АСКУЭ: Янги ҳисоблагич ўрнатишда қандай муаммолар бор?
Бугунги кунда Самарқанд вилоятидаги 825 минг истеъмолчидан 672 мингдан зиёдига электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (АСКУЭ) замонавий электр ҳисоблагичлари ўрнатилиб, уларнинг барчаси ушбу тизимга уланиши таъминланмоқда.
Улар эски ҳисоблагичлардан 20 дан зиёд функцияларни бажара олиши билан фарқланади.
- Янги тизимда истеъмолчилар электр таъминоти корхонаси ёки банкларга бориб навбатда турмайди, - дейди вилоят электр тармоқлари корхонаси бўлим бошлиғи Аминжон Шарифов. - Ҳисоблагич ўрнатилгач, тизимга уланади, код киритилиб, ҳисоб рақам очилади. Истеъмолчиларга SMS хабар орқали барча маълумотлар автоматик тарзда етказиб турилади. Мобил телефон рақамига уланиши тўловни уйдан чиқмай “online” режимида амалга ошириш имконини беради. Муҳими, “шахсий кабинет”орқали ҳар бир истеъмолчи қанча электр энергияси сарфлаганини кузатиб туриш имконига эга бўлади.
Каттақўрғон тумани аҳолиси хонадонларига “Қорадарё электр тармоқлари корхонаси” мутахассислари хизмат кўрсатади. Тумандаги 60 мингга яқин хусусий, 4200 та улгуржи истеъмолчиларнинг электр таъминоти корхонанинг Қорадарё, Мойбулоқ, Каттаминг, Темур ва Бўстон бўлимлари хизматчилари томонидан назорат қилинади.
- Аҳолини электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш мақсадида корхона мутахассислари кунига 200 тагача истеъмолчига замонавий ҳисоблагич ўрнатмоқда, - дейди корхона бош муҳандиси Эркин Раҳимов. – Бугунгача 50 мингга яқин аҳоли ва улгуржи истеъмолчиларга янги ҳисоблагичлар ўрнатдик. Яна 10 минг 700 га яқин хонадонга ўрнатишимиз лозим.
Таъкидлаш жоизки, янги тизимда ҳисоблагичлардаги маълумотларни компьютер назорат қилади. Электр таъминоти корхонаси ходимлари уйма-уй юришга кетадиган вақтини тармоқларнинг техник ҳолатини яхшилашга сарфлайди. Шунингдек, истеъмол қилинган энергия ҳақидаги маълумотларни йиғишда инсон омили таъсири камаяди. Одатда ҳар бир ҳудуд учун электр сарфи тахминий ҳисобланиб, “лимит” ажратилар эди. Эндиликда тизимда барча маълумотлар аниқ кўриниб туриши боис таъминотда чеклов бўлмайди.
Истеъмолчиларга бепул алмаштириб бериладиган ҳисоблагичлардаги маълумотларни сохталаштиришга уриниш, яъни ҳисоблагичга таъсир ўтказиш ҳолатлари юзага келса, дарҳол ўчади ва тизимга хабар жўнатади. Ҳисоблагич электр таъминоти корхонаси томонидан 10 йилда бир маротаба қиёсловдан ўтказилади.
Янги ҳисоблагичлар одамларнинг ҳам маблағини, ҳам вақтини иқтисод қилиши кундай равшан. Фақат ундан тўғри фойдаланиб, ишлаш тартибини ўрганиш кифоя.
Дилмурод Тўхтаев.