Оқдарёлик ёшлар ДХХ раҳбарига таклиф билдирди, ижроси юзасидан кўмак сўради
Ёшлар муаммоларини ҳал этиш, таклифларини эшитиш мақсадида ўтказилаётган навбатдаги “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” Оқдарё туманида бўлиб ўтди.
Унда Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси бошлиғи А.Ахмедов 100 нафарга яқин ёшларнинг мурожаатларини тинглади.
Учрашув аввалида ёшлар ишлари агентлги туман бўлими бошлиғи Маъруфхон Мусаев ўтган йилги учрашувда ёшларнинг 14 масала юзасидан йўллаган мурожаати ижобий ҳал этилганини таъкидлаб, жорий йил ёшлар сиёсатида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
- Туманимизда 35 та маҳалла бўлиб, уларда 14-30 ёш тоифасида 41 минг 205 нафар ёш истиқомат қилади, - дейди М.Мусаев. – Йил бошида ўтказилган хатлов натижасида оғир тоифадаги 929 нафар ва ишсиз 1667 нафар ёшлар аниқланиб, уларни тўғри йўлга қайтариш, бандлигини таъминлаш ва касб-ҳунарга ўқитиш мақсадида сектор раҳбарлари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари масъулларига бириктирилди. Шунингдек, 768 нафар миграциядаги ёшлар ва уларнинг ота-оналари билан учрашувлар ўтказилмоқда, уларга 300 дан зиёд иш ўринлари таклиф этилган. Ёшларнинг ижтимоий ҳолатидан келиб чиқиб, “Ёшлар дафтари” шакллантирилган ва улар тегишли тартибда ёрдамлар кўрсатилмоқда. Шу билан бирга, улар “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасидаги мусобақа ва танловларга жалб қилиниб, касб-ҳунар марказларида ўқитилмоқда ва ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш чоралари кўриляпти.
Учрашувда асосан ёшларнинг тадбиркорлик қилиб фаолиятини кенгайтириш, ер ажратиш, спорт майдончалари қуриш, ўқув марказлари очиш ва ишга жойлашиш бўйича мурожаатлари кўп бўлди.
Жумладан, Янги қишлоқ маҳалласида яшовчи Самандар Сайдуллаев “Келажак касблари” лойиҳаси доирасида тўй ва маросимларда хизмат кўрсатиш фаолиятини йўлга қўйиб, тўрт кишини иш билан таъминлагани ва айни пайтда медиа аппаратлари кераклиги, шу билан бирга, маҳаллада немис тили ўқув маркази очишда амалий ёрдам сўради. Бошқарма бошлиғи ушбу масалада ҳокимлик ва тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида ёрдам берилишини билдирди.
Темирак маҳалласидан Абдулазиз Холмирзаев 49-умумтаълим мактаби ҳудудида сунъий қопламали футбол майдони барпо этиш учун имтиёзли давр билан кредит ажратишни сўради. Масъуллар унинг бу таклифини ўрганиб чиқиб, тегишли тартибда ёрдам берадиган бўлди.
Ўзбекистон маҳалласида яшовчи Гулнора Абдуллаева икки нафар фарзанди талаба экани ва иккинчи гуруҳ ногирони фарзандининг операцияси учун 30 миллион сўм маблағ кераклигини айтди. Унга ДХХ вилоят бошқармаси томонидан ёрдам берилиши маълум қилинди.
Бошқарма бошлиғи учрашувга келган ҳар бир йигит-қизни тинглаб, уларни қийнаб келаётган муаммоларга вилоят ва туман даражасидаги масъуллар, тегишли идоралар билан биргаликда ечим топилишини маълум қилди. Муддат талаб қилинадиган масалалар юзасидан масъулларга аниқ вазифалар берилди.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.