Булунғурдаги тоннел қурилиши ниҳоясига етмоқда

Яхши биламиз, Булунғур туман марказига боришда шу ҳудуддан ўтган темир йўл туфайли баъзи ноқулайликлар кузатиларди. Яъни, поезд ўтадиган пайтда шлагбаум тушириб қўйиларди. Натижада автомобиллар турнақатор йиғилиб, бундай навбатнинг узунлиги анча узоқ масофага чўзилиб кетарди.

Бу муаммонинг ечими сифатида шу ерда автомобиль тоннели қурилиши кераклиги ҳақдаги таклифлар инобатга олиниб, лойиҳа ишлаб чиқилди. Айни пайтда бу масканда ишлар қизғин. 80 миллиард сўмлик лойиҳанинг 65 миллиард сўм миқдордаги ишлари бажарилибди. Демак, яқин орада Булунғур тумани марказига кириш муаммо бўлмайди.

- Кенглиги 16 метр ушбу автомобиль тоннели биринчи навбатда транспорт қатнови учун қулайлик яратади, - дейди “Фаровон йўл сервис” МЧЖ иш бошқарувчиси Искандар Мўйинов. – Шунингдек, лойиҳага кўра, тоннел ёнидан пиёдалар ва велосипед йўлаклари қурилиши режалаштирилган. Чунки поезд ўтиш вақтида бу ерда нафақат транспорт воситалари, балки пиёдалар ҳам ўтолмай анча пайт қолиб кетади.

Айни пайтда 70 дан ортиқ ишчи 30 га яқин техника ёрдамида тоннел қурилиши жадал олиб борилмоқда ва объектни шу йил фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Гулруҳ МЎМИНОВА.