"Оёққа туриб олай..."

Мана, бугун у ўзининг юбилей ёшини нишонлаяпти. Ҳамма фарзандларидан қутулган, уйли-жойли қилган. Ҳатто невараларигача квартиралар олиб қўйган. Аммо...
Аммо, бугунги юбилейига жигарларидан ҳеч ким келмади. Нега ҳеч ким келмади? У шунча ўйласа ҳам ўйига етолмади. Балки...
У ўзининг тиришқоқлиги, тиниб-тинчимаслиги, бой бўлиш илинжидаги ҳаракатлари сабаб, хусусий фирма очгач, жуда ҳам бойиб кетди. Инсон феъли қизиқ. Пул тўплаган сари уни янада кўпайтиришни ўйларкан. Аввалиги 1000 доллар йиғди. Кейин буни 10 минг долларга етказди. Сўнг 100 минг доллар, 1 миллион доллар...
У кечалари уйқудан қолди. Дарди-фикри пул йиғиш эди. Унинг энг яхши кўрган ибораси: "Оёққа туриб олай, кейин ёрдам бераман", эди. Ундан кимдир пул сўраса жуда ҳам ёмон кўрарди. Ҳеч кимга, ҳатто жигарларига ҳам бир тийинлик ёрдам кўрсатмасди... Ёдида, опасининг катта қизи ўн йил бефарзанд бўлгандан кейин, яхши шифокор топгани, энди фарзандлик бўлиши мумкинлиги, фақат бунинг учун катта маблағ керак бўлганлиги сабабли пул қарз сўраб келганда "Ҳамма пулим оборотда, ололмайман", деб ёрдам бермаганди. Оқибатда куёв "Бошқа кута олмайман", деб жияни билан ажрашиб, бошқасига уйланиб кетганди...
Ёки бўлмаса, акасини зудлик билан хорижда операция қилиш учун жиянлари қарзга пул сўраб келишганда бермаганди, натижада акаси икки оёғидан айрилиб, ногиронлик аравачасига михланиб қолганди... Синглиси ҳам жиянларини контрактда ўқитиш учун ёрдам сўраганда бермаган эди. Шу сабабли бирорта ҳам жияни олий маълумот ололмагани учун ҳозир кўчада мардикорлик қилиб юришганини, синглисининг юраги сиқилавериб, қандли диабет ва гипертония касаллигини орттириб олгач, инсульт бўлиб, бир оёғи ва бир қўли ишламай қолганини биларди...
Укаси эҳтиётсизлик оқибатида машинасида одам уриб юбориб, ҳалок бўлган даъвогар томонни рози қилиш учун акасидан ялиниб қарз сўраб келганида бермаган эди, натижада укаси қамалиб кетиб, қамоқхонадан туберкулёз юқтириб чиқиб, 40 ёшга ҳам кирмай, вафот этиб кетганди...
Қани энди буларнинг барини ортга қайтара олса. Лекин афсус, вақт югурик... Энди жигарларига яхшилик қилгани билан бефойда...
Опасининг 50 ёшдан ошган қизи фарзандлик бўла олмайди, ажрашган оиласини тиклай олмайди... Акасининг кесиб ташланган икки оёғи қайтадан ўсиб чиқмайди... Инсультни бошидан кечирган синглисининг соғлиги қайта тикланмайди... Вафот этган укаси қайта тирилиб келмайди...
У шуларни ўйлар экан ичини тинмай нимадир тимдаларди... Нега ўз вақтида жигарларимга ёрдам кўрсатмадим? Қўлимда имконим борида уларга яхшилик қилмадим? Топган-тутганимни фақат ва фақат ўзимга, оиламга, бола-чақамга сарфлаб, жигарларимни унутибманку?! Мана, бугун бойман, бадавлатман, ҳамма нарсам бор, аммо ёлғизман, нега?!
У ўзига-ўзи бераётган саволлардан юраклари сиқилиб кетди. Юбилей базми авжига чиқар, аммо унга ҳеч нарса татимасди...
Беҳзод Ҳожиматов.