Ҳар бир депутатга 50 миллион сўм маблағ ажратилди. Бу сумма нималарга сарфланяпти?

Расмий ёки қолипдаги гаплардан чекиниб, гапни индаллосидан бошласак...
 
Илгари депутатлар ўзи сайланган округга бориб, сайловчилари билан учрашув ўтказса, минг хижолат тортиб, қайтар эди. Ҳозир эса кўпгина маҳаллаларда фуқаролар депутат келишини кутяпти.

Сабаб, бугун депутатга мурожаатлар билан ишлаш, муаммоларни жойида ёки депутатлик сўрови асосида ҳал этиш, мутасадди ташкилотларга жамоатчилик томонидан билдирилаётган фикр-мулоҳаза, таклифларни етказиш бўйича барча шароитлар ва имкониятлар яратилди. Ҳатто бу имкониятлар қонун ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар билан ҳам мустаҳкамланди.

Аслида, депутатнинг асосий вазифаларидан бири фуқаролар мурожаатларини ўрганиш, ўзи сайланган ҳудуддаги муаммоларни бартараф этиш учун барча мавжуд ресурс ва имкониятларни сафарбар этиб, аҳолига қулайлик яратиш ва турмуш фаровонлиги яхшилашга хизмат қилишдан иборат. Афсуски, бу муҳим вазифага панжа ортидан қараб, шунчаки депутатлик нишонини тақиб юрганлар ҳам йўқ эмас. Бироқ бу “юриш”га энди секин-аста чек қўйилмоқда.

Ижро ҳокимиятидан мустақил тарзда фаолият кўрсатаётган Кенгаш ва котибият ҳар бир депутатга масъулиятни эслатиб қўймоқда. Шунга мувофиқ, халқ вакилларига етарлича шароит ва имкониятлар ҳам яратиб берилмоқда. Фикримиз исботи сифатида қуйидаги даллилларни келтираман: биринчидан, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлар мустақил фаолият олиб боришлари учун моддий-техник жиҳатдан ҳам мустақил бўлмоқда. Яъни, ҳар бир Кенгаш ўзининг алоҳида ўз биноси ва раҳбарият, ходимларига эга бўлди. Кенгаш раиси ҳам аввалгидек ҳоким эмас, балки сайлов асосида депутатлар орасидан сайланди. Бу ижро этувчи ташкилот раҳбари ва мутасадди шахслари олдида қонун доирасида талаб қўйиш имконини берди.

Иккинчидан, депутатлик сўровлари назоратга олинди. Авваллари депутатлик сўрови юборсак, унинг жавобини кутардик, жавоб берилмаса, қайта мурожаат қилардик. Депутатлик сўровига жавоб юборилган тақдирда ҳам номига, расмий тарзда жавоб берилар эди. Ҳозир эса ҳар бир депутат сўрови электрон ва онлайн тарзда юборилади, унинг натижадорлиги бўйича Кенгаш котибияти назорат ва мониторинг олиб боради. Депутатлик сўровига жавоб бермаган ёки асоссиз жавоб берган мутасаддиларга қонун доирасида чора кўриш амалиёти мавжуд. Аслида гап чора кўришда эмас, балки халқ вакили бўлган депутатнинг мурожаатига муносабатни ижобий тарафга ўзгартиришда. Зеро, ҳар бир депутатлик сўровида фуқароларнинг мурожаатлари, ечимини кутаётган муаммолар жой олган.

Депутатларга берилган яна бир имконият (халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши мисолида):  халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгашининг 2026 йил 21 апрелдаги “Шаҳар маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаларидан фойдаланиш тўғрисида”ги қарорининг 10-бандида “Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутатларининг ҳудудларда аҳоли билан учрашганда фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатларни ижобий ҳал қилиш мақсадида депутатларга ҳудудида ижтимоий-иқтисодий, ташкилий амалий ва инфратузилмавий муаммоларни бартараф этиш, соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва ижтимоий реестрга киритилмаган оилаларга моддий кўмаклашиш (турар жойларини таъмирлаш, жиҳозлаш ва бошқалар), экология ва атроф-муҳитни асраш, аҳоли саломатлиги ва санитария-гигиена шароитини яхшилашга қаратилган ҳамда бошқа зарур тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатларга” йўналтириш мақсадида ҳар бир депутатга 50 (эллик) млн. сўм маблағ ажратилган.

Бу борада шаҳар Кенгаши депутатлари олдида ҳам муҳим вазифалар қўйилган бўлиб, унинг ижроси халқ розилиги ва ислоҳотлар самарасини билдиради. Шунга жавобан депутатлик ўрганишлари натижасида 30-Мўлиён округидаги Мўлиён маҳалласи фуқароларига қулайлик яратиш, улардаги соғлом турмуш кўникмасини ошириш, болалар ва ёшларнинг спорт билан шуғулланиши учун спорт майдончаси қуриш зарурияти мавжудлиги аниқланди. Ушбу маҳаллада спорт майдончасини қуриш учун маҳалла фаоллари томонидан дастлабки ишлар бошланган. Шунга қўшимча равишда, қўшимча маблағлардан фойдаланиш ҳисобидан спорт майдончаси учун ҳимоя тўри (панжара, сетка) ва ёритиш жиҳозлари учун 32 миллион сўм маблағ ажратиш учун амалий ёрдам берилди.

Тўғриси, бу депутатнинг жойлардаги мавқеи ва таъсир кўламини кенгайтириш баробарида, аҳоли ўртасида ўзаро ишонч ва ҳамкорликни ривожлантиришга ҳам хизмат қилади.

Баҳодир Раҳмонов,
халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати.