Булунғур тумани: Иқтисодий драйвер ёки соҳадаги инқилобий ўсиш

Булунғур туманида фақат рақамлар эмас, балки одамларнинг тақдири, келажакка бўлган ишончи ва яратувчанлик руҳи янгиланмоқда. Туманlf замонавий саноат, юксак технологиялар ва фаровон турмуш манзилига айланиши учун катта қадамлар ташламоқда.

Жорий йил Булунғур тумани учун иқтисодий жадаллашув йили бўлиши кутилмоқда. Белгиланган кўрсаткичларга кўра, саноат маҳсулотлари ҳажмини 1 633,7 миллиард сўмга етказиш ва 109,2 фоизлик ўсиш суръатини таъминлаш бош вазифа қилиб белгиланган. Бу кўрсаткичнинг чораклар кесимидаги тақсимоти иқтисодий фаолликнинг босқичма-босқич ошиб боришини кўрсатади.

Хизмат кўрсатиш соҳаси туман иқтисодиётининг асосий драйверларидан бирига айланади. Йил якунига кўра, соҳада 1 527,6 миллиард сўмлик маҳсулот ва хизматлар яратилиши, ўсиш суръати эса қарийб 120 фоизни ташкил этиши кутилмоқда. Айниқса, чакана товар айланишининг 3,2 триллион сўмга етиши аҳолининг харид қобилияти ошиши ва ички бозордаги фаолликдан далолат беради.

Туман иқтисодиётига туртки берувчи асосий нуқта сифатида Мингчинор маҳалласи танлаб олинган. Бу ерда зарур инфратузилмани яхшилаш орқали 120 нафар фуқарони доимий иш билан таъминлаш кўзда тутилган. Бу "маҳаллабай" ишлаш тизимининг амалий натижасидир.

Иқтисодиётга капитал ва қўйилмалар киритиш орқали турли тармоқларни ривожлантириш бўйича ҳам улкан режалар белгиланган. Мисол учун, умумий ҳисобда 143,5 миллион долларлик хорижий инвестиция ва кредитларни ўзлаштириш мақсад қилинган. Бу нафақат янги иш ўринлари, балки ҳудуднинг экспорт салоҳиятини 28 миллион доллардан оширишга хизмат қилади.

Жумладан, "Ғўбдин" массивидаги "Ургут" эркин иқтисодий зонаси ҳудудида қиймати 100 миллион доллар бўлган "Янги Осиё халқаро биофармацевтика" масъулияти чекланган жамияти томонидан тиббий биопрепаратлар ишлаб чиқариш лойиҳасининг якунланиши нафақат туман, балки республика миқёсидаги стратегик аҳамиятга эга воқеликдир.

Туман делегациясининг Хитой, Туркия ва Озарбайжон давлатларига ташрифи, элчихоналар билан мунтазам онлайн мулоқотлар ўрнатилиши ўз самарасини бермоқда.

Йил давомида 28,8 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиниши режалаштирилган. Бунда ГСП+ тизими имкониятларидан фойдаланган ҳолда Европа бозорларига чиқиш асосий йўналиш этиб белгиланган.

Туманда камбағаллик даражасини 1,9 фоизгача тушириш, яъни уни "табиий даражага" етказиш энг муҳим ижтимоий вазифадир. Бу шунчаки нафақа бериш эмас, балки аҳолини тадбиркорликка ва меҳнатга жалб қилиш орқали амалга оширилади.

Хусусан, "Меҳнатсевар аёл" лойиҳаси орқали 518 нафар ижтимоий нофаол ва уйда ўтирган аёллар бандлиги таъминланади. "Тенг имкон" дастури бўйича 209 нафар ногиронлиги бўлган шахс иш билан таъминланиб, уларнинг жамиятга интеграцияси кучайтирилади.

Йил давомида салкам икки минг нафар йигит-қизларнинг доимий даромад манбаига эга бўлиши таъминланади. Аҳолининг томорқасидан унумли фойдаланиш, 1300 гектарга яқин ерда "Бир контур - бир маҳсулот" тизими асосида деҳқончилик қилиш аҳоли даромадини 2-3 бараварга ошириш имконини беради.

Умуман, ушбу лойиҳалар мажмуаси Булунғур туманида ижтимоий барқарорликни таъминлашнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда.

Қишлоқ хўжалиги Булунғур туманининг анъанавий "қон томири" ҳисобланади. Жорий йил соҳада маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини 6 800,8 миллиард сўмга етказиш режалаштирилган.

Ғаллачиликда 2500 гектар майдондан 90-95 центнер ҳосил олиш - бу илмий ёндашув ва тўғри агротехника натижасидир. Шунингдек, 5200 гектар майдонда картошка етиштириш орқали ички бозор барқарорлиги таъминланади. Мева-сабзавотчиликда 27,9 миллион долларлик озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилиш мақсади қўйилган.

Бу мақсадларга эришиш учун сув танқислиги шароитида 2650 гектар майдонда томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш тизимлари жорий этилади.

Туманда чорвачилик соҳасида ҳам катта қадамлар қўйилади. Гўшт ишлаб чиқариш 22 минг тоннага, сут етиштириш эса 104 минг тоннага етказилади. Бу озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда асосий омил бўлиши шубҳасиз.

Жорий йилги дастурда қурилиш ва ободонлаштириш ишларига алоҳида урғу берилган. Мисол учун, 9 та объектда, жумладан, мактаблар ва тиббиёт муассасаларида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилади.

Бундан ташқари, 80,8 миллиард сўм маблағ эвазига 10 та йўл объекти ва ички кўчаларни таъмирлаш режалаштирилган. Энергетика тармоғидаги янгиланишлар ҳам бундан кам эмас. Чунки йил якунигача 15 маҳаллада 29,5 километр электр тармоқлари янгиланиб, 62 та трансформатор мукаммал таъмирланиши керак. Хўжабачча маҳалласида янги сув иншооти ва тармоқларини қуриш ҳам дастурдан ўрин олган муҳим вазифалардан бири.

Дарвоқе, Булунғур туманида таълим сифатини ошириш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича аниқ мезонлар (КПИ) белгиланган.

Аниқроқ айтганда, мактаб битирувчиларининг олий ўқув юртларига кириш кўрсаткичларини ошириш, хорижий тил ўқитувчиларининг камида B2 сертификатига эга бўлишини таъминлаш ва мактабларни тўлиқ компьютер синфлари билан жиҳозлаш устувор вазифа сифатида белгиланган.

Шунингдек, "Оналар мактаби" ва инклюзив таълимни ривожлантириш орқали ижтимоий қамров кенгайтирилади.

Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида оммавий скрининг ишлари ўтказилади. 54 минг нафардан ортиқ аҳоли қандли диабет бўйича, 15 минг аёл эса саратонни эрта аниқлаш бўйича текширувдан ўтказилади. "Маҳалла саломатлик паспорти" тизимининг жорий этилиши ҳар бир фуқаронинг соғлиғини индивидуал мониторинг қилиш имконини беради.

Ёшлар етакчилари фаолиятини баҳолаш (КПИ) тизими орқали энг фаол 4 нафар етакчини Республика ТОП-100 рейтингига киритиш мақсад қилинган. "Ибрат фарзандлари", "Мутолаа" каби лойиҳалар орқали ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, уларни тадбиркорликка ўқитиш ва бандлигини таъминлаш Булунғур туманининг стратегик мақсадларидан биридир.

Юқорида келтирилган рақамлар ва лойиҳалар шуни кўрсатадики, туман иқтисодиёти фақатгина қишлоқ хўжалигига боғланиб қолмай, балки юқори технологияли саноат (фармасевтика), хизмат кўрсатиш ва инвестициялар марказига айланиб бормоқда.

Белгиланган 237,9 миллиард сўмлик бюджет даромадлари прогнози ва қўшимча 27,5 миллиард сўмлик захираларни яратиш режаси туманнинг молиявий мустақиллигини таъминлайди. Энг муҳими, бу ислоҳотларнинг марказида инсон манфаати – унинг бандлиги, саломатлиги, таълими ва қулай яшаш шароити турибди.