Субсидия ажратиш соддалаштирилмоқда. Кимларга енгилликлар берилади?
Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш орқали даромади юқори бўлмаган ҳамда уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган оилалар, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни ҳимоя қилиш ва уларни субсидия асосида ўз уй-жойлари бўлишига кўмаклашиш учун давлат бюджетидан маблағ ажратиш тизими жорий этилган.
Шунингдек, мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёшлар ва шу тоифадаги бошқа аҳоли қатламларига кўмаклашиш, уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож оилаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашда манзиллилик ва шаффофликни таъминлаш ҳам алоҳида эътиборда.
Дастлаб Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 25 мартдаги “Уй-жой сотиб олиш ёки якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструксия қилиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори билан юқоридаги тоифаларга кирувчи аҳолига ипотека кредитлари ажратилганда, субсидия тўлаш тартиби жорий этилганди. Унга кўра, субсидия ҳудудларда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 2,7 баробаридан кам, 7 баробаридан кўп бўлмаслиги белгиланган. Яъни, субсидия олувчи ойига камида 2,6 миллион сўм, йилига 31 миллион 752 минг сўм иш ҳақига эга бўлиши лозим. Кўп миқдори ойига 6 миллион 760 минг сўм, йилига 82 миллион 320 минг сўмдан ошмаслиги керак.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 октябрдаги “Аҳолига ипотека кредити ва уй-жой сотиб олиш учун субсидия ажратиш жараёнларини соддалаштириш чора- тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан фуқароларга ипотека ва субсидия ажратиш жараёнидаги бюрократияни кескин қисқартириш ҳамда жараёнларни рақамлаштириш белгиланди. Оддий қилиб айтганда, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун кўмаклашиш жараёни бирмунча соддалаштирилди. Яъни, Ёшлар ишлари агентлиги, Давлат кадастрлари палатаси, бандлик, солиқ ва бошқа ташкилотлар томонидан аризаларни кўриб чиқиш тартиби рақамли тизимга ўтказилди. Ижтимоий реестрда турувчи ёлғиз боқувчиси бўлганлар, ёлғиз оналар, биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган фуқаролар, олис ва чекка ҳудудларда жойлашган бюджет ташкилотларининг олий маълумотли ёки тиббиёт ходимларига, 30 ёшгача бўлган ёш оилаларга ҳам 10 балл берилади. Шу каби мезонлар асосида 30 балл ва ундан юқори балл тўплаш субсидия ажратишга асос бўлади.
Рақамларга қарайдиган бўлсак, кейинги олти йилда мамлакатимиз аҳолиси 5,5 миллион нафарга ўсган ва яқин йилларда 40 миллионга етиши мумкин. Аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастурларига асосан, республика бўйича 2017 йилдан буён 326 мингта янги уй-жой фойдаланишга топширилган. Бу орқали уй-жой билан таъминланганлик даражаси аҳоли жон бошига 18 фоизга ошган. Кейинги уч йилда 210 минг оилага 33 триллион сўмлик ипотека кредити ажратилиб, 73 минг эҳтиёжманд оилага бошланғич бадал ва фоиз тўловлари учун 1,3 триллион сўм субсидия ажратилган.
Соҳага бозор тамойиллари жорий қилиниб, юзлаб хусусий буюртмачи компаниялар шаклланди. Сейсмик хавфсиз ва энергия тежамкор йиғма темир-бетонли кўп қаватли уйларни қуриш бўйича 11 та йирик кластер пайдо бўлди.
2023 йил 13 апрелда Президентимизнинг “2023 йилда бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Фармонга асосан, жисмоний шахсларга ипотека кредити беришнинг замонавий ва барқарор тизимини шакллантириш, уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган оилаларни давлат томонидан манзилли қўллаб-қувватлаш белгиланди. Шунингдек, маҳаллий ва халқаро капитал бозорларида молиявий ресурсларни жалб қилиш ва кейинчалик уларни ипотека кредитларини қайта молиялаштиришга йўналтириш вазифаси қўйилди.
Эндиликда, яъни жорий йил 1 майдан расмий даромади етарли бўлмаган аҳолига ҳам ипотека кредити олиш имкони яратилди. Бунда уларнинг тўлов қобилиятини аниқлашда банк картасидаги айланма, ижара, коммунал ва бошқа харажатларга тўланган пуллари ҳам ҳисобга олинади. Дастлабки бадални кўпроқ тўлаган фуқаролар банкдан арзонроқ кредит олиш имкониятига эга бўлади. Субсидияга ажратилган маблағларни тезроқ ишлатиш учун субсидия хабарномасининг амал қилиш муддати 12 ойдан 4 ойга туширилади. Яъни, бу муддат қисқартирилиши орқали субсидиядан кўпроқ аҳоли фойдаланиши учун имконият яратилди.
Шу билан бирга, 4 ойда сертификатидан фойдаланмаган фуқароларга субсидия олиш учун яна қайта мурожаат қилиш ҳуқуқи берилади.
Ушбу чора-тадбирларни молиялаштириш мақсадида 2023 йилда:
- тижорат банкларига 31 минг оилага уй-жой ипотекаси учун 9 триллион сўмлик ресурс йўналтириш;
- дастлабки бадал ва фоизларни қоплашга 1,6 триллион сўм субсидия ажратиш;
- ипотека кредитига ресурс бериш ва қурилиш корхоналарининг айланма маблағларини кўпайтириш учун 100 миллион доллар ва 1 триллион сўм қўшимча маблағ ажратиш;
- яна 20 минг оилага банклар ҳисобидан 5,7 триллион сўм ипотека кредити ажратилишини таъминлаш;
- 10 минг аҳолига ўзининг ҳовлисини кенгайтириш ёки қўшимча қурилиш қилиш учун 1,5 триллион сўм кредит ажратиш;
- Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси орқали аҳолига 5,5 мингта хонадон сотиб олишлари учун қўшимча 1,7 триллион сўм кредит ресурслари йўналтириш белгиланди.
- Фармонга асосан, фуқароларга субсидия ажратиш ўтган йилги тартибга нисбатан анча соддалаштирилган, - дейди Иштихон туман давлат хизматлари маркази директори Жамшид Умиров. – Талаб қилинадиган ҳужжатлар сони ҳам қисқартирилди. Мисол учун, аввал аризачидан паспорт нусхаси, ҳисобланган иш ҳақи, кафилнинг маълумотлари ва бошқа ҳужжатлар талаб қилинган. Бу йилги тартибда аризачи оила аъзоларининг паспорт нусхаси ва вояга етмаган фарзандларининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси нусхаси етарли бўлади.
Марказимизга 2022 йилда субсидия олиш учун 163 та ариза тушган бўлса, унинг 143 таси мезонларга мос келмаганлиги боис рад этилган, 2 та ариза жараёнда қолган, 18 таси қаноатлантирилган. Жорий йил 1 майдан 18 майгача 457 та мурожаатнинг 410 таси жараёнда ва 47 таси рад этилди.
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ (сурат).