Энди туғмайман...

Шифокорларга 200, камида 50 доллар, ҳали ҳамширалар ҳам бор

"... Синглим яқинда фарзандли бўлди. 4 кун туғруқхонада ётган бўлса, 1,5 минг доллардан зиёд пул кетибди.
Катта фарзанди мактабга чиққан, узоқ вақт ҳомиладор бўлолмаганди.
"Опа, ҳозир врачлар тиланчи (талончи!) бўлиб кетибди-я", дейди.
Кесарча кесиш йўли билан фарзандини қўлга олди...
Куёвдан операция қилган врач 200 доллар, ёнида қатнашган яна иккита шифокор 50 доллардан пул сўрабди. Яна сўровчи ҳамширалар ҳам.
Деярли ҳамма дори - дармонини ўзлари олиб беришган.
Яна уйга жавоб берадиган куни уялмасдан, қаторлашиб туришганмиш. Охирги кун биттаси келиб, мен педиатрман (детский врач) дейди. Унга ҳам пул бериш керак экан. Синглим уни шу 4 кун ичида бирон марта кўрмаган.

Палатада бирга ётган ёш келинчакнинг яқинлари пул беришмагунча, у бечорага ҳеч ким қайрилиб қарамабди!
"Бу нимаси, опа? Яна давлат касалхонаси. "Частний"да туғсам бўлмасмиди?!
Илгари бунақа эмасди-ку, фақат қўлингга қарашаркан.
Пули бўлмаганннинг ҳолига вой.
Жони икки дунё орасида илиниб турган ҳомиладор аёлларга ачиниб кетяпман.
Бошқа туғмайман-эй, бунақа дўхтирларга дуч келгандан, туғмаган маъқул", дейди синглим.

Ўша куни тўрт кишини операция қилиб туғдиришган. Ўша врач аёл бир кунда қанча топаётганини тасаввур қилинг! Тиббиёт ходимлари энг кам маош олишади, дейишади. Уларга маошнинг кераги йўқ, кунда шунақа тушум бўлгандан кейин. Бу инсофсизлик эмасми?.."

Қўшни аёл куйиб - пишиб яна бир нималар деди. Қулоғимга кирмади, рости. Бу ой бир яқинимнинг кўзи ёриши керак - хаёлим ўшанга кетди. Уларда бунча пул бормикан, ишқилиб? Туғишдан олдин шундоғам бизда ҳамма йиғинади, тайёргарлик кўради - бу одат.
Ишқилиб инсофли докторларга дуч келсин-да!
Иштаҳаси "ғор"лар учрамасин!
Нима дедингиз?

Гулчеҳра БЕРДИЁРОВА.