Нега ҳамон газетага ёзяпман?

Инсон ўзининг улғайиш нуқтаси қаерда бошланганини эслаши унчалик қийин эмас. Мен учун бу нуқта бундан роса йигирма тўққиз йил аввал, дадамнинг иссиқ кафтидан тутиб, таҳририят остонасига илк бор қадам қўйган куним эди. Ўшанда роппа-роса ўн бир ёшда эдим. Дунё кўзимга каттакон бир китоб бўлиб кўринарди-ю, ўзимни шу китобнинг энг четидаги кичкина бир ҳарфдек ҳис қилардим гўё.

Қизиқ, дадам менинг ичимдаги ўша митти, ҳали тили чиқмаган оловни қаердан кўра қолган экан? Қайси ҳаракатимда, қайси бир хаёлчан қарашимда пайқаган экан ўша учқунни ҳалигача билмайман, ҳалигача ҳайрон қоламан. Ҳа, ота юраги доимо сергак тураркан. Аввалига устозим охиратлари обод бўлсин, Қаҳрамон Норбоевнинг ёнларига, сўнгра қўлимга митти дафтарчамни маҳкам қисиб олганча, ҳаяжондан тиззаларим қалтираб, “Пахтачи” газетаси таҳририятининг муқаддас остонасидан ҳатлаб ўтдим.

Эслайсизми, дада? Ўша кундаги Қаҳрамон Норбоев сиймоси ҳамон кўз олдимдан кетмайди. У киши ўшанда ҳали ёш эдилар. Нигоҳлари шундай ўткир, сўзлаши шундай салобатли эдики, у зотнинг ҳар бир каломи мен учун бутун бошли бир олам эди. Гўё мен оддий муаллимнинг хонасида эмас, балки Ҳазрат Навоийнинг рўпараларида тургандек эдим... Аъзойи баданимдан ҳайбат ва ҳаяжондан совуқ тер чиқиб кетганди.

Биласизми, “Пахтачи” газетаси таҳририятига кириб борган ўша куним бурнимга урилган янги босма қоғоз ва таҳририят сиёҳининг ҳиди миямга шундай ўрнашиб қолдики, кейинчалик энг қимматбаҳо франсуз атирлари ҳам кўнглимни бу ҳидчалик энтиктира олмади. Ёзган икки қатор машқим газета саҳифасида чиқиб, тагида исм-шарифимни кўрганимда, чамаси дунёдаги барча подшоҳлар тахтидан тушиб, менга таъзим қилгандек туюлганди. Одам боласи қизиқ, бир марта қоғоз ҳидини ҳидлаб, сиёҳнинг сеҳрига илиндими, тамом, уни кейин ҳеч қандай куч бу йўлдан қайтара олмайди.

Зотан, инсон шунчаки ўз-ўзидан шаклланиб қолмайди. Уни ҳаёт аталмиш буюк устахонада ўз сўзи, ўз феъл-атвори билан чиниқтирадиган, йўлига маёқ ёқадиган шахслар бўлади. Мен ҳам мана шу табаррук даргоҳда нафақат ижод қонуниятларини, балки энг гўзал инсоний сабоқларни ўргандим.

Қалбимда мангу муҳрланган ўша йилларда адабиётнинг, журналистиканинг ҳақиқий дарғалари муҳтарам устозларим Фармон Тошев, Исмат Санаев, Меҳридин Шамсиев, Муродулла Шукуров ва Эгамназар Тонготаровларнинг ҳар бир ўгитидан тўлиб-тошдим. Уларнинг ҳар бир дарси қаламимга салобат, фикримга теранлик бағишлади. Таҳририятнинг файзли муҳитида эса мен учун ҳар доим елкадош, суянчиқ бўлган, онамдек меҳрибон Жамила опамнинг самимияти ва ҳар бир ютуғимдан қувонган кўзлари ҳамон ёдимда.

Вақт ўтиб, иш жойларим ўзгарди, вазифалар ўзгарди, ҳатто тақдир тақозоси билан бугун бошқа бир вилоятда хизмат қилиб, ижод этиб юрибман. Аллоҳнинг менга атаб қўйган мана шу ризқ дарчалари, ижод эшиклари шунчалик кенг эканига минг бор шукр келтираман.

Қай гўшага қадам босмай, қайси вазифада ишламай, барибир қалбим ўша қоғоз ҳиди ва матбаа сиёҳининг сеҳридан узоқлаша олмади.

Биласизми, назаримда ичимда ўша, ўн бир ёшли митти қизча ҳамон яшамоқда. Масофалар ўзгарди, сочларимга оқ, юзларимга ҳаёт тажрибаси муҳрланди, аммо қадрдон даргоҳим ва ўша унутилмас хотиралар қалбимнинг энг тўрида муқаддас бир тумор каби сақланиб қолди.Бугун гоҳо ижтимоий тармоқлардаги саҳифамни кўздан кечирарканман, виртуал дунёнинг ўта шошқалоқ, ўта юзаки эканидан ич-ичимдан чарчайман. Смартфон экранидаги биргина бармоқ ҳаракати билан тепага қараб учиб кетаётган, умри бир сониялик "пост"лар, ўткинчи "лайк"лар... Буларнинг ҳаммаси шакарқандга ўхшайди гўё. Тилдаги мазаси тез ўтади, аммо вужудни тўйдирмайди, қалбни сира ҳам ёритмайди.

Одамлар ҳозир ҳамма нарсани тез ва осон истеъмол қилишга ўрганиб қолди. Бироқ шошилинч ёзилган нарсанинг қисмати ҳам шошилинч унутилиш бўларкан. Бу нарса кўп бор синовимдан ўтди. Ишонаверинг. Бобомиз Абдулла Қаҳҳор ҳикояларидаги ўша пишиқ, ҳар бир сўзи тарозига қўйиб айтилган, ортиқча битта бўёқ ишлатилмаган теранликни бугунги виртуал шовқин-сурондан топиб бўлмайди. Бир сўз билан Қаҳҳорона ибора остида айтадиган бўлсам, гап матннинг катталигида эмас, унинг мағзида, суяк-суягигача етиб борадиган та’сиридадир. Сўзнинг ҳақиқий жозибаси томирингдаги қонингга қўшилиб оқмас экан, у бекор.

Ҳа, мен ҳамон газетага ёзяпман. Чунки газета асло ўткинчи мода эмас, у – вақт элагидан омон ўтадиган хотира ҳужжати. У ўқувчидан шошмасликни, бир пиёла чой устида, чуқур нафас олиб, фикрлашни талаб қилади. Биласизми, айнан мана шу мувозанат, мана шу сокин мулоқот мени ҳамон ўзига тортади.

Бугун сочимдаги оқлар ҳам, ҳаётнинг аччиқ-чучугини кўрган кўзларим ҳам таҳририят остонасига келганда яна ўша самимиятни, ўша илк ҳаяжонни қидиради. Мен учун энг юксак бахт шунча йиллар ўтса ҳам, бу муқаддас даргоҳ эшикларининг мен учун ҳамон ланг очиқлигидир. Бу менинг тириклигим, ижодий нафасим қотиб улгурмаганининг исботи десам, мутлоқ адашмайман.

Ҳа, мен ҳамон газетага ёзяпман.  Чунки у мени ҳамон болалигимга, ўша беғубор митти қизчанинг дунёсига қайтаради. Унда устозларим Қаҳрамон Норбоевнинг  менга ишонч билан боққан нигоҳлари, Фармон Тошев билан ҳар бир сатр устида заргардек ишлаган тунларимизнинг ёди бор. Токи бармоқларим қалам тутишга қодир экан, токи кўнглимда одамларга айтадиган сўзим бор экан, бу муқаддас садоқат риштаси асло узилмайди.

Масофалар йироқ, вазифалар улкан бўлса-да, мен барибир ёзишда, ўз сўзимни қоғоз тамаддунига муҳрлашда давом этавераман.

Гулчирой АБДУЛЛАЕВА.