Паст Дарғом ва Лида туманлари ҳамкор бўлади

Беларусь Республикаси Минск шаҳрида ўтказилаётган Беларусь – Ўзбекистон учинчи ҳудудлараро ҳамкорлик форуми тадбирларида иштирок этаётган Самарқанд вилояти ҳокимлиги делегацияси Гродно области раҳбарияти билан учрашди.

Вилоят ҳокимининг ўринбосари Хуршидбек Самиев ҳамда Гродно области ижроия қўмитаси раиси Юрий Караев мулоқотида ҳудудлараро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда саноат, қишлоқ хўжалиги, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, таълим ва туризм соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Томонлар, шунингдек, тадбиркорлар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни фаоллаштириш, ўзаро бизнес миссияларини ташкил этиш, қўшма ишлаб чиқариш лойиҳаларини йўлга қўйиш, мутахассислар алмашинувини кенгайтириш ҳамда ҳудудлараро шерикликни мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашдилар.

Хусусан, вилоятимизнинг Паст Дарғом ва Гродно областининг Лида туманлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ташаббуси илгари сурилди.

Вилоятимиз делегацияси Гродно давлат аграр университетида ҳам бўлиб, олий таълим муассасаси ректори Валентин Пешко билан учрашув ўтказди.

Учрашувда Самарқанд вилояти ва университет ўртасида таълим, илмий тадқиқотлар ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга эътибор қаратилди. Хусусан, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш, замонавий агротехнологияларни жорий этиш ҳамда мутахассислар малакасини ошириш йўналишларида ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди.