Давлат хизматлари марказларининг барча ресурслари фуқароларга ёрдам режимига ўтказилди
Кейинги кунларда юртимизда кузатилаётган аномал совуқ ва унинг оқибатларини енгиллатиш учун республикамиздаги, жумладан Самарқанд вилоятидаги барча давлат хизматлари марказларида фуқаролар учун қатор қулайликлар жорий этилди.
Биринчидан, фуқаролар бирор иш билан ДХМ яқинида ташқарида туриб қолсалар, ҳатто ДХМларда иши бўлмаса ҳам ичкарига кириб исиниб олишлари мумкин: уларга бир пиёла иссиқ чой, шинам кутиш заллари ҳозир.
Иккинчидан, барча ДХМларга келаётган (Тошкент шаҳри бундан мустасно) пенсионер, ногирон, ёш болали фуқароларни "Дамас" хизмат автомашинасида зарур ҳолларда автобуслар бекати, шаҳар ёки туман маркази, уйига қадар етказиб қўйиш тизими йўлга қўйилди.
Учинчидан, барча ДХМлар энергиятежамкор режимда ишламоқда: кундуз куни чироқлар ёқилмайди, фақат компьютер ва фуқароларга маълумот берувчи таблолар ишлайди.
Шунингдек, давлат хизматларини кўчага чиқмай, уйдан туриб олиш имкониятлари ҳам яна бир бор эслатилади,
my.gov.uz, license.gov.uz ҳамда new.birdarcha.uz порталлари орқали уйдан чиқмаган ҳолда электрон давлат хизматларидан фойдаланинг.
Масалан, my.gov.uz орқали:
– санаторийларда даволаниш йўлланмасини олиш;
– масофадан туриб болани боғчага навбатга қўйиш ва навбатни текшириш;
– никоҳдан ўтишга онлайн ариза топшириш мумкин.
«Лицензия» (http://license.gov.uz/) ахборот тизими орқали лицензиялаш ва рухсат бериш ҳужжатлари учун ариза бериш, кабинет орқали ташкилотга тегишли маълумотларни олиш, лицензиялар реестридан маълумотлар излаш имкониятлари мавжуд.
Бизнесни new.birdarcha.uz орқали уйдан чиқмаган ҳолда осон ва тез бошлаш имкони яратилган.