100 фоизлик натижа:Oxford international school бунга қандай эришяпти?
Самарқанд шаҳрида Oxford international school номли хусусий мактаб тўрт йилдан буён фаолият олиб бормоқда. Мактаб асосчиси шаҳардаги Fast Education ўқув маркази раҳбари Ботир Жўраевдир. Таълим тизими халқаро стандартлар асосида жорий этилган мазкур мактаб ўқувчиларни дунё тан олган халқаро сертификатларга тайёрлайди. Шу боис битирувчиларнинг 100 фоизи нуфузли хорижий ва маҳаллий олий таълим муассасаларига ўқишга киради. Мактаб битирувчиларининг барчаси инглиз тилидан IELTS сертификатини қўлга киритган. Шунингдек, битирувчиларнинг 70 фоизида математикадан SAT халқаро сертификати ҳам бор. Хўш, улар бундай натижага қандай эришяпти? Келинг, шу ҳақда гаплашамиз.

Мактабимиз математика, инглиз тили, IT ва AP (advanced placement)соҳаларига ихтисослашган бўлиб, мазкур фанлар чуқурлаштирилган ҳолда ўқитилади, - деди мактаб менежери Шохрух Султонов. – AP дастури ўрта мактаб ўқувчиларига университет даражасидаги ўқув дастурлари ва имтиҳонларни таклиф қилади. AP имтиҳонларида яхши балл олиш орқали талабалар университет кредитларини олишлари, университетга кириш курсларини ўтказиб юборишлари ва ўқиш учун сезиларли даражада тежашлари мумкин.

Ўқувчилар тушликкача ихтисослашган фанлар бўйича таълим олади, яъни ушбу фанлар чуқурлаштирилган ҳолда ўтилади. Шунинг учун ҳам очилганимиздан бери ўқувчиларимизнинг юз фоизи IELTS сертификати билан мактабни тугатяпти. Тушликдан кейин ўқувчилар давлат таълим стандартлари асосида ўқитилади. Дарслар эрталаб соат 08:00 дан 17:00 гача бўлади. Болаларга мактабда икки маҳал овқат берилади.
Хусусий мактаб 2022 йилда 180 нафар ўқувчи билан иш бошлаган. Ўша пайтда мактаб сиғими 250 нафар болага мўлжалланган. Бугун хусусий мактаб 1200 ўринли янги ва замонавий жиҳозланган бинода фаолиятини давом эттирмоқда. Янги мактаб биноси ўтган ўқув йилида очилган. Мактаб коридорида ўқувчилар учун китоб ўқийдиган жойлар, теннис майдончаси, турли гуллардан иборат яшил боғ ташкил қилинган. Танаффус пайтида ўқувчилар бироз диққатини жамлаши, мияга дам бериш мақсадида теннис ўйнаши, гулларни парвариш қилиши ёки китоб ўқиши мумкин.

- Айни пайтда мактабимизда 430 нафар бола таълим олмоқда, - дейди Ш.Султонов. – Ўқув биномизнинг сиғими етарлиги боис янги ўқув йилидан бошлаб 1-синфдан 11-синфгача бўлган болаларни ўқишга қабул қиламиз. Бизда 1-синф болалари суҳбат асосида, 5-синфдан 11-синфгача бўлган ўқувчилар танлов асосида мактабга қабул қилинади. Талабгорлар математика ва инглиз тилидан имтиҳон топширади. Имтиҳондан ўтолмаганлар мактабга қабул қилинмайди.
Дарҳақиқат, мактаб натижалари қувонарли. Масалан, 2024-2025 ўқув йилида Oxford international school’ни 43 нафар ўқувчи битирган. Уларнинг барчасида инглиз тилидан IELTS сертификати, 37 нафарида математикадан SAT халқаро сертификатибўлиб, ўқувчиларнинг 22 нафари АҚШ, Европа, Жанубий Корея, Хитой, Бирлашган Араб Амирликлари каби хорижий топ университетларга ўқишга кирган. Қолганлари юртимиздаги нуфузли олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинган.

2025-2026 ўқув йилида хусусий мактабимизни 30 нафар ўқувчи тугатяпти, - дейди мактаб менежери. – Уларнинг барчаси юқори баллар билан инглиз тилидан IELTS халқаро сертификатини қўлга киритган. Битирувчиларнинг 24 нафарида математикадан SAT халқаро сертификатибор. Бугунга қадар ўқувчиларнинг 50 фоизга яқини нуфузли хорижий олий таълим муассасаларига ўқишга кирди. Қолганлари имтиҳон топшириш ва имтиҳон натижаларининг чиқиш жараёнида. Ўқувчиларимиз қўлга киритаётган ютуқлардан бемалол фахрлана оламиз. Масалан, хусусий мактабимиз ўқувчиси Хосиятбону Ҳамроқулова “Президент Иқтидорли Фарзандлари” лойиҳаси доирасида Ўзбекистон бўйича сараланган энг кучли 40 нафар ўқувчилар қаторидан жой олди. У танлов якунларига кўра республика миқёсида 9-ўринни эгаллаб, Самарқанд вилояти бўйича энг юқори натижани қайд этди.Хосиятбону IELTS халқаро имтиҳонидан 7.0, SAT имтиҳонидан эса 1490 балл тўплаган. Бундан ташқари, у бир қатор халқаро олимпиада ва танловлар ғолибаси ҳисобланади.

Албатта, бундай натижаларнинг ортида билимли, маҳоратли, фидойи ўқитувчиларнинг ҳиссаси катта. Хусусий мактаб ҳар бир ўқитувчини имтиҳон асосида ишга қабул қилади. Шунинг учун мактабга етук билимга эга, ўз касбини астойдил яхши кўрувчи ўқитувчилар ишга қабул қилинган.
- Аввал давлат мактабларида ишладим, аммо турли тадбирлар туфайли болалар билан кўп шуғуллана олмасдим, - дейди мазкур мактаб ментори Саодат Рустамова. – Менга қоғозбозликдан кўра ўқувчилар билан жонли ишлаш ёқади. Ментор дегани ҳам синф раҳбар, ҳам психолог лавозими бўлиб, боланинг ҳамма саволларига жавоб берадиган, унга ҳар томонлама ёрдам берадиган шахс. Биз кабинетда ўтирмаймиз, доим болалар билан мулоқот қиламиз. Уларни қийнаётган муаммоларни аниқлаб, ота-онаси билан ҳамкорликда болага ёрдам берамиз. Шунингдек, биз эрталаб дарсга келмаган ўқувчиларнинг ота-онасига телефон қилиб, боланинг нега дарсга келмагани сабабини аниқлаймиз. Бундай усул орқали бошқа мактабдан келган ва қатъий интизомга кўникмаган баъзи ўқувчиларни 2-3 ойда тартибга солиб оламиз.

Oxford international school хусусий мактабига 10-синфдан келдим, - дейди Меҳрангиз Меҳрожова. – 10-синфнинг охирида инглиз тилидан IELTS халқаро сертификатига имтиҳон топширдим ва 7,5 балл билан сертификатни қўлга киритдим. Мактабимизда ташкил қилинган ёзги дарслар давомида SAT халқаро сертификатига тайёрландим. Сентябрь ойидан мактабимизда AP’га тайёрланиш бошланди. AP ва SAT’га биргаликда тайёрландим. Март ойига келиб SAT халқаро сертификатидан 1540 бални қўлга киритдим. Сўнгра AP’га топширдим, буни ҳали натижаси чиқмади. Давлат мактаби билан Oxford international school’нинг фарқи жуда катта. Бу ерда биринчи навбатда атрофдагиларнинг дунёқараши, ўқитувчиларнинг дарс ўтиш маҳорати ва ҳар бир ўтилган дарс бўйича сўраши ўқувчини буткул ўзгартириб юборар экан. Мактабда билимлилар орасида билмасдан ўтириш уят, шунинг учун ҳам ҳар бир ўқувчи дарсни аъло даражада бажаради.

Хусусий мактаб ўз ўқувчиларини турли лойиҳалар ва халқаро олимпиадаларда иштирок этишини қўллаб-қувватлайди. Масалан, йил давомида ўқувчилар Малайзия, Бирлашган Араб Амирлиги давлатларида инглиз тили ва математикадан бўлиб ўтган халқаро олимпиадаларда қатнашиб, биринчи ва олий ўринларни қўлга киритишди. Айни пайтда ўқувчилар жорий йилнинг 27 июлида Жанубий Кореяда бўладиган халқаро олимпиадада иштирок этиш учун тайёргарлик кўришмоқда.
Хусусий мактаб ўқувчиларга кўплаб имтиёзлар беради. Масалан, ўқувчилар IT соҳасида ҳам халқаро сертификатларга эга бўлади. Мактабни битиргач, сертификати борлар IT соҳасида ўқишини давом эттириши ёки ишлаши мумкин. Бундан ташқари, мактаб ҳайдовчилик гувоҳномаси бўйича ўқитади. Мактаб битирувчилари 18 ёшга тўлгач, имтиҳон учун тест топшириб, ҳайдовчилик гувоҳномасини қўлга киритади.

Халқаро таълим ва хориж университетларига кириш бўйича рақобат кучайиб бораётган бир пайтда, бундай хусусий мактабларда ўқиш ўқувчиларга кенг имтикониятлар беради. Негаки хориж олийгоҳларига тайёргарлик жараёнида нафақат билим, балки тўғри йўналтириш, академик муҳит ва менторлик ҳам катта роль ўйнайди. Хусусий мактаб ўқувчиларига бу борада аниқ ва тўғри йўналиш бера олади.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА.
Реклама ҳуқуқи асосида.