Фойда келтирмайдиган, аммо ҳокимлар борадиган қаҳвахона

Самарқанд шаҳри Абдураҳмон Жомий кўчасидаги мўъжазгина масканда шеърият, мусиқа кечалари ўтказилади. Атайин китоб ўқишга келади кўпчилик. Гарчи пештоқида “кафе” номи бўлса-да, бу ерга келувчиларнинг мақсади моддий  овқатланиш эмас, маънан озиқланиш.

Очиғи, бундай қаҳвахона кўп фойда келтирмаслигини тадбиркор бўлмаган одам ҳам яхши тушунади. Қолаверса, ушбу “Китаб-кафе”ни очган 29 ёшли Зебо Исматуллаева ўз хоббиси учун фойда келтирмайдиган, аммо салмоқли маблағ тикиладиган масканлар очадиган даражадаги катта тадбиркор эмаслигини ҳам кўпчилик яхши билади. Наҳотки унинг бундай йўл тутишига фақат китобхонликка муҳаббат сабаб бўлган бўлса? Зебо билан шу ҳақда суҳбатлашдик.

- Одатда тадбиркорлар бундай йўл тутмайди...

- Лекин мен шундай йўл тутдим, чунки бу ҳақда анчадан бери ўйлаб юрардим.

- Зарарига бўлса ҳамми?

- Ростдан ҳам бу қаҳвахонадан менга фойда йўқ, аксинча, бошқа йўналишдаги даромадимдан пул сарфлайман бу учун.

- Бошқа йўналишдаги ишингиз – босмахона, шундайми? Аслида бир-бирига жуда боғлиқ йўналишлар.

- Шундай. Булар ҳаммаси болалигимдаги орзуларим, десам ҳам бўлади.

- Болалигингизда китобни шунчалик яхши кўрганмисиз ёки оилангизда ноширлик соҳасида фаолият кўрсатаётган инсонлар бормиди?

- Саккиз ёшимда Худойберди Тўхтабоевнинг “Сариқ девни миниб” асарини ўқиб тугатганман. Эрта китоб ўқишга киришганимнинг боиси бор: оиламизда ҳамма китоб ўқирди. Акамнинг китоб мутолаасидан гоҳ кулиб, гоҳ хафа бўлганларини кузатиб, болаларча қизиқиш билан, китобларда жуда қизиқ воқеалар бўлади, деб ўйлаганман. Олти ёшимда ўқиш, ёзишни билганим учун уйдаги кутубхонамиздан фойдаланганман. Бир бошлагач, ўзимни тўхтатолмадим, фақат китоблар оламига шўнғидим. “Меҳробдан чаён”ни 8-синфдалигимда  бир кечада ўқиб тугатдим. Онам кўп китоб ўқишим кўзимга зарарлигини айтиб, чироқни ўчириб кетардилар. Уни ёқсам, яна билиб қоладилар, деб қўл фонари ёрдамида бир кечада ўқиб тугатганман.

- Ўқиган қаҳрамонларингизга ўхшашни истаганмисиз?

- Йўқ, негадир уларнинг ҳаммасидан хулоса чиқарганман, яъни уларни кўпроқ таҳлил қилганман. Ҳозиргача мингга яқин китоб ўқиганман.

- Тадбиркорликни ўшанда бошлаган экансизда...

- Балки, одамларни кўпроқ тушунишимга, атрофимда яхши одамларнинг йиғилишида кўп китоб ўқиганимнинг фойдаси бор.

- Босмахонани ташкил этганингизда жуда ёш эдингиз, қўрқув бўлмадими?

- Босмахона ташкил этишдан аввал Самарқандда очилган “Китоб дунёси” дўконида ишлардим. Нафақат китобларнинг мазмуни, уларнинг дизайни, муқовасию қоғози, кўринишига ҳам қизиқдим, ўргандим. Одамларнинг дўконларга келиб ўтиришини кутиб ўтирмай, жойларга чиқиб, кўчма ярмаркалар ташкил этиш таклифини бердим ва уни кўп ҳолларда ўзим амалга оширдим. Шунда билдимки, одамлар орасида асл китобларни ўқийдиганлар кўп экан. Бунинг учун фақат болалар эмас, ота-оналарнинг ўзлари ҳам ўқиши кераклигини англаши, шу қоидага риоя қилиши керак. Шундай савдо ярмаркаларида доим боласига китоб сотиб олиб берган ота-оналарга уларнинг ўзига муносиб китобни тавсия қилардим. Болангизга китоб олиб берганингиз яхши, лекин сиз ҳам ёнида китоб ўқимасангиз, унинг қизиқиши сўниб қолади, дердим. Баъзилар тўғри, дея сотиб оларди, баъзилар энди мен ўқиб нима бўлардим, болам ўқисин, дея ўзига жўнгина таъриф бериб қўя қоларди. Инсон қайси ёшда бўлишидан қатъи назар, ўзини ривожлантириши, китоб ўқиши фақат ўзига фойда.

Кейин нашриётда ишладим. Бу эса китобнинг пайдо бўлиш жараёнини қамраб оладиган тўлиқ фаолият эди. Бу масканда мен ноширликнинг барча босқичларини илғадим. Ютуқлари, камчиликларини таҳлил қилардим.

- 23 ёшингизда-я?!

- 23 ёшимда босмахонамни очганман, ундан ҳам олдин эди бу таҳлиллар. Гарчи ота-онам моддий жиҳатдан ўзларига тўқ бўлишса-да, лекин улардан кўп нарса олмаганман. Ҳамма нарсани ўзим топишга ҳаракат қилардим.

- Кўп китоб ўқийдиганлар реал ҳаётдан узилиб қолади, ўз хаёл дунёсида юради, деган тушунча сингиб қолган одамларда. Сизда бунинг тамоман акси кўриняпти.

- Аксинча, китоблар менинг реал ҳаётга муносабатимни шакллантирган. Эътибор беринг, биронта асар қаҳрамони ҳаётдаги топилмаларига осонликча эришганми? Йўқ, уларнинг ҳаммаси минг қийинчиликларни бошидан ўтказади, бўш келмайди. Тўғри, барчасида эмас, аммо аксарида шундай мотив бор. Уларни ўқиб, қандай қилиб, тушкун бўлиш мумкин, аксинча ҳаётга, яшашга, ижодга қизиқиш янаям ортади-ку.

- Бугун ўз ишини бошламоқчи бўлиб, аммо иккиланиб турган ёшларга нима дейсиз?

- Биласизми, ҳузуримга бир неча марта ҳақиқатан ҳам кўп китоб ўқиган, билимли ёшлар келди. Ғояларим кўп, уларни амалга ошириш керак, мен пул билан ишим йўқ, моддиятга қизиқмайман, дейди. Мен уларни ишга олмадим. Пулга қизиқмаган одам афсуски, ғояларини амалга ошира олмайди. Билими бор одам ҳам ўз билимининг баҳосини, қадрини билиши керак. Билимини сотаётганда, билимни бериш эмас, балки шунга муносиб рағбатни ола билиш жуда муҳим. Шундагина ривожланиш бўлади, билимни текин сотиб олиб, уни хор қилиб юриш бўлмайди. Пулинг қанча кўп бўлса, ғояларинг кўлами ҳам шунча кўп бўлади ва уларнинг нечоғлигини англаб иш кўрасан, чунки унга пул тикасан.

Айтмоқчиманки, ўз ишини бошламоқчи бўлганлар аввал ўша соҳани мукаммал эгаллаган бўлсин. Ёки пули бўлсин ва ғоялари бор ёшлар билан ишласин. Ва энг муҳими, кўп китоб ўқиш керак, жуда кўп. Китоб фақат одамлар билан муомала муносабатда эмас, балки қийинчилик пайтлари ундан чиқиб кетишда ҳам йўл кўрсатади.

Шунинг учун фаолиятим давомида зиғирча имкон бўлса, китоб тарғиботини амалга оширишни мўлжаллаймиз. Қатор лойиҳаларни бошлаб қўйдик. Хусусан, мактаб ва мактаб таълими бошқармаси билан ҳамкорликда ўқувчи ёшларни китобга қизиқтириш мақсадида ўнта, элликта, юзта китоб ўқиган ўқувчиларни рағбатлантириш услубини ишлаб чиқдик. Бу каби лойиҳаларимиз кўп, барчаси китоб ва китоб тарғиботи билан боғлиқ.

- Эшитишимизча, “Китаб-кафе”га самарқандлик бир қатор ташкилот раҳбарлари ҳам мунтазам келиб туришар экан-а.

- Тўғри, раҳбарлар, қатор шаҳар ва туманлар ҳокимлари, баъзилари фарзандлари билан келиб, китоб ўқишади. Қаҳвалардан баҳраманд бўлишади. Ўзига хос китоблар муҳитида бўлишади. Айтишим керакки, қаҳвахонамизда ўнлаб муаллифлик қаҳва турлари мавжуд, бунга қизиқувчилар бор. Биласиз, бутун дунёда қаҳва ичиб, газета, китоб ўқиш ўзига хос бир анъанага айланиб қолган. Биз ҳам бу узвийликдан фойдаланган ҳолда китоб ўқиш мазасини қаҳва таъмига қўшиб беришни ният қилганмиз.

Шу мўъжазгина масканимизга хорижлик сайёҳлар ҳам кўп ташриф буюришади. Талабларига қараб, шундай сайёҳларга шеърият, мусиқа кечалари ташкил этиб берганмиз. Ҳозиргача улар ижтимоий тармоқларда Самарқанддаги бундай муҳитдан мамнун бўлганларини айтиб, фикр билдириб туради.

- Эҳтимол, қаҳвахонанинг доимий амалдор мижозлари ҳомийлик қилишар, ахир қандайдир даромад бўлиши керак-ку.

- Йўқ, ҳомийлик қилишмайди. Майли, қўймадингиз-да: сиз қизиққан “сир”ни айта қоламан. Тўғри, бу қаҳвахона фойда келтирмайди.  Аммо “Китаб-кафе”га табиийки, китобхонлар келади. Улар орасида ижод қиладиганлар кўп бўлади ва ўз асарларини нашр этишни истайди. Шу ерда бизнинг нашриётимиз фойда кўриши мумкин. Яъни, бу қаҳвахонамиз қайсидир маънода реклама вазифасини ўтайди.

- Қойил! Китоб ўқишни тарғиб этишдай катта ишларингизда мудом омад ёр бўлишини тилаб қоламиз!

- Сизга ҳам мазмунли ҳамсуҳбатлик учун ташаккур!

Гулруҳ МЎМИНОВА суҳбатлашди.