Қурбон ҳайити олдидан масжидларда санитария-гигиена тадбирлари кучайтирилди

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси вилоят бошқармаси масъуллари вилоятимиздаги ҳайит намози ўқиладиган жомеъ масжидларнинг санитария-гигиеник ҳолатларини ўрганди.

Ўрганишлар давомида мутахассислар томонидан масжидларда юқумли касалликларнинг олдини олиш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ҳамда байрам кунлари санитария осойишталигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, профилактик дезинфекция ишлари, ҳашаротларга қарши дезинсекция тадбирлари, умумий фойдаланиш ҳудудларини тозалаш ва дезинфекция қилиш, таҳоратхона ва ҳожатхоналарни санитария талабларига мослаштириш ишлари амалга оширилди.

Мутахассислар томонидан масжидларнинг ички қисми, намозхоналар, ҳовли ҳудуди, таҳоратхоналар, кириш-чиқиш йўлаклари ҳамда кўп фойдаланиладиган жойларга махсус дезинфекция воситалари билан ишлов бериш бўйича тавсиялар берилди.
Вилоятдаги 280 дан зиёд жомеъ масжид ҳудудида кенг кўламли ободонлаштириш ва тозалаш ишлари амалга оширилди. Ҳудудлар маиший чиқиндилардан тозаланиб, санитария ҳолати талаб даражасига келтирилди.

Намозхоналар ва таҳоратхоналарда санитария-гигиена қоидаларига риоя этилиши, тоза ичимлик суви мавжудлиги, иссиқ сув билан таъминланганлик, шамоллатиш тизимларининг ишлаши, сантехника жиҳозларининг созлиги назорат қилинди. Шунингдек, айрим масжидларда таҳоратхона ва ҳожатхоналарни таъмирлаш ишлари ҳам бажарилди.

Ўрганишлар давомида масжидларнинг ичимлик суви ва оқова тизимлари ҳолати ҳам алоҳида назоратдан ўтказилди. Маълумотларга кўра, 60 та масжид марказлаштирилган ичимлик суви тизимига, 229 та масжид эса маҳаллий ичимлик суви тармоғига уланган.
Канализация тизими бўйича 32 та масжид марказлашган канализация тармоғига, 252 таси эса маҳаллий оқова тизимларига уланган ҳолда фаолият юритмоқда.

Аниқланган айрим камчиликлар юзасидан масъулларга тавсиялар берилиб, уларнинг ижроси қатъий назоратга олинди. Натижада барча масжидларда мавжуд камчиликлар бартараф этилди.
Қурбон ҳайити кунлари вилоятда оммавий тадбирлар, халқ сайиллари, ярмаркалар ва савдо фаолияти кенгайиши ҳисобга олиниб, "Санэпидқўмита" мутахассислари томонидан ушбу ҳудудларда ҳам санитария назорати кучайтирилди. Хусусан, озиқ-овқат маҳсулотларининг сақланиш ҳолати, савдо нуқталарида гигиена қоидаларига риоя қилиниши, ичимлик суви сифати, чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқиш, жамоат жойларининг тозалиги мунтазам назорат қилинмоқда.