Пичоқчида «Joy academy» ўқув маркази очилди
Янги йилнинг илк кунларида Оқдарё тумани ёшлари учун яна бир қулайлик яратилди. Туманнинг Пичоқчи маҳалласида ака-ука Шодиёрхон ва Шоҳруххон Абдувоитовлар томонидан ташкил этилган «Joy academy» бренди остидаги ўқув марказининг очилиш маросими ўтказилди.
Унда туман ҳокими Ф.Абилов, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши фаоллари, маҳалла ёшлари ва фаоллари иштирок этди. Йиғилганлар мазкур ўқув марказида ёшлар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишди.
Таъкидлаш лозимки, мазкур ўқув марказида олий ўқув юртларига кириш ва чет тилларни ўрганиш истагида бўлган ёшларга малакали мутахассислар томонидан ўндан ортиқ фанлардан машғулотлар олиб борилади.
Ушбу ўқув марказида ҳоким ва ёшлар учрашуви ҳам ўтказилди.
Учрашувда пичоқчилик ёшлар туман ҳокимига ўз лойиҳалари, фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдиришди. Жумладан, маҳалла ёшлари томонидан ўқув марказни янада ривожланиши учун интернет кабелини тортиб келиш, маҳаллада спортга қизиқиши баланд ёшларга спорт тўгаракларини тизимли ташкил этиш, тарихий жойларга саёҳатни амалга ошириш каби таклифлар билдирилди. Туман ҳокими Ф.Абилов ушбу таклифларни албатта инобатга олишини ҳамда амалга оширилиши юзасида ўз ёрдамини аямаслигини билдирди.
Шунингдек, тадбирда туркиялик ҳамкоримиз, тадбиркор Меҳмет Башташ иштирок этиб, кам таъминланган оила фарзандларининг мазкур ўқув марказида таълим олишларига кўмаклашиш мақсадида 5 миллион сўм пул маблағи ҳадя қилишини билдирди.
Оқдарё тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.