Хорижлик журналистлар Самарқанд матбуоти билан танишди

Фарғона шаҳрида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг 25 йиллиги муносабати билан «Ижтимоий онгнинг шаклланишида ОАВнинг ўрни» мавзусида ўтказилган Фарғона III халқаро конференцияси ва медиафоруми иштирокчиларидан бир гуруҳи Самарқанд шаҳрига келди.

Япония, Хитой, Ҳиндистон ва Беларус давлатидан келган журналистлар вилоят «Матбуот уйи»да бўлиб, ижодий ходимлар билан суҳбатлашди, Zarnews.uz сайти студияси билан танишди.

Шунингдек, хорижлик меҳмонлар Самарқанд матбуотининг тарихи, вилоят газеталарининг фаолияти ва тўпланган тажрибаси билан ўртоқлашди. «Зарафшон» ва «Самаркандский вестник» газеталари таҳририяти бош муҳаррири Фармон Тошев меҳмонларга вилоят матбуотининг тарихи, бугунги фаолияти ва кейинги йиллардаги ўзгаришлар ҳақида маълумот берди.

- Самарқанд шаҳри ва унинг матбуоти ҳақида интернет орқали маълумот олганман. Мана, бугун ўз кўзим билан кўрдимки, бу замин нафақат тарихий обидалари ва зиёратгоҳлари, балки журналистика тарихи билан ҳам аҳамиятли экан, — дейди япониялик журналист Нана Куниэда. — Вилоят матбуот музейида Самарқанд журналистикасининг тарихи, унинг ривожланиш босқичлари, ҳатто 100 йил аввал фойдаланилган фотоаппаратлардан тортиб, қаламдонларгача сақланаётгани соҳага қаратилаётган катта эътибордан дарак, десак янглишмаймиз.

Меҳмонлар «Зарафшон» ва «Самаркандский вестник» газеталари таҳририяти, шунингдек, Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси Самарқанд вилояти бўлими фаолияти билан танишди. Бу ерда журналистлар учун яратилган шароитлар ҳақида маълумот олиб, ҳамкасблари билан ўзаро фикр ва тажриба алмашди.

Ташриф давомида хорижлик журналистлар Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор жойлари, тарихий масканлари ва табаррук қадамжолари, шунингдек, кейинги йилларда кўҳна кентда бунёд этилган замонавий иншоотларни ҳам томоша қилди.