Бош врач депутат сўровига нега жавоб бермади?

Депутатлик сўрови шунчаки сўров эмас. Ҳар бир сўровда халқ дарди намоён бўлади. Бунга кўпчилик раҳбарлар эътиборсизлик билан ёндашадилар. Унда кўтарилган масала ёки муаммо билан аксарият ҳолларда шуғулланишмайди.

- 2019 йил 9 апрелда Пайариқ туман тиббиёт бирлашмаси бош врачи вазифасини бажарувчи Дилмурод Жўраевга учинчи сонли депутатлик сўрови жўнатдик, - дейди халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Алишер Муқимов. - Мазмуни шундай: Туманда олий маълумотли ҳамшираларга эътибор қандай? Улар ўз вазифасида фаолият кўрсатяптими? Бугунги кунда улар неча нафарни ташкил этади?

Орадан шунча вақт ўтяптики, жавоб йўқ. Депутат - халқ вакили. У одамларни қийнаб келаётган муаммо ёки ечимини топмаётган масалани кўтариб чиқади. Бугун раҳбарлар масъулиятни ўн карра ошириб ишлаши кераклигини даврнинг ўзи тақозо қилмоқда. Афсуски, айрим раҳбарлар ҳалиям мудраб юрибди.

Жорий йилнинг 10 июнь куни Д.Жўраевнинг қабулига шу масала бўйича яна кирдим:

- Дилмуроджон ҳурмат билан сизга депутатлик сўрови юборган эдик, орадан шунча вақт ўтса ҳамки лом-мим демаяпсиз?

- Ака, ишларимни сал эпақага келтириб олай, жавоб берамиз, - деди.

Катта тиббиёт бирлашмасининг бошлиғи шундай деб тургандан кейин бошқалардан нимани кутиш мумкин? Айтинг, натижа бўлмаса, сўровни юборишдан нима фойда? Шунча депутат сўрови юбордик, деб бонг уришдан нима маъни?

Бугунги кунда тиббиёт олий ўқув юртларида олий ҳамширалик иши факультетлари мавжуд. Албатта, бундан мақсад тиббий хизмат кўрсатиш сифатини оширишдан иборат. Бироқ соҳада қиладиган ишларимиз ҳали анча. Дилмурод Жўраевга депутатлик сўровини юборишдан мақсад ҳам шу эди.

Алишер Муқимовнинг куйиб-пишганича бор. Депутатлик сўровларига айрим раҳбарларимизда ҳалиям муносабат ўзгармаган.

- Депутатлар сўровни юборишга юборади, - дейди Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси Пайариқ тумани кенгаши раиси М.Дўстбеков. - Аммо натижаси бўлмаса ҳаммаси бекор. Партиямиз депутатлари йилнинг ўтган даври мобайнида элликдан зиёд депутатлик сўровлари юборди. Шундан 15 тасига умуман жавоб йўқ.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, бугун одамларнинг онги ўзгарган. Эндиликда аҳоли ўз муаммолари билан бир қаторда лоқайдлик, илдиз отаётган иллатлар, ривожланишга ғов бўлаётган ўзибўларчилик, сансоларликни касб қилиб олган айрим мутасаддилар тўғрисида очиқ-ойдин, ҳеч кимдан ҳадиксирамасдан гапирмоқдалар. Демак, раҳбарлар аҳоли томонидан бериладиган мурожаат бўладими, депутат сўрови бўладими атрофлича жавоб беришга мажбурдирлар.

Ҳусниддин ХОЛДОРОВ.

Таҳририятдан: Кимнидир қоралаш фикридан йироқмиз. Аммо бу ўринда депутатлар ҳам, сиёсий партиялар ҳам ўз фаолиятларини қайта кўриб чиқишлари зарурлигини айтиб ўтиш лозим. Негаки, депутат ёки сиёсий партиялар давлат идоралари томонидан депутат сўровига жавоб берилмаяпти, деб дийдиё қилиб ўтиришлари мутлақо нотўғри. Табиий савол туғилади: нега тегишли доимий комиссия ёки партия депутатлик гуруҳлари йиғилишида бундай масъулиятсиз раҳбарларнинг ҳисоботлари тингланмайди? Ёки уларга нисбатан таъсирчан чора кўриш учун ҳудуд прокурорига нима учун тақдимнома киритишмаган? Қонунда депутат сўровлари Кенгашларнинг сессия йиғилишларида кўриб чиқилиши мумкинлиги белгиланганлигини наҳотки билишмаса?

Маҳаллий кенгашлар тегишли ҳудуднинг олий органи. Унга ҳудуддаги барча давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳисобдор. Бу механизмнинг амалда ишлаши эса фақат депутатлар фаоллигига боғлиқ.