақа гаплар... Туришимиз, турмушимиз шул бўлиб ётган даврда иккита “билет” учун қий-чув қилиб ўтирманглар. Ундан кўра биронта ёрдам сўраганда ёки вазият пайдо бўлганда ўзларингни 2 сўм ишлаб қолишдан тийиб, ёрдамларинг текканидан маза қилишни ўйлашни бошласаларинг ажаб эмас, келажакда туришимиз, турмушимиз ўзгарса...
Хайрулла Мамасолиев.