Шерозқалъадан “Соҳил бўйи”гача: Булунғур туризмнинг янги манзилига айланмоқда
Булунғур туманида туризмни ривожлантириш, янги туристик масканлар яратиш ва мавжуд салоҳиятдан самарали фойдаланиш мақсадида ҳудуднинг туристик қиёфасини тубдан ўзгартиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Президентимизнинг 2025 йил 1 апрелдаги қарорига мувофиқ, Булунғур туманига республика бюджетидан 109 миллиард сўм маблағ ажратилган.
Ушбу маблағлар ҳисобидан уй-жойлар, ёшлар сайилгоҳи, замонавий дам олиш масканлари ва туристик инфратузилмани ривожлантиришга қаратилган қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.
«Соҳил бўйи» янги сайёҳлик маскани
Туманнинг “Булунғурариқ” канали бўйида амалга оширилаётган «Соҳил бўйи» лойиҳаси туман аҳолиси ва меҳмонлар учун замонавий дам олиш ҳудудини яратишни кўзда тутади. Булунғур тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Шерзод Ибрагимовнинг таъкидлашича, лойиҳа учун 9,23 гектар ер майдони ажратилган ва 20,3 миллиард сўм маблағ йўналтирилган.

– Ушбу ҳудудда аҳоли учун замонавий дам олиш масканларини ташкил этиш, зарур муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Шерзод Ибрагимов. – Лойиҳа доирасида 4 километр пиёдалар йўлаги ва 2 километр йўл асфальт қилинади, 5 та кўприк, 160 та тунги ёритиш чироғи ва 20 та ўриндиқ ўрнатилади. Каналнинг 5 километр қирғоғи мустаҳкамланиб, панжаралар қўйилади.
Шунингдек, ичимлик ва оқова сув тармоқлари, электр таъминоти ҳамда бошқа инфратузилма объектлари барпо этилади. Эътиборлиси, канал бўйида 42 та объект, хусусан, соғломлаштириш ва санатория объектлари, умумий овқатланиш шохобчалари, павильонлар, замонавий дала ҳовлилар, аттракцион майдончаси, савдо уйи, бассейн, парк, кўнгилочар марказлар, болалар кутубхонаси ва замонавий меҳмон уйлари ташкил этилиб, 120 дан ортиқ янги иш ўрни яратилади.
Шерозқалъада Амир Темур даври акс эттирилади
Туманда тарихий-маданий мерос объектларини туризмга кенг жалб этиш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда. Шулардан бири Шерозқалъа археологик ёдгорлиги бўлиб, бу ерда «қадимий шаҳарча» концепциясини шакллантириш ва янги туризм йўналишини йўлга қўйиш режалаштирилган.

– Шерозқалъа ҳудудининг тарихий меъморий қиёфасини сақлаган ҳолда реставрация қилиш ва уни очиқ осмон остидаги тарихий-маданий мажмуага айлантириш устида ишлаяпмиз, – дейди вилоят туризм бошқармаси бўлим бошлиғи Муҳаммад Мардонов. – “Қадимий шаҳарча” концепцияси асосида ўша даврга хос меъморий элементлар, савдо расталари, ҳунармандчилик устахоналари ва тарихий саҳналарни намойиш этиш учун махсус майдонлар ташкил этилади. Бу лойиҳа нафақат тарихий обидани асраб-авайлаш, балки сайёҳларга ўтмиш муҳитини ҳис қилиш имконини берувчи ўзига хос туристик маскан яратишга хизмат қилади.
Яқинда Япония Халқаро Ҳамкорлик Агентлиги (JICA) вакиллари Булунғурдаги туристик объектлар билан танишди. Меҳмонларга туманнинг тарихий-маданий мероси, табиий имкониятлари ва янги туристик лойиҳалари ҳақида батафсил маълумот берилди. Жумладан, Эрганакли туризм қишлоғи, Шерозқалъа археологик ёдгорлиги, Фозил Йўлдош музейи, «Собиқ черков» биносида ташкил этилаётган этнографик ва табиатшунослик музейи ҳамда «Соҳил бўйи» лойиҳаси доирасида барпо этилаётган дам олиш масканлари намойиш этилди.

Туманнинг туризм салоҳияти юқори баҳоланиб, япониялик сайёҳларни Булунғурга жалб этиш ҳамда туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича режалар белгилаб олинди.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.