Самарқанд яна халқаро илмий мулоқот марказида — 22 давлат олимлари туризм истиқболларини муҳокама қилди
"Ипак йўли" халқаро туризм ва маданий мерос университетида маданий мерос ва туризм истиқболларига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтди.
"Маданий мерос ва туризм истиқболлари: сунъий интеллект, креатив шаҳарлар ва барқарор ривожланиш" мавзусидаги ушбу халқаро илмий-амалий конференцияда дунёнинг 22 та давлатидан 130 нафардан ортиқ олим, тадқиқотчи ва соҳа мутахассислари иштирок этди.
Анжуман давомида туризм ва маданий мерос соҳасининг бугунги ривожланиш тенденциялари, замонавий инновацион ёндашувлар, сунъий интеллект технологияларининг имкониятлари ҳамда барқарор тараққиётни таъминлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Халқаро конференция доирасида тақдим этилган илмий маърузалар маданий мерос объектларини асраб-авайлаш, уларни замонавий технологиялар асосида ўрганиш ва туризм соҳасида рақамли ечимлардан самарали фойдаланишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди. Жумладан, тарихий ёдгорликларни дронлар ва чуқур ўрганиш технологиялари ёрдамида рақамли хариталаш, тарихий биноларнинг рақамли эгизакларини яратиш, шунингдек, Ўзбекистон шаҳарлари учун ЮНЕСКОнинг Креатив шаҳарлар тармоғи имкониятларидан фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Анжуман иштирокчилари маданий меросни замонавий технологиялар билан уйғунлаштириш, туризм салоҳиятини янада ошириш ва халқаро илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида ўз тажриба ва таклифлари билан ўртоқлашдилар.