Оқдарёда «Зарбдор тажрибаси» ўзини оқлаяптими?

Ўтган йили Президентимизнинг топшириғига асосан Жиззах вилоятининг Зарбдор туманида аҳоли ўртасида камбағалликни қисқартириш ва янги иш ўринлари яратиш мақсадида “ўз юки”ни тортолмай қолган айрим соҳаларда бир қатор «драйвер» лойиҳаларни эксперимент сифатида амалга оширишга қарор қилинган эди. Мазкур тажриба ўзини оқлагач, республикамизнинг барча шаҳар ва туманларида ҳам синаб кўришга қарор қилинди.

“Зарбдор тажрибаси” нима дегани? Бу ҳар бир туман ва шаҳарда саноат, савдо, хизмат ва замонавий агротехнологиялар соҳасида камида 5 тадан “драйвер” лойиҳани шакллантиришдир, - дейди Оқдарё тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Элёр Ашуров. - Улар тумандаги саноат зоналари, бўш турган давлат объектларига жойлаштирилади. Бизда ҳам шу тажриба асосида 2 та саноат, 3 та хизмат кўрсатиш ва 1 та қишлоқ хўжалигида “драйвер” лойиҳалари ишлаб чиқилиб амалга ошириш учун 7,1 миллиард сўм маблағ сарфлаш кўзда тутилган. Ушбу лойиҳалар орқали 160 та янги иш ўрни, бюджетга 3,3 миллиард сўмлик қўшимча тушум, 44,1 миллиард сўм қўшимча ҳажм яратиш режалаштирилган.

Биринчи босқичда амалга ошириладиган 4 та “драйвер” лойиҳа тасдиқланди. Жумладан, битта “драйвер” лойиҳа бўйича туман ҳудудидан ўтган М-37 халқаро автомагистрали бўйидаги 0,12 гектар бўш ер майдонини 30 та лотга бўлиб, аукционга чиқариш орқали 30 та савдо ва хизмат кўрсатиш объектда “Service point”ларни ташкил этиш кўзда тутилган.

Хўш, нима учун айнан драйвер соҳа сифатида мазкур ҳудуд танлаб олинди? Бу лойиҳани амалга ошириш туманга қандай фойда беради?

- Мазкур автомагистраль йўлнинг қарийб 44 километри туман ҳудудидан ўтади ва бир суткада қарама-қарши йўналишда 23,5 мингта машина ҳаракатланади, - дейди туман иқтисодиёт ва молия бўлими тадбиркорлик ва инновацияни ривожлантириш бўлими бош мутахассиси Бобур Юсупов. - Ушбу машина эгаларидан 10 фоизи савдо хизмат шохобчаларидан 10 минг сўмлик маҳсулот харид қилганда 23 миллион сўм миқдорида савдо ва хизмат кўрсатиш даромади олинади. Ҳудуддан бир йилда 8,5 миллионта машина ўтишини эътиборга олсак, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари орқали 8 миллиард сўм даромад қилиш мумкин.

Ҳозирда лойиҳа жойлашган ҳудудда 35 та хизмат кўрсатиш объектидан 20 та умумий овқатланиш ва савдо, 8 та автомобилларга хизмат кўрсатиш, 6 та маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, шунингдек, 1 та дам олиш маскани (отель) фаолият кўрсатмоқда. Ушбу лойиҳа амалга оширилса, 50 та янги иш ўрни яратилади. Бюджетга қўшимча 800 миллион сўм солиқ тушуми ҳамда 13,5 миллиард сўм қўшимча даромад манбаи яратилади.

Тажриба асосида амалга оширилиши кўзда тутилган яна бир “драйвер” лойиҳа туман марказидаги “Оқдарё истироҳат боғи” фаолиятини қайта ташкил этиш ҳисобланади. Истироҳат боғи 4,65 гектар ер майдонини эгаллаган бўлиб 3 йилдан буён деярли фойдаланилмасдан келинмоқда. Боғни давлат-хусусий шериклик асосида ташаббускор тадбиркорга бериш ва уни замонавий кўринишга келтириш орқали 5 та хизмат кўрсатиш объекти фаолиятини кенгайтириш ва 10 та янги замонавий аттракционлар олиб келиб ўрнатиш имконияти бор. Агар лойиҳа ишга тушса, 20 та янги иш ўрни яратилади.

Шунингдек, қишлоқ хўжалик йўналишида Янгиқишлоқ маҳалласидаги  50 гектар майдондаги самарасиз эски боғларни реконструкция қилиш орқали янги интенсив боғ барпо этиш борасида ишлар бошланган. Март-апрель ойларида ер майдони тўлиқ тозаланиб, замонавий боғ яратиш учун мевали дарахт кўчатлари экилади. Мазкур “драйвер” лойиҳа ишга туширилса, 25 нафар янгиқишлоқлик ишсизлар доимий даромад манбаига эга бўлади.

Даҳбед шаҳарчаси ҳудудидан ўтган Шахоб каналининг икки бўйида бўш турган 0,10 гектар ер майдонида аҳоли дам олиш, савдо ва хизмат кўрсатиш лойиҳаларини амалга ошириш имкони бор.

- Бугунги кунда ушбу маҳалладаги канал ёнида 250 та хонадонли 10 та янги кўп қаватли уйлар қурилиб, фойдаланишга топширилмоқда, -дейди Элёр Ашуров. - Тез орада қарийб мингга яқин аҳоли янги уйларга кўчиб келиши кутилмоқда. Бироқ ҳудудда аҳоли талабига жавоб берадиган, улар учун замонавий дам олиш, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари етишмайди. Шу сабаб ички имкониятдан келиб чиқиб, 15 та дам олиш маскани, маиший хизмат кўрсатиш ва савдо шохобчалари ташкил этишни мақсад қилганмиз. Ҳозирда ҳудуд 15 та лотга бўлиниб, аукционга чиқарилмоқда. Агар “драйвер” лойиҳамиз амалга ошса, 30 та янги иш ўрни яратилади.

Бугунги кунда Оқдарё туманида “Зарбдор тажрибаси” асосида лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу “драйвер” лойиҳалардан қай даражада самарали фойдаланилаётгани йил охирида аён бўлади.

Дилмурод ТЎХТАЕВ.