ЮНЕСКО рўйхатига киритилган ҳудудда 17 та ноқонуний қурилиш қайд этилди
Самарқанднинг тарихий маркази «Самарқанд – маданиятлар чорраҳаси» номи остида ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган.
Тарихий марказнинг умумий майдони 1123 гектар, унинг муҳофаза ҳудуди эса 1369 гектарни ташкил этади. Шу боис тарихий марказда амалга оширилаётган қурилиш, таъмирлаш ва бошқа ишлар белгиланган тартиб ва талаблар асосида бўлиши шарт.
Вилоят маданий мерос бошқармаси бошлиғи ўринбосари Зиёдулла Насимовнинг маълум қилишича, мониторинг жараёнларида Илмий-эксперт кенгашининг ижобий хулосасини олмасдан амалга оширилган 17 та ноқонуний қурилиш ҳолати аниқланган ва улар юзасидан белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилган.
Хусусан, Булунғур туманидаги «Оқтепа» археология ёдгорлиги ҳудудида номаълум шахслар томонидан 1384,89 куб метр тупроққа зарар етказилган.
Натижада маданий мерос объектига 42,7 миллиард сўм миқдорида зарар етган. Мазкур ҳолат бўйича Булунғур тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 229-моддаси асосида жиноят иши қўзғатилган.