Булунғурда Амир Темур даври жонлантирилади

Булунғур тумани ҳудудида жойлашган, Амир Темур даврида бунёд этилган Шерозқалъа археологик ёдгорлиги негизида қадимий шаҳарча концепциясини шакллантириш ҳамда янги туризм йўналишини ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Мазкур лойиҳа доирасида Шерозқалъа ҳудуди тарихий меъморий қиёфасини сақлаган ҳолда реставрация қилиниб, Амир Темур даврини акс эттирувчи очиқ осмон остидаги тарихий-маданий мажмуага айлантирилади. Қадимий шаҳарча концепцияси асосида ҳудудда ўша даврга хос меъморий элементлар, савдо расталари, ҳунармандчилик устахоналари ҳамда тарихий саҳналарни намойиш этиш учун махсус майдонлар ташкил этилиши кўзда тутилган.

Лойиҳа доирасида сайёҳлар учун Амир Темур даврига оид лашкарлар юриши, хон қабули, ҳарбий машғулотлар, сарой маросимлари каби театрлаштирилган саҳналар намойиш этилади. Шунингдек, Шерозқалъа археологик ёдгорлиги атрофида туризм қишлоғи ташкил этиш кўзда тутилган. Унда миллий услубдаги меҳмон уйлари, миллий ошхоналар,   ҳунармандчилик маҳсулотлари савдоси, фольклор ва маданий дастурларни намойиш этиш учун майдонлар барпо этилади. Келгусида Шероз қалъа қадимий шаҳарчасининг республика миқёсидаги йирик туристик лойиҳалардан бирига айланиши, ички ва ташқи туризм оқимига сезиларли даражада ошишига хизмат қилиши кутилмоқда, дея хабар берилмоқда Булунғур туман ҳокимлиги расмий саҳифаларида.