Кузги мактаб: Давлат хизматларини кўрсатишда янгича ёндашувлар

Самарқанд шаҳрида "Давлат хизматларини кўрсатишда гендер масалалари" мавзусида тўрт кунлик "Кузги мактаб" ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистоннинг 14 та пилот ҳудудидан 30 нафардан ортиқ хотин-қизлар маслаҳат гуруҳи экспертлари ҳамда Давлат хизматлари марказлари ходимлари иштирок этди. Улар гендер тенглик, инклюзивлик ва фуқароларга йўналтирилган хизмат кўрсатишни ривожлантириш бўйича ўз билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашди.

Кузги мактаб - Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган ҳамда БМТ Тараққиёт Дастури ва Адлия вазирлиги томонидан амалга оширилаётган "Ўзбекистонда давлат хизматлари кўрсатишни янада такомиллаштириш" лойиҳаси доирасида ташкил этилди. Лойиҳа барча фуқаролар, хусусан, аёллар, ёшлар, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун сифатли, инклюзив ва қулай давлат хизматларига тенг имконият яратишни мақсад қилган.

Интерфаол машғулотлар давомида иштирокчилар аҳолининг ижтимоий жиҳатдан ҳимояга муҳтож қатламлари билан самарали мулоқот ўрнатиш, психологик биринчи ёрдам кўрсатиш, зиддиятли вазиятларни юмшатиш ҳамда гендер асосидаги зўравонлик ҳолатларига жавоб бериш ва уларни тегишли ташкилотларга йўналтириш бўйича амалий усулларни ўрганишди.

Машғулотларни Латвиянинг “МАРТА” маркази халқаро экспертлари - Илута Лаце, Дита Лаце, Мадара Лапса ва Мадара Гринштейн олиб борди.

- "Кузги мактаб"нинг энг муҳим натижаларидан бири - иштирокчиларнинг маҳаллий хизматларни режалаштиришда гендер статистикаси ва фуқароларнинг фикр-мулоҳазаларини инобатга олиш кўникмаларининг мустаҳкамлангани бўлди, - дейди Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманидаги хотин-қизлар маслаҳат гуруҳи эксперти Ойсара Норсафарова. - Бу машғулотлар хизматларнинг инклюзивлигини ошириб, уларнинг ҳақиқатан ҳам аҳолининг эҳтиёжларига мос бўлишини таьминлайди.

Шунингдек, дастур доирасида маҳаллий экспертлар ҳам маҳорат дарсларини ўтказишди. Марказий банк вакили Камила Ибрагимова ва Адлия вазирлиги вакили Воҳид Жуманов рақамли давлат хизматлари ва молиявий саводхонлик бўйича сессияларни олиб бордилар. Улар бюджет тузиш, жамғарма ва рақамли тўловлар мавзуларини ёритиб, хусусан, қишлоқ жойлардаги аёлларни my.gov.uz платформасидан самарали фойдаланишга ўргатиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратди.

Иштирокчилар Хотин-қизлар маслаҳат гуруҳларининг мавжуд тажрибаларини таҳлил қилиб, амалиётдаги муаммолар ва уларнинг ечимларини муҳокама қилдилар. Шунингдек, давлат хизматларини аҳолининг ҳақиқий эҳтиёжларига янада мослаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқдилар.