Ўқув марказда билимсиз бола йўқ: Бунга қандай эришилади? “Fast Education”дан энг самарали ўқитиш усуллари ҳақида
Бугун олий таълим муассасаларида ўқишни истовчилар мактабданоқ қўшимча дарс олиш мақсадида ўқув марказларига қатнамоқда. Ота-оналар ҳам мактабдан кўра “репититор”га ишонади. Сабаби, ўқув марказларида таҳсил олаётган ўқувчиларнинг 90 фоиздан кўпроғи ўқишга киряпти. Нима учун? Ўқув марказларидаги таълим дастурлари мактабникидан нимаси билан фарқ қилади?
Ушбу саволларга жавоб топиш мақсадида мингдан ортиқ ўқувчи таҳсил олаётган Самарқанд шаҳридаги “Fast Education” ўқув маркази раҳбари Ботир Жўраев билан суҳбатлашдик.
- Ўқув марказида грамматикани ўрганмасдан, сўз ёдламасдан чет тили ўқитилар экан. Бунга қандай эришилади?
- Аслида грамматикани ўрганмасдан чет тилини ўзлаштириб бўлмайди. Ўқувчиларга грамматика ўтилади, лекин услуб бошқача. Масалан, 10 йил олдин ўқувчиларга дарс бераётганимизда “Биз бугун ҳозирги замон феълини ўтамиз. Унинг мана бу қоидалари бор” дер эдик. Энди эса болалар матнни ўқиб, феълларни қандай келишини ўзлари топиб олади, яъни болаларга грамматикани билдирмасдан ўргатиб қўяяпмиз. Бугун ўқитувчи доскага бирон қоидани ёзиб, уни дафтарга кўчиртирмайди. Болаларнинг назарида худди грамматика ўтилмаётгандек, лекин аслида грамматика ўтилади, чунки бусиз бўлмайди.
- Демак, сизларда грамматика қонун-қоидалари бошқача ўқитилар экан-да.
- Худди шундай. Грамматиканинг қоидаси болаларга қийин туюлиши мумкин. Шунинг учун биз уларга осон усулда ўргатишга ҳаракат қиламиз. Ўқитувчи дарсда фақат ўзи гапирса, ўқувчилар тинглаб ўтирса, уларга кўп билим бера олмаймиз. Ўқувчиларнинг ўзидан фикр олинса, сифатли ва самарали дарс бўлади. Масалан, тарих фанида ўқитувчи келиб, дарсни ўқувчиларга айтиб беради, шу билан дарс тугайди. Менинг услубимда эса ўқитувчи дарсга келиб, ўқувчиларга ўтиладиган мавзу бўйича савол беради. Масалан, “Иккинчи жаҳон уруши ҳақида қандай фактларни биласиз?” дейди. Табиийки, болалар эшитганларини айта бошлайди. Ўқитувчи уларни бирма-бир доскага ёзиб чиқади. Йигирмата факт доскага ёзилгач, ўқитувчи болаларга мана шунча маълумотларни билар экансиз, баракалла деб уларни руҳлантиради. Энди “Иккинчи жаҳон урушига нима сабаб бўлди?” дейди. Болалар яна сабабларни айта бошлайди. “Учинчи жаҳон уруши бўлмаслиги учун нима қилишимиз керак?” дейди ўқитувчи. Ўқитувчи болаларнинг фикрларини доскага ёзади. Шу тарзда дарс қизиқарли ва жонли тарзда кечади. Болаларнинг хотирасида ўзаро фикр алмашиб, доскада ёзилган факт ва рақамлар ўқитувчи шунчаки гапириб бергандан кўра яхши сақланиб қолади. Мазкур усул танқидий фикрлашни шакллантиради, шунингдек ёшларда бағрикенгликни ҳам юзага келтиради. Бу усулни бошқа фанларда ҳам қўллаш керак. Ўқитувчи камроқ гапириб, ўқувчиларни дарсда кўпроқ гапиртирса, яхши натижа олади.
- Бундай дарс ўтиш усулларини қаердан ўргангансиз?
- Бу усуллар хориж тажрибаси. Мен ҳар йили ўз устимда ишлаб, хорижий сертификатлар олиб келаман. Масалан, 2021 йилда Кембриждан “Устозларнинг устози” деган янги сертификат олдим. Насиб бўлса, бу йил бундан ҳам каттароқ сертификатни олишни мақсад қилганман. Дарсларда қандай усул қўллаш керак, болаларни қандай жалб этиш мумкинлиги устида тинмай изланаман. Масалан, ўн йил олдин болаларга мавзуни ўтардик ва уй ишини бериб юборардик. Ҳозирги болалар уйда кам дарс қилади. Болаларни уйида чалғитадиган нарсалар кўп: телевизор, компьютер, телефон кабилар дарс тайёрлашга ҳалақит беради. Шунинг учун улар уйида кам дарс тайёрлайди. Ўқувчиларга дарс жараёнида мавзуни 80 фоиз бажартириб юборишга ҳаракат қиламиз. У уйида дарсни қилмаган тақдирда ҳам мавзу бўйича 80 фоиз билими бўлади. Уйга вазифа сифатида болага кўп эмас, мақсадли уй иши бериш керак.
- Балки, мактабларнинг муаммоси шундадир? Ўн йил мактабда ўқиган бола чет тилини билмайди. Уларга худди сиз айтганингиздек, мавзу ўтилади ва уй ишини уйда тайёрлаб кел, дейилади.
- Мавзу ўтилгандан кейин дарсда камида уч хил машқ қилиниши керак. Масалан, замонлар ҳақида мавзу ўтдингиз. Уни болаларга гапиртириб машқ қилдириш керак. Мазкур мавзуни мустаҳкамлаш учун камида уч хил машқлар бажариш керак бўлади. Иншо ёздириш орқали бола матнда замонни қандай қўллай оляпти, буни текшириш лозим. Кейин мавзуга оид матнни эшиттириб, машқ қилдирилса, бола мавзуни дарснинг ўзида 80 фоиз ўзлаштириб олади. Агар ўқувчилар дарсда ушбу машқлардан бирини яхши қўллай олмаса, демак ўқитувчи дарсни яхши тушунтирмаган бўлади. У яна мавзуни такрорлаб, болаларга тушунмаган томонларини ўргатади.
- Ўқув марказингизнинг неча фоиз ўқувчиси олий таълим муассасаларига ўқишга киряпти?
- Ўқувчиларнинг 90 фоиздан кўпроғи олий таълим даргоҳларига ўқишга киряпти. Бизда инглиз тилини ўргангач, IELTS халқаро сертификати берилади. 5,5 балл олган ўқувчи ҳам маҳаллий олий таълим муассасаларига бемалол кира олади. Бизни хурсанд қиладиган томони - бизнинг марказда бундан юқори балларни қўлга киритиш кўзланади ва шундай бўлиб келмоқда. 8-8,5 балл олган ўқувчиларимиз ҳам жуда кўп. Яқинда вилоят халқ таълими бошқармасида ўқитувчилар учун бўлган тадбирда бошқарма вакилларидан бири “Олий таълим муассасаларига ўқишга кирган самарқандлик талабаларнинг 50 фоизидан кўпроғи “Fast Education” ўқув маркази ўқувчилари”, деди. Ўша куни бу статистикани эшитиб, жуда ҳам хурсанд бўлдим.
- Марказда тест синовларини алоҳида ўқитувчилар олади, деб эшитдик. Шу ростми?
- “Fast Education” ўқув маркази 2005 йилда ташкил топганида бу ҳақда роса ўйлаганман. Ўқитувчи дарс берса, имтиҳонни бошқа киши олиши керак, деган қарорга келиб, экзаменаторлардан иборат алоҳида гуруҳ тузганман. Улар бугун 15 нафар бўлиб, фақат имтиҳон олиш билан шуғулланади. Экзаменаторларга алоҳида бино, замонавий шарт-шароит яратилган. Улар ўқувчилардан имтиҳон олиб, нафақат уларнинг билимини, балки ўқитувчининг савиясини ҳам аниқлаб беради. Ўқувчиларнинг олган балларининг умумий йиғиндисидан ўқитувчига балл берилади. Ўқитувчи 70 баллдан кам олса, унга бошқатдан методика ўргатилади.
- Ўқув марказида ўзлаштиролмаган ўқувчилар ҳайдалар экан, шу тўғрими?
- Йўқ, бу фикр нотўғри. Ўқувчи 70 баллдан кам олса, ўша дастурни бошқатдан ўқийди, яъни бошқа гуруҳда ўқийди. Баъзи ўқувчилар бу усулдан норози бўлиб, бошқа жойда ўқийман, деб кетиб қолади. 5-6 ойдан кейин яна қайтиб келади. Текшириб кўрсак, биз ўргатгандан бошқа ҳеч нарса ўқимаган бўлиб чиқади. Баъзи пайт ота-оналар ҳам тушунмайди. Агар бола имтиҳондан йиқилса, ота-онаси телефон қилиб: “Сизлар атайин боламга паст баҳо қўйяпсизлар” дейди. Агар мақсадим фақат пул ишлаш бўлганида, 15 нафар ходимни ишга олиб, маош бермасдим. Имтиҳон олишни ўқитувчининг ўзига юклаб қўярдим.
- Ўқитувчиларни қайси асосга кўра ишга оласиз?
- Бошида IELTS халқаро сертификати борлигига қараб, уларнинг 7, 7,5, 8 балл олганларини, яъни шогирдларимни ишга олардим. Ҳозирги кунда 8 баллга эга ўқитувчи ҳам яхши дарс беролмаслиги мумкин, деган хулосага келганман. Ўқитувчи нафақат дарс бера олиши, балки боланинг психологиясини ҳам билиши, ҳар бир бола билан тиллаша оладиган бўлиши керак. Шу сабабли кейинги вақтларда ишга олган ўқитувчиларимни ўзим уч ой малакасини оширяпман. Уч ойдан сўнг ўқитувчига группа бериб, дарсни қандай олиб боришини кузатяпман. Бошқа ўқитувчиларнинг малакасини ҳам ўзим ошириб бораман.
- Марказда кам таъминланган оила фарзандлари бепул ўқиши мумкинми?
- Албатта, мумкин. Икки йил олдин биз меҳрибонлик уйларига болаларни жўнатинглар, бепул ўқитиб берамиз, деб хат билан чиққандик. Кам таъминланган оила фарзандлари келса, уларни ҳам бепул ўқитиб беряпмиз. Бундан ташқари, энг зўр ўқиган болага грант ажратамиз. Масалан, ўқувчи имтиҳонда 95 балл олса, кейинги ўнта дарси бепул бўлади. Агар доимий 95 дан юқори балл олса, барча дарслари бепул бўлади. Бизда тахминан 200 дан ортиқ бола бепул ўқийди.
- Илк иш фаолиятингизни қаерда бошлагансиз?
- Уйимда, қўшни болаларга инглиз тилини ўргатишдан бошладим. Қўшнимнинг ўғли мендан таълим олиб, Америкага ўқишга кириб кетгач, ўқув маркази очиш фикри пайдо бўлди. Дастлаб Самарқанд давлат чет тиллар институтини тугатиб, магистратурани Ҳиндистонда ўқидим. Сўнгра Лондонда инглиз тили курсларида таҳсил олдим, Корея, Малайзия каби давлатларда ўқитувчилар тажрибасини ўргандим. Ҳақиқий ўқитувчи билимли болани эмас, билимсиз болани билимли қиладиган бўлиши керак. Мактабда олдинги парталарда ўтирадиган 4-5 бола яхши ўқийди, қолганлари билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Бизда эса бундай эмас, бу ерга келган ҳар бир бола билим олиши лозим. Мақсадимиз – билимли болалар билан ишлаш, шунингдек, билимсиз болаларни билимли қилиш.
- Ўқув марказида қайси фанлар ўқитилади?
- Инглиз тили, математика, рус тили фанлари ўқитилади.
- Муваффақиятингизнинг сири нимада?
- Аввало, ота-онамнинг, устозимнинг дуолари. Сўнгра кечалари қиладиган иборатларимда сўраган дуоларим ижобати деб биламан.
Хуршида Эрназарова суҳбатлашди.