Адлия аралашуви билан ходимнинг бузилган ҳуқуқи тикланди — таътил пуллари ундирилди

Пахта селекцияси уруғчилиги ва агротехнологиялар илмий-тадқиқот институти Самарқанд илмий-тажриба станциясининг собиқ ходими А. Х. томонидан фойдаланилмаган меҳнат таътили учун компенсация пуллари тўланмагани юзасидан вилоят адлия бошқармасига мурожаат қилинган.

Мурожаат адлия органлари томонидан ўрганилиб, фуқарога айрим йиллар учун таътил пуллари тўланган бўлса-да, аввалги йилларга тегишли фойдаланилмаган меҳнат таътили кунлари учун компенсация тўловлари амалга оширилмагани аниқланди.
Ўтказилган ҳисоб-китобларга кўра, фуқаро фойдасига жами 126 256 017 сўм миқдоридаги фойдаланилмаган меҳнат таътили пуллари тўланмай қолгани маълум бўлди.
Қонунчиликка мувофиқ, ходимга фойдаланилмаган меҳнат таътили кунлари учун пул компенсацияси тўланиши мажбурий ҳисобланади.
Адлия органлари томонидан кўрилган чоралар натижасида фуқаронинг бузилган меҳнат ҳуқуқлари тикланиб, унга тегишли бўлган маблағлар тўлиқ ундириб берилди.