Самарқанд ва Андижонда электр ҳисоблагичларини ўрнатишда қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди
«Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқарувининг топшириғига мувофиқ, жамиятнинг ички аудит ҳамда комплаенс назорати хизматлари Самарқанд ва Андижон ҳудудий филиалларида ўрганиш ишлари олиб бормоқда.
Ўрганишлар электр энергияси ҳисоблагичларининг истеъмолчиларга қонунчилик талабларига мувофиқ ўрнатилиши юзасидан амалга оширилмоқда.
Ўрганиш давомида жамиятнинг Самарқанд шаҳар бўлинмасида электр ҳисоблагичларининг истеъмолчиларга жамият маблағлари ҳисобидан ноқонуний равишда ўрнатилгани аниқланиб, ушбу ҳолат бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар берилди. Ҳозирда жамиятга етказилган зарарни қоплаш юзасидан тегишли ишлар олиб борилмоқда.
Айни вақтда Самарқанд вилоятининг бошқа шаҳар ва туманларида ҳам электр ҳисоблагичларининг истеъмолчиларга қонунчилик талаблари асосида ўрнатилиши, шунингдек, ажратилган маблағларнинг мақсадли ва самарали сарфланиши юзасидан ўрганишлар давом эттирилмоқда.
Шунингдек, жамиятнинг Андижон ҳудудий филиалида истеъмолчиларга электр ҳисоблагичларини ўрнатиш жараёнида қонунбузилиш ҳолатлари, шунингдек, ҳисоблагичлар камомади аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга белгиланган тартибда хабар берилди. Натижада қонунбузарлик содир этганликда гумон қилинаётган корхонанинг 12 нафар ходимига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, уларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилди.
Айни пайтда жамиятга етказилган зарарни қоплаш бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.