Халқ билан очиқ мулоқот: муаммонинг ичига кириш ва амалий ечимлар мезони
... Эрталабдан Иштихон туманидаги "Устозлар хиёбони" одамларнинг қадами узилмади. Бу ерга келган ҳар бир фуқаронинг кўзида ҳам умид, ҳам қатъий ишонч бор эди. Зотан, бугун дардини айтса, у шунчаки қоғозда қолиб кетмаслигини, аксинча, юқори даражада назоратга олиниб, қисқа муддатларда ижобий ечим топишини яхши билишади.
Шу сабаб сайёр қабул дастлабки дақиқаларданоқ қизғин, таъсирли ва ниҳоятда самимий мулоқот майдонига айланди.
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси Қаҳрамон Қуронбоев қабул столи ортида ҳар бир мурожаатчини диққат билан тинглади. Мулоқотлар давомида расмиятчиликдан мутлақо воз кечилган. Ҳар бир фуқаронинг масаласи, хоҳ у шахсий муаммо бўлсин, хоҳ бутун маҳаллага тегишли ижтимоий инфратузилма масаласи бўлсин, атрофлича, ич-ичига кириб ўрганилди. Бундан ташқари, қабул жараёнида туман ҳокимлиги, сектор раҳбарлари, вилоят ва туман даражасидаги масъул ташкилот ва идоралар раҳбарлари ҳам иштирок этди. Бу эса ҳар қандай масалага шу ернинг ўзида, вақт йўқотмасдан, бюрократик тўсиқларсиз тезкор ечим топиш имконини берди.
Биз бу ерга фақат қоғоз тўлдириш, шунчаки учрашув ўтказиш учун келганимиз йўқ, - деди Қаҳрамон Қуронбоев. - Мақсадимиз сизларни қийнаётган, кундалик ҳаётингизга халақит бераётган реал муаммоларни эшитиш ва уларни жойида, амалда ҳал қилиш. Агар қайсидир масала бугун вақт ва катта маблағ талаб қилса, унинг аниқ ижро муддати ва масъулини белгилаймиз. Ҳеч бир мурожаат эътиборсиз қолмайди, ҳар бир инсоннинг дарди биз учун муҳим.
Мурожаатларнинг салмоқли қисми ижтимоий ва маиший муаммоларга қаратилди. Йиллар давомида тўпланиб қолган коммунал масалалар, ичимлик суви таъминотидаги камчиликлар, ички йўлларнинг носозлиги, электр энергияси тизимидаги узилишлар, трансформаторларни янгилаш каби ҳаётий ва кундалик муаммолар фуқаролар томонидан куюнчаклик билан ўртага ташланди.
Сайёр қабулда ёшларнинг иштироки алоҳида кўзга ташланди. Бугунги кун ёшлари фақат муаммо айтиб, ёрдам сўрайдиган пассив қатлам эмас, балки аниқ таклиф, инновацион ғоя ва тадбиркорлик ташаббуслари билан чиқувчи фаол кучга айланганини яққол намойиш этишди. Улар томонидан билдирилган таклифлар ва лойиҳалар қабулнинг энг ёрқин ва руҳлантирувчи саҳифаларидан бирини ташкил қилди.
Сайёр қабул давомида фақат индивидуал ёки шахсий муаммолар эмас, балки тизимли, бутун туманнинг иқтисодий ва ижтимоий қиёфасини ўзгартиришга хизмат қиладиган йирик масалалар ҳам муҳокама марказида бўлди. Маҳаллалардаги инфратузилмани яхшилаш мақсадида "Обод маҳалла" дастурлари доирасида олиб борилаётган ишлар танқидий кўриб чиқилди. Ишларнинг сифатсиз бажарилиши ёки белгиланган муддатлардан кечикиш ҳолатларига йўл қўйган пудрат ташкилотлари раҳбарлари жиддий огоҳлантирилди.
Қабул давомида ҳар бир қабул қилинган мурожаат махсус электрон базага киритиб борилди. Мурожаат билан бирга уни ижро этиши лозим бўлган масъул шахс, унинг аниқ исми-шарифи, лавозими ва топшириқни бажариш муддати кўрсатилган индивидуал "Йўл харитаси" тасдиқланди. Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг махсус назорат гуруҳи ҳар бир мурожаатнинг охиригача етказилишини, фуқаронинг ўзи натижадан тўлиқ рози бўлмагунига қадар жараённи назоратда ушлаб туришини эълон қилди.