Ўқув марказлари форумида самарқандлик “Полиглот” асосчиси ўз тажрибаси билан ўртоқлашди

Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида икки кун давом этган “Ўзбекистон ўқув марказлари форуми” ўз ишини якунлади.

Форумда ўқув марказлари фаолиятини такомиллаштириш, таълим сифати ва қамровини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбирда республика бўйлаб 208 та туман ва шаҳардан 700 га яқин ўқув маркази вакиллари, тажрибали спикерлар ҳамда таълим соҳаси мутахассислари иштирок этди. Форум доирасида очиқ мулоқотлар ўтказилиб, амалий таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди.

Шунингдек, “Мутолаа”, “Topcoach”, “Қизлар академияси”, “Uzchess”, “Ustoz AI”, “Zehnli AI”, “Кўмак”, “Biz-kombinator” каби қатор лойиҳалар тақдим этилди. Хорижий тилларни ўрганишни қўллаб-қувватловчи “2+6” дастури ишга туширилгани эълон қилинди.

Форумда Самарқанд вилоятидан 50 га яқин ўқув маркази вакиллари ҳам иштирок этди. Улар орасида “Полиглот” ўқув маркази асосчиси Шоҳруҳ Қудратов чиқиш қилди.

- Бакалавр таълимини Германияда олганман, -дейди у. - Магистратурани эса Буюк Британияда тамомлаганман. Берлиндаги кутубхоналардан бирида бир профессорнинг “Билимнинг қадри йўқ, агар уни керакли жойда қўлламасанг”, деган гапи менга катта таъсир қилган. Шу фикрдан келиб чиқиб, хорижда олган билим ва тажрибамни Ўзбекистонда қўллаш мақсадида марказ очишга қарор қилдим ва “Полиглот” ўқув марказига асос солдим. Бугунги кунда марказимизнинг 7 та филиали бор. Дарсларимизга хорижлик мутахассислар ҳам жалб этилган. 10 мингдан ортиқ битирувчиларимиз юқори натижаларга эришди. Яқин келажакда хусусий мактаб очишни режалаштиряпмиз, шунингдек, Хитой тили ўқув маркази ҳам фаолият бошлади. Айни пайтда 1000 нафардан ортиқ эҳтиёжманд оилалар фарзандларига бепул таълим бериб келмоқдамиз.

Форумда билдирилган ташаббуслар ёшлар учун сифатли таълим имкониятларини янада кенгайтиришга хизмат қилиши қайд этилди.

Чарос САИДОВА.