У ерда эркаклар юзларини яширади, аёллар эса ўзига эр танлайди

Улар шунчаки чўлда яшамайди – улар чўл билан бирдам. Кўк саллаларини тўқиб олиб, иссиқ қум бўйлаб салқингина истироҳат боғидан ўтаётгандек, оҳиста юришади. Улар телевизорда янгиликларни кўрмайди, валюта курсларини текширмайди, дунё навбатдаги инқирозга учраганда, асабийлашмайди. Уларнинг битта қоидаси бор – ўз йўлидан қолмаслик...
Паспортлар, ҳужжатлар, солиқ декларацияси улар учун бегона. Улар бошлиқларга қарам эмас, банкларда навбатда турмайди, тирбандлик нималигини билмайди. Ота-боболари юзлаб йиллар аввал яшагандек – ҳовлиқмасдан, шошқалоқликсизва тепасига ўрнатилган ҳокимиятсиз яшашади.
Туареглар ҳеч қачон ҳеч кимга тегишли бўлмаган. Улар араб истилоларидан, француз мустамлакачиларидан ва замонавий ҳукуматларнинг уларни бостириб олишга уринишларидан нафақат омон қолди, балки бунга ҳатто эътибор ҳам бермади.
Мовий кўчманчилар қаердан пайдо бўлган?
Олимларнинг фикрича, улар Шимолий Африка қадимги Берберларнинг авлодлари. Уларнинг тили бербер лаҳжаси, ёзуви эса шаман қўли билан чизилган махфий рамзларга ўхшаш сирли тифинаг белгиларидир.
Туареглар археолог ва этнографларнинг назариялари билан қизиқмайди. Афсоналарга кўра, улар қумдан пайдо бўлган ва фақат унга тегишли. Минг йиллар олдин улар кўчманчилик йўлини танлаб, ўзларига содиқ қолишган. Уларнинг уйлари бир неча дақиқада йиғиб олинадиган енгил чодирлар, йўллари эса чексиз қумли сўқмоқлардир.
Бир пайтлар улар бутун саҳрони назорат қилишган. Карвоннинг чўлни кесиб ўтиши у ёки бу тарзда туарегларга боғлиқ эди. Қудуқлар қаерда яширинлиги, қайси йўналишлар хавфсиз бўлгани, қум бўронларидан қаерга яширинишни билишарди. Улар олтин, туз, зираворлар, ипак, отлар ва ҳатто одамлар савдоси билан шуғулланишган.
Карвонлар улардан қўрқар, улар билан музокаралар олиб бориб, уларни бўйсундиришга ҳаракат қилишарди. Дастлаб араблар келиб, туарегларни ўз империяларининг бир қисмига айлантиришга ҳаракат қилишди. Туареглар тинглашди, бош чайқади ва ҳаётларидаги бирон бир қоидани ўзгартирмасдан йўлида давом этди.
Кейин французлар келди. Улар чегаралар белгилаб, байроқларни ўрнатди, хариталар чизишди. Туареглар буларнинг барчасига қараб, елка қисиб, ҳеч қандай чегара йўқдек саҳро бўйлаб кетишда давом этди. Кейин янги давлатлар пайдо бўлди: Мали, Нигер, Жазоир. Бу давлатларнинг ҳукуматлари туарегларга энди улар фуқаро эканликларини тушунтиришга ҳаракат қилишди.
Улар бунга мутлақо бефарқлик билан жавоб беришди: “Қандай мамлакатингиз борлигиниўзингиз ҳал қилаверинг, бизнинг ишимиз бошқа”.
Нега аёллар эмас, эркаклар юзларини ёпишади?
Дунёдаги ҳар бир маданиятда аёллар юзларини ёпишади. Фақат биттасидан ташқари. Туареглар орасида юзпардани эркаклар кийишади ва бу шунчаки мато бўлаги эмас, балки улармаданиятининг бир қисмидир. Бош кийим литаам деб аталади ва нотанишлар олдида уни олиб ташлаш расмий учрашувга тунги кўйлакда чиқишга ўхшайди.
Литаам нима учун керак?
Қумнинг юзига учиб кирмаслиги учун, хис-туйғуларни яшириш учун. Ҳақиқий жангчи қўрқув, ғазаб ёки шубҳани кўрсатмайди. У шунчаки қарайди ва жим туради. Савлат учун. Мато ранги қанчалик қуюқ бўлса, мақом шунчалик юқори бўлади.
Асосийси, литаам табиий индиго ранги билан бўялган. Вақт ўтиши билан бўёқ терига сингиб кетади ва Туарегларнинг юзлари кўкимтир рангга эга бўлади. Шу сабабли уларни “чўлнинг кўк одамлари” деб аташади.
Эркаклар юзларини яширадиган бўлса, аёллар ... аксинча.
Улар ҳеч нимани ҳеч кимдан сўрамайди. Бу ерда аёл шунчаки ўчоқ қўриқчиси эмас. У эркакка “сенменга тўғри кемайдиган одамсан, кетаверишинг мумкин” дейиши мумкин бўлган одам.
Ажралишми? Муаммосиз. Агар никоҳ муваффақиятсизликка учраса, аёл ҳеч қандай жанжалларсиз ўзига тегишли ҳамма нарсани олади ва ота-онасининг уйига қайтади. Лекин туарег аёлларини кўнглини шунчаки овлаб бўлмайди. Бу ерда эркаклар ўзларининг муносиб эканликларини шеър битиб, исботлашлари керак.
Агар у ўзи шеъри билан жавоб қайтарса, бу қизиқиш борлигини англатади. Агар у жим бўлса, ҳамма нарса аниқ: бориб яхшироқ ижод қилиб, янги шеър ёзинг. Асосийси, аёллар юзини ёпмайди.Бунга ҳожат йўқ, чунки улар оилавий муносабатларни назорат қилади.
Бугун кўп нарса ўзгарди. Карвончилар энди туз ва газламаларни эмас, ёқилғи, тамаки ва электроникани олиб ўтишади. Бироқ туареглар ҳали ҳам ҳеч ким уларни кўрмасдан чўлни қандай кесиб ўтишни билади.
Сиз хоҳлаганча хариталар чизишингиз, хоҳлаганча кўп постлар ўрнатишингиз мумкин, лекин агар туарег карвонни бошқаришга қарор қилса, унинг ўзи унга раҳбарлик қилади.
Улар таслим бўлмайди
2012 йилда туареглар “Бўлди, энди бизга ўзерларимиз керак” деб мустақил Азавад давлатини эълон қилди. Ҳукуматлар уларнинг иштиёқини қадрламадилар. Жанглар, тўқнашувлар, қатағонлар бошланди.
Лекин туареглар таслим бўлмади. Ҳозирча уларнинг ўз давлати йўқ. Улар бутун умрларини паспортсиз ўтказа олиши мумкин.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.