Мадрасадан замонавий географиягача

Самарқандда бир даргоҳ борки, унинг тарихини йиллар билан эмас, асрлар билан ўлчаш мумкин. Унинг илдизлари Мирзо Улуғбек даврига, илм-фан ва маърифат юксак қадрланган XV асрга бориб тақалади. Бугун Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети ана шу улуғвор анъананинг замонавий давомчиси сифатида фаолият юритмоқда.

Асрлар ўзгарди, даврлар алмашди. Аммо Самарқандда илмга бўлган эҳтиёж, маърифатга интилиш ва таълим анъанаси йўқолмади. 1920 йилдан бошлаб Мирзо Улуғбек мадрасаси мударрислари педагогик кадрлар тайёрлашга қаратилган қисқа муддатли курсларга жалб этилди. Уларнинг битирувчилари кейинчалик турли таълим муассасаларида дарс бериб, янги авлодга билим ва тарбия беришда муҳим ўрин тутди. Шу тариқа Самарқандда замонавий олий педагогик таълим тизимининг шаклланиши учун замин яратилди.

Университет тарихини унинг бағридан етишиб чиққан таниқли шахсларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Турли йилларда бу ерда таҳсил олган Шароф Рашидов, Ҳамид Олимжон, Уйғун, Иброҳим Мўминов, Яҳё Ғуломов, Муҳаммад Осими, Абдулла Ғани, Миртемир, Усмон Носир, Манзура Собирова, Ҳабиб Юсуфий, Омон Матжон, Нодир Жонузоқ, Воҳид Луқмон, Ориф Тўхташ каби кўплаб олим, шоир, ёзувчи ва давлат арбобларининг номи Ўзбекистон илм-фани, адабиёти, маданияти ва давлатчилик тарихида муносиб ўрин эгаллаган. Уларнинг ҳар бири ўз соҳасида ўчмас из қолдирди. Бу эса бир ҳақиқатни яна бир бор тасдиқлайди: ҳақиқий таълим даргоҳи фақат диплом бермайди. У жамият тараққиётига таъсир кўрсатадиган, ўз соҳасида янги йўналишлар очадиган, халқ ва мамлакат тақдирига дахлдор шахсларни тарбиялайди.

Университетнинг кўп тармоқли илмий мактабида география фанининг ҳам ўзига хос ўрни бор. География факультети 1966 йилда ташкил этилди. Факультетнинг шаклланиши ва ривожланишида унинг асосий ташаббускори ва ташкилотчиси, профессор Мардон Умаровнинг хизмати катта. У 1966–1991 йиллар давомида 25 йил факультет декани сифатида фаолият юритиб, илмий ва педагогик кадрлар тайёрлаш, факультетнинг илмий салоҳиятини юксалтириш борасида катта ташкилий ишларни амалга оширди. Аммо географияни фақат харита ва жой номлари билан боғлаш - бу фаннинг бугунги мазмунини тўлиқ ифодаламайди.

География — инсон ва табиат ўртасидаги муносабатларни англаш, ҳудудларнинг ривожланиш қонуниятларини тадқиқ этиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва келажакда юз бериши мумкин бўлган ўзгаришларни баҳолаш имконини берадиган муҳим илм. Шу маънода, бугунги география фани Мирзо Улуғбек даврида шаклланган илмий тафаккур анъаналарининг замонавий кўринишларидан бири сифатида намоён бўлмоқда. Улуғбек даврида олимлар осмон жисмларининг ҳаракатини кузатган бўлса, бугунги географлар Ер юзасидаги жараёнларни сунъий йўлдошлар, географик ахборот тизимлари, рақамли хариталар ва замонавий моделлаштириш усуллари орқали ўрганмоқда.
Усуллар ўзгарди, технологиялар янгиланди. Лекин асосий мақсад табиатни англаш, унинг қонуниятларини очиш ва инсон ҳаёти учун муҳим бўлган жараёнларни илмий асосда тадқиқ этиш масалалари ўзгарган эмас.

Замонавий география: табиат, сув ва иқлим. Бугунги кунда факультетда география, экология ва гидрология йўналишлари бўйича бакалаврлар, география, табиий фанлар, экология ва гидрология мутахассисликлари бўйича магистрлар тайёрланмоқда. Факультетда шаклланган илмий-педагогик мактаб бугун ҳам ўз фаолиятини изчил давом эттирмоқда. Замонавий ўқув жараёни компьютер синфлари, геология музейи, ўқув хоналари ва бошқа ўқув-илмий объектлар билан таъминланган бўлиб, талабаларнинг назарий билимларини амалий машғулотлар билан уйғунлаштириш имконини бермоқда. Факультетда олиб борилаётган илмий тадқиқотларда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ичимлик сувлари сифати, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, шамол ресурсларини ўрганиш ва хариталаш, Зарафшон водийсининг рекреацион, туристик ва экологик хариталарини яратиш каби йўналишларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Буларнинг барчаси бугунги география фанининг ҳаёт билан қанчалик чамбарчас боғлиқ эканини кўрсатади. Айниқса, иқлим ўзгариши, сув ресурсларининг камайиши, экологик муаммолар ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш масалалари бугун географлар олдига янги вазифаларни қўймоқда. Зарафшон водийси, унинг дарёлари, тоғлари, музликлари, сув омборлари ва табиий ландшафтларини ўрганиш нафақат илмий, балки амалий аҳамиятга ҳам эга. Чунки бу тадқиқотлар ҳудуднинг экологик барқарорлиги, сув хавфсизлиги ва ижтимоий-иқтисодий ривожланиши билан бевосита боғлиқ.
Факультет тарихида халқаро ҳамкорлик ҳам муҳим ўрин тутади. Факультет аъзолари TACIS/TEMPUS дастурлари доирасида туризм, урбанизация ва шаҳар экологияси масалалари бўйича Белгия, Испания ва Италия билан ҳамкорликдаги лойиҳаларда иштирок этдилар. Хорижий ҳамкорлар билан илмий ва таълимий алоқалар профессор-ўқитувчиларнинг тажрибасини бойитиш, янги илмий ёндашувларни ўзлаштириш ва таълим жараёнини ривожлантиришга хизмат қилди.

Бугун ҳам бу анъана давом этмоқда. Факультет профессор-ўқитувчилари халқаро лойиҳалар ва илмий тадқиқотлар доирасида хорижий ҳамкасблар билан ҳамкорлик қилмоқдалар. Зеро, замонавий илмнинг чегараси йўқ. Илмий ғоялар алмашинуви, тажриба ва технологиялар уйғунлиги янги натижаларга йўл очади. Машъал қўлдан-қўлга ўтади. 1420 йилда Мирзо Улуғбек мадрасасида Клавдий Птоломей назарияси ҳақида илмий маъруза қилинган эди. Бугун, орадан олти аср ўтиб, Самарқанддаги олимлар Ер юзидаги табиий жараёнларни рақамли технологиялар, ГАТ, масофадан зондлаш, замонавий статистик усуллар ва математик моделлар асосида ўрганмоқдалар. Бир қарашда бу икки давр ўртасида улкан фарқ бордек кўринади. Бир томонда — қоғоз, қўлёзма, астрономик жадваллар ва кузатувлар. Иккинчи томонда — компьютерлар, сунъий йўлдошлар, рақамли хариталар ва замонавий моделлар. Аммо уларни бирлаштириб турган битта буюк куч бор. Бу илмга ишонч ва ҳақиқатни излашга интилиш. Шунинг учун Самарқанд давлат университети тарихини фақат ўтмиш ҳақидаги хотира сифатида қабул қилиш тўғри эмас. Бу тарих — бугунги кун учун ҳам, келажак учун ҳам масъулиятдир. Улуғбек даврида илм машъали ёқилди. Кейинги авлодлар уни асраб, янада бойитдилар. Бугун эса бу машъал янги авлод олимлари қўлида. Энг муҳим вазифа — уни сўндирмаслик. Уни янги илмий кашфиётлар, янги ғоялар ва янги авлод билимлари билан янада ёрқин қилиш. Чунки Самарқандда илм тарихи тугамаган. У давом этмоқда.

Б.МЕЛИЕВ,
Шароф Рашидов номидаги СамДУ иқлим ўзгариши, сув ресурсларини бошқариш ва геоматика кафедраси мудири, доцент.
С.ҲАЙДАРОВ,
кафедра доценти.