Демографик дунё

Давр мезони
Ҳар бир даврнинг ўз қиёфаси, ўз мезонлари бўлади. Биз мактабда ўрганган тарихда тарози паллалари жуда оддий номланарди. Қулдорлик жамиятида "қуллар-қулдорлар" синфи, феодализмда "феодаллар-деҳқонлар", капитализмда "сармоядорлар ва йўқсуллар", коммунизмда эса синфлар йўқолиб кетиб, жамиятнинг барча аъзолари тенглашиши кўзда тутилганди.

Афсуски, коммунистик утопия тарих мулкига айланиб кетганига анча бўлди. Гарчанд, дунёнинг баъзи мамлакатларида компартиялар ҳануз мавжуд бўлса-да, уларнинг фаолияти аллақачон ўзгача нокоммунистик изга тушиб қолган. Масалан, Хитойдаги Марксча, Ленинча, Сталинча коммунистик фирқа давлат капитализмининг сиёсий дастёрига айланиб улгурди. Россияда эса байналмилалчи комфирқа ворислари рус шовинистлари билан оғиз-бурун ўпишмоқда. Дунёнинг бошқа мамлакатларидаги коммунистик партиялар ҳам собиқ СССР тимсолида ўз раҳнамоларидан жудо бўлгач, сувга тушган тошдек бирма-бир йўқолиб бораётир. Зиддиятли дунё бугун тарих саҳнасига ўзининг янги ўйинчиларини чиқармоқда. Уларни шартли равишда "ўнглар" ва "сўллар" деб аташмоқда. Ўнглар жамият бошқарувида анъанавий усуллар тарафдори, сўллар эса янги-янги ечимларни излаш билан овора. Аввало, "ўнг-сўл" атамасининг пайдо бўлиш тарихига бир назар солиб кўрилса, бунинг сабаблари ойдинлашади.

1789 йилда Франция парламентидаги депутатлар ўз дунёқарашларига кўра икки гуруҳга бўлинди. Қирол тарафдорлари залнинг ўнг томонига, инқилоб ва ислоҳот тарафдорлари эса чап томонга ўтириб олишди. Мажлисдан сўнг сиёсатшунослик илмига "ўнглар" ва "сўллар" деган атамалар кириб келди. Шундан буён консерватив бошқарув тарафдорлари ўзини ўнглар, социал-демократлар эса сўллар дея атай бошлади. "Ўнглар" қиролни, черковни ва эски тартибларни қўллаб-қувватларди. "Сўллар" эса қиролни, черковни ҳокимиятдан четлаштириб, озодлик, тенглик ва янги қонунлар тарафдори эди. ХIХ аср давомида "сўллар" ўз ғояларини бутун дунё бўйлаб тарғиб-ташвиқ эта бошлади. ХХ асрнинг иккинчи ярмига келиб, улар Ер куррасининг ярмига ўз мафкураларини тўлиқ ёйишга эришди.

Россияда 1917 йили октябр инқилоби ғалаба қозонгач, бир муддат ўтиб, дунё харитасида ўнлаб йирик социалистик давлатлар пайдо бўлди. Кўпгина Ғарб мамлакатларида социал-демократлар бошқарувни ўз қўлига олди. Айтиш мумкинки, ХХ аср “сўл”лар даври бўлди. Аммо бу аср охирига келиб дунёнинг пешқадам социалистик мамлакати СССР заволга юз тутгач, жаҳон миқиёсида "сўл" сиёсий кучларнинг қуввати сўна бошлади. Тарих соатининг кафгири "ўнг" томонга қараб оғди. Ғарб дунёсидаги сўл кучлар ҳам бирин-кетин ўз марраларини бой беришди. Масалан, ҳозир Россиянинг деярли барча аҳолиси "янги подшоҳ" — Путин тарафдори бўлса, АҚШдаги сайловчиларнинг ярмидан кўпи "янги қирол" — Трамп учун овоз берди. Россияда сўл кайфиятдаги кишилар шафқатсиз қувғин қилинмоқда, Америкада эса Трамп демократик партияни биринчи рақамли душман, деб эълон қилди. Хитойда коммунистик партиянинг шунчаки, номи қолган, холос.

Дунёнинг етакчи давлатларида шу аҳвол бўлгач, кичик мамлакатлар ҳақида гапиришнинг ўзи ортиқча. Ҳозир Европа иттифоқидан ташқари, кўпгина мамлакатларда ўнг қанот фирқалар ҳукмронлик қилмоқда. Улар гарчанд, ўзларини замонавийлаштириб, либерал, демократ, социалист, дея атаётган бўлсалар-да, моҳиятан консерватив “ўнг” кайфиятдаги гуруҳлардир. Трамп, Путин, Си Жинпин, Моди, Ҳуманаий, Эрдўғон сингари йирик сиёсий арбоблар ўзини ким деб танитишларидан қатъи назар, уларнинг барчаси авторитар бошқарув усули тарафдори. Халқаро кураш майдонида АҚШ, Хитой, Ҳиндистон, Туркия, Россия, Эрон сингари давлатларнинг тобора кучайиб бораётгани "ўнг" қанот сиёсатчиларни тобора илҳомлантирмоқда.
 
Жигарранг хатар 

Бир неча йил бурун жаҳоннинг кўзга кўринган олимлари Бирлашган миллатлар ташкилоти Бош котибига мактуб йўллаб, дунё миқёсида популистик миллатчиликнинг кучайиб бораётганлиги, бу эса охир-оқибат, либерал-демократик қадриятларнинг барбод бўлишига, фашизмнинг қайта жонланишига ва турли мамлакатларда янги-янги зиддият ўчоқларининг пайдо бўлишига олиб келиши мумкинлиги ҳақида жиддий огоҳлантирдилар. Шундан сўнг дунё ҳамжамияти бу борадаги вазиятни ўрганиб чиқиб, махсус вакилнинг ҳисобот маърузасини тинглади ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилди.

Шу ўринда, аввало, популистик миллатчилик нима эканлиги ҳақида қисқагина маълумот беришга тўғри келади. Давлат бошқаруви жараёнида муаммоларга учраган сиёсий элита ўзининг тор сиёсий манфаатларини кўзлаб, оддий фуқаролар онгидаги салбий ҳиссиётларни уйғотишга уринади. Айтайлик, “мигрантлар мамлакатимизда жиноятчиликнинг ошишига сабаб бўлмоқда” ёки “қашшоқ яшаётганимизга муҳожирлар айбдор”, деган уйдирма гапларни урчитиб, тарғибот-ташвиқот тизими орқали халқининг қулоғига қуяди. Қизиғи шундаки, бундай иддаолардан нафақат давлат бошида турганлар, балки улар билан ихтилофда бўлган мухолифатчилар ҳам унумли фойдаланишади. Масалан, АҚШ президенти Доналд Трамп сайлов олдидан муҳожирлар америкаликларнинг нонини яримта қилаётгани, иш берувчилар корхоналарини хорижга олиб чиқиб кетаётганлиги қашшоқлар сонининг ошишига сабаб бўлаётганлиги ҳақида гапириб, ўз тарафдорларини кўпайтиришга эришганди.
Бундан ташқари, бу арбоб АҚШда ирқчилик ва миллатчиликни рағбатлантириб, сиёсий манфаатлари йўлида фойдаланганлиги ҳам америкаликларнинг азалий демократик қадриятлари асосини анча заифлаштириб қўйди. Франциялик популист Марин Ли Пен эса расмий ҳукуматга қарши халқни гиж-гижлаш мақсадида мусулмон муҳожирлар сонининг ортиб бораётганлиги мамлакатнинг демократик келажагига хавф-хатар пайдо қилиши ҳақида кунда бўлмаса, кунора сафсата сотиб келмоқда. Бунда у Франциянинг турли шаҳарларидаги террорчилик ҳаракатларини рўкач қилиб кўрсатяпти. Бироқ бу воқеаларга аслида муҳожирлар эмас, балки Франция жамиятидаги ксенофобия кайфияти ва одамларнинг диний ҳис-туйғуларига нисбатан содир этилаётган тажовузлар сабаб бўлаётганлигига ҳеч ким эътибор бермаяпти.

Бирлашган миллатлар ташкилотининг инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн берган маълумотларига кўра, бу ҳолат ўзини демократик, деб ҳисоблайдиган бошқа мамлакатларда ҳам кузатилмоқда. Австриялик Норберт Хафер, чехиялик Милош Земан, венгриялик Виктор Орбан, нидерландиялик Герта Виллер, словакиялик Роберт Фицо, британиялик Найжела Фараж, россиялик Александр Дугин сингари сиёсий арбоблар ўзининг популистик демагогияга асосланган турли иддаолари билан бағрикенглик ва толерантлик ғояларига суянадиган Европа жамияти қадриятларини оёқости қилишмоқда. Кўп ҳолларда улар келтирган далиллар ҳеч қанақа мантиқий асосга таянмайди.
Жумладан, Венгриянинг собиқ бош вазири Виктор Орбан муҳожирлар пайдо қилаётган хатарни пуфакдек шишириб, ўз халқини қўрқитганди. Ҳолбуки, мамлакатдаги 10 миллион фуқаро орасида бор-йўғи 10 минг 559 киши Осиё ва Африка мамлакатларидан келган муҳожирлар бўлган. Уларнинг Венгрия жамиятига қанақадир жиддий хавф-хатар пайдо қилиши ақлга сиғмайдиган гап. Тўғри, муҳожирлар табиий равишда кўпайиб, қачонлардир нуфузи миллионга етар. Аммо у пайтда мигрантларнинг авлодлари ассимляцияга учраб, аллақачон маҳаллий аҳоли билан аралашиб кетган бўлади.
Яқинда Шимолий Ирландияда муҳожирларга қарши бўлиб ўтган намойишлар сабабини ўрганиб кўрадиган бўлсак, Европа мамлакатларида ҳам ксенофобия авж олиб бораётганига гувоҳ бўламиз. Тартибсизликларга суданлик мигрантнинг маҳаллий аҳоли вакилига ҳужум қилгани сабаб бўлгани айтилмоқда. Бунда ниқоб таққан одамлар муҳожирлар яшайдиган уйларга ўт қўйишган, "Хорижликлар йўқолсин!" дея ҳайқиришган.
 
Демократик демография

Учбу ҳолатларни таҳлил қилиш давомида кишида турли фикрлар пайдо бўлади. Ҳар бир мамлакатда у ёки бу турдаги жиноятларнинг содир бўлиб туриши бор гап. Оммавий ахборот воситалари бу ҳақда узлуксиз хабар бериб турибди. Бироқ муҳожирлар томонидан содир этилган жиноятларга алоҳида урғу берилиб, керагидан ортиқ эътибор қаратилса, содир этилган жиноятга нисбатан ўн-юз бора оғир оқибатларни келтириб чиқариши мумкин. Бир одамнинг ўлими ҳақида қўзғатилган шов-шув юзлаб-минглаб одамларнинг ҳалокатига сабаб бўлиши кўп кузатилган ҳолат. Шу маънода, бу хилдаги жиноятлар ҳақида гапирганда оғирлик ва вазминлик билан ёндашмоқ лозим.

Қизиғи, дунёдаги айрим йирик давлатлар шу хилдаги муаммолардан фойдаланиб, ўзининг геосиёсий ёки иқтисодий муаммоларини ҳал қилиб олишга тиришмоқда. Масалан, Путин раҳбарлигидаги сиёсий кучлар Европа Иттифоқидаги ички зиддиятлардан фойдаланиб, уни ич-ичидан емириб ташлашга уринмоқда. Кремл кўҳна қитъадаги миллатчи “ўнг” унсурларга ҳам моддий, ҳам маънавий кўмак бериб, иттифоқда тартибсизлик ва саросима келтириб чиқаришга интилмоқда ва бу мақсад йўлида миллиардлаб маблағларини сарфлаяпти. Айтиш мумкинки, бу борада қандайдир натижага ҳам эришмоқда. Кейинги пайтда Шимолий Ирландия ҳамда Италияда бўлиб ўтган нохуш воқеалар буни далиллаб турибди. Хабарларга кўра, Италия пойтахти кўчаларига миграция тарафдорлари ва рақибларининг ўн минглаб иштирокчилари намойишга чиққан. Бундан мақсад Ғарб дунёсидаги келишмовчиликларни авж олдириб, тартибсиз муҳит ҳосил қилишдир.

Айтайлик, 2015 йилда Сурияда уюштирилган хунрезликлар оқибатида миллионлаб қочоқлар Европага мўр-малахдек бостириб кирди. 2022 йилда худди шу ҳолат Украинада кузатилди. Қарийб ўн миллионга яқин украиналиклар рус босқинидан қочиб, Ғарб мамлакатларига чиқиб кетишди. Европада муҳожирларнинг кўпая бориши ўз навбатида маҳаллий аҳолига малол кела бошлади. Бундай вазият Европадаги ўнг қанот сиёсий кучларнинг тегирмонига сув қуймоқда. Бу эса популистик миллатчи партияларнинг обрўсини оширмоқда.

Масалан, ўнгконсерватив "Германия учун муқобил йўл" (АФГ) партияси бугунги кунда мамлакатда иккинчи ўриндаги сиёсий кучга айланиб улгурди. Европанинг бошқа қисмларида ҳам социал-демократлар ўз ўринларини аста-секинлик билан миллатчи ўнг партияларга бўшатиб бермоқда. Бироқ бугунги дунёдаги тарихий воқелик шундайки, ривожланган мамлакатларда туғилиш миқдори камайиб, маҳаллий аҳолининг нуфузи йилдан йилга тушиб бормоқда. Бу эса ўз навбатида, жамиятларда демографик муаммоларни ҳал қилиш эҳтиёжини пайдо қилмоқда. Шу маънода, буни қандайдир фожиа сифатида талқин қилиш ўнгқанот миллатчи партияларнинг сайловолди пиарларига ўхшаб кетади. Тўғри, улар орасида чинакам ватанпарвар миллатчи унсурлар бўлиши мумкин. Қизиғи шундаки, уларнинг аксарияти камфарзандли ёки умуман фарзандсиз кимсалардир. Бола туғиб тарбиялашдан қочадиган жамиятларни қанақа келажак кутиши аввалдан маълум эканлиги ҳақида гапиришнинг ҳожати бўлмаса керак.

Ўрни келганда шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, собиқ СССРнинг парчаланиб кетишига ҳам аввало, демографик омиллар сабаб бўлгани айни ҳақиқат. Мамлакатга Михаил Горбачёв раҳбарлик қилган қайта қуриш йилларида шовинизм ва миллатчилик бош кўтарди. Миллий республикаларда мустақил давлат бўлиш имкони пайдо бўлди. Марказ эса бунга айтарли қаттиқ қаршилик кўрсатмади. Бунинг сабаблари эса кўпгина биз биладиган ва билмайдиган омилларга бориб тақалади. Жумладан, демографик тадқиқотлар билан шуғулланувчи олимларнинг ҳисобига кўра, 2050 йилга бориб СССРда мусулмон аҳоли сони христианлар сонидан ошиши кутилаётган эди. Бу ўз навбатида, тарих тарозиси палласининг қай томонга қараб оғишини аниқ кўрсатиб турарди.
Шу маънода, Европа учун ҳам ўз демографик муаммоларини ҳал қилишда худди Россияда бўлганидек, муҳожирларга йўл очиб беришдан ўзга чора йўқ.

Худойберди КОМИЛОВ,
сиёсий шарҳловчи.