Давлат хизматлари ягона реестри тасдиқланди: 2026 йилдан янги тартиб амал қилади
Адлия вазирлиги 2025 йил 21 ноябрда "Давлат хизматлари ягона реестрини юритиш тартиби тўғрисидаги низом"ни тасдиқлади.
Ушбу Низом давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида ягона ахборот базасини шакллантириш ва юритишнинг ҳуқуқий механизмларини белгилаб беради ҳамда расман 2026 йил 1 январдан кучга кириши белгиланган.
Янги тасдиқланган тартибга кўра, Давлат хизматлари ягона реестри "Давлат хизматлари" автоматлаштирилган онлайн ахборот тизими орқали давлат тилида юритилади ва ундаги маълумотлар барча жисмоний ва юридик шахслар учун очиқ ҳисобланади. Адлия вазирлиги ушбу реестрни шакллантириш ва юритиш бўйича ваколатли орган ҳисобланиб, вазирликнинг давлат хизматларини таҳлил қилиш ва ривожлантиришга масъул тузилмаси ишчи орган вазифасини бажаради.
Мазкур тизим орқали давлат хизматларини кўрсатиш ҳолати бўйича тизимли таҳлил ва мониторинг олиб борилиши, шунингдек, фойдаланувчилар учун қулай шароитлар яратилиши назарда тутилган.
Реестрнинг энг муҳим жиҳати ва аҳамияти ҳар бир давлат хизмати бўйича алоҳида "паспорт" шакллантирилишидир. Ушбу паспортда хизматнинг номи, ариза берувчилар тоифаси, хизмат кўрсатувчи ташкилот ва хизматдан фойдаланиш нуқталари каби асосий маълумотлар акс эттирилади. Шунингдек, фуқаролар ва тадбиркорлар учун шаффофликни таъминлаш мақсадида паспортда талаб этиладиган ҳужжатлар, хизмат учун тўлов миқдорлари (йиғим ёки давлат божи), хизмат кўрсатиш муддати ва кутилаётган натижа аниқ кўрсатиб ўтилади. Ҳар бир хизмат паспортида унинг ҳуқуқий асоси бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжат, хизмат билан боғлиқ ҳаётий вазиятлар ҳамда натижанинг амал қилиш муддати каби тафсилотлар ҳам мажбурий тартибда киритилади.
Низомда реестр маълумотларининг доимий равишда янгиланиб туриши қатъий тартибга солинган бўлиб, янги қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида ўзгартиришлар киритиш, агар ҳужжатда бошқа муддат белгиланмаган бўлса, расмий эълон қилинган кундан бошлаб 10 кун ичида амалга оширилиши лозим. Давлат хизматини кўрсатувчи ташкилотлар реестрдаги маълумотларнинг ўз вақтида ўзгартирилишини таъминлашга масъулдир ва улар тизимни такомиллаштириш бўйича ўз таклифларини бериш ҳуқуқига эга. Агар бирор хизмат бекор қилинса, хусусий секторга тўлиқ ўтказилса ёки унинг ҳуқуқий асоси ўз кучини йўқотса, ушбу хизмат тегишли тартибда реестрдан чиқариб ташланади.
Исломбек Абдуҳакимов,
Тошкент давлат юридик университети кибер ҳуқуқ кафедраси мудири ўринбосари.